Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:45

Ўзбек футболчиларининг бозори чаққон бўлиб бормоқда


Ўзбекистон терма жамоаси, 2011 йил 21 январ, Доха, Қатар
Ўзбекистон терма жамоаси, 2011 йил 21 январ, Доха, Қатар

Қатар пойтахти Дохада 7–29 январ кунлари бўлиб ўтган Футбол бўйича 2011 йилги Осиё кубоги мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли қатнашганидан кейин Халқаро футбол федерацияси жамоа рейтингини 31 поғонага кўтарди.

Ўзбекистон терма жамоаси ҳозирда дунё футбол рейтингида 77-ўринга кўтарилди.

“Осиё кубоги мусобақаларида ўзбекистонлик футболчилар кўпчиликнинг назарига тушди ва уларга талаб ортиб бормоқда”, деб ёзди Спорт.ру сайти.

Дохадаги мусобақа тугамасдан Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Шавкат Муллажоновнинг янги клубда тўп суриши маълум бўлди. Муллажоновнинг Олмалиқ жамоаси билан шартномаси тугаётган бир пайтда унга Қатарнинг Ал-Аҳли клубида ўйнаш ҳақида таклиф берилди. Шавкат Қатар футбол клубида ўйнайдиган иккинчи ўзбекистонлик легионер бўлди.

Ҳозиргача Жасур Ҳасанов Қатарнинг “Лехвию” жамоаси сафида ўйнаган биринчи ўзбекистонлик футболчи эди.

Куни кеча Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Сервер Жепаровнинг қайси клубда ўйнаши маълум бўлди. Сервер Жанубий Кореянинг “Сеул” жамоаси билан уч йиллик шартнома имзолади.

Эслатиш жоизки, бу йилги футбол мавсумида “Сеул” Осиё чемпионлар лигаси мусобақасида иштирок этади. Шу боис Сервер Жепаров ўзининг собиқ жамоаси “Бунёдкор”га қарши майдонга тушиши мумкинлиги эҳтимолдан ҳоли эмас.

Айни пайтда Тимур Кападзе ҳам Жанубий Кореянинг “Инчхон Юнайтед” жамоаси сафига қўшилишга қарор қилди. Жанубий Кореянинг “К” лигаси энг кучли лига ҳисобланади. “Инчхон Юнайтед” ўтган йил бу лигада атиги 11-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир ҳимоячиси Анзур Исмоилов Тошкентга қайтганидан кейин уни Хитойнинг “Чанчун Ятай” жамоаси ўз таклиф қилди. Олдин бу жамоа таркибида ўзбекистонлик футболчилар Владимир Шишелов ва Садриддин Абдуллаев тўп сурган.

Қатарда мусобақа тугаши билан ўзбекистонлик ёш футболчиларнинг бозори чаққон бўлиб кетди. Чет эл клублари ўзбекистонлик ўйинчиларга катта қизиқиш билдирмоқда.

Бу йилги Осиё кубоги мусобақасида кўпчилик назарига тушган асосий қаҳрамон “Пахтакор” жамоаси ўйинчиси Одил Аҳмедов бўлди.

Ҳозирда Россиянинг “Рубин”, “Локомотив”, “Динамо”, Махачкаланинг “Анжи”, шунингдек, Саудия Арабистони ва Қатардаги футбол клублари Одил Аҳмедовга катта қизиқиш билдирган. 23 ёшли Аҳмедов Осиё Кубоги мусобақасининг барча олтита ўйинида иштирок этиб рақиб дарвозасига икки марта тўп урган. Унинг Қатар миллий жамоаси дарвозасига киритган тўпи, аксар спорт нашрлари фикрича, мусобақадаги энг чиройли гол сифатида эътироф қилинган.
XS
SM
MD
LG