Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:19

Тожик журналистларига “сувни лойқалатмаслик” тавсия қилинди


Тожик расмийлари фикрича, мамлакат оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳақида чоп этилаётган танқидий материаллар икки қўшни давлатнинг бундан буёнги алоқаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Тожик расмийлари фикрича, мамлакат оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳақида чоп этилаётган танқидий материаллар икки қўшни давлатнинг бундан буёнги алоқаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Тожикистон расмийлари республика оммавий ахборот воситалари вакилларини тожик-ўзбек алоқаларига оид масалада жуда эҳтиёткорлик билан мулоҳаза билдиришга чақирмоқдалар.

Сўғд вилояти раисининг биринчи ўринбосари Жумабой Сангиновнинг айтишича, сўнгги пайтларда журналистлар тожик-ўзбек муносабатларига оид масалада мақола ёзишганда чидаб бўлмас “эркинлик”ка йўл қўйишмоқда. Тожикистон мухбирлари қўшни давлат сиёсати ва раҳбарларига нисбатан билдирилаётган фикрлари журналистика этикаси чегараларидан чиқиб кетишмоқда.

- Журналистлар, оммавий ахборот воситаларининг барча вакиллари тожик- ўзбек алоқаларига доир масалани ёритишда жуда ҳам эҳтиёткорлик билан ёндошишларини сўрайман. Чунки эҳтиётсизлик билан айтилган, ёзилган битта сўз, бита фикр икки республика алоқаларига салбий таъсир қилиш мумкин. Сизларга эслатиб ўтиш жоиздирки, 2001 йилдан буён Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган абадий шартнома мавжуд ва бу шартнома ҳанузгача ишламоқда, - деди Жумабой Сангинов.

Унинг сўзларига кўра, икки республика раҳбари яқинда Москвада жуда илиқ суҳбат ўтказди, лекин айрим журналистларнинг мана шундай позитив ўзгаришларни сезмаётганлиги ташвишли ҳолдир.

- Дарҳақиқат, сўнгги пайтларда ўзбек-тожик алоқаларида илиқлик сезилмоқда. Мана шунинг учун ҳаммамиз қўшни Ўзбекистон билан бўлган дўстлик ва ҳамкорликни кучайтиришга, мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу ишда журналистларнинг ҳам ҳиссаси салмоқли бўлиши керак. Айтмоқчиманки, фикрларимиз бу борада позитив, бунёдкорона бўлмоғи керак. Территориал яхлитлик масаласида эса бирорта журналист давлат раҳбари ёки ўз номидан фикр билдиришга ҳаққи йўқ, - деди вилоят ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари.

Айни пайтда айрим тожикистонликлар икки давлат расмийлари оммавий ахборот воситаларга тавсия бериш ўрнига ўзаро муносабатларни тузатишга уринсалар, мақсадга мувофиқроқ бўларди, дея фикр билдирмоқдалар.

- Дарҳақиқат икки давлат раҳбарларининг муносабатлари яхшиланиши ўрнига кун сайин тундлашмоқда. Бу эса икки халққа ҳам ўз таъсирини ўтказаяпти. Оқибатда асрлар давомида ён қўшни бўлиб яшаган халқлар бир- бирига ёв қарамоқда. Шунинг учун ҳам айрим ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари тожик-ўзбек муносабатларининг ривожланишига эмас, балки совуқлашишига олиб келувчи тадқиқотлар ўтказишмоқда, мақолалар чоп қилмоқда, - дейди Тожикистон Социал-демократик партия раиси Раҳматулла Зоиров.

Таҳлилчилар расмий Тошкент тўнини тескари кийиб олишида Тожикистоннинг ҳам айби борлигини ҳам айтишмоқда. Овозини эшиттирмаслик шарти билан гапирган тарихчи Тимур Дадабоевнинг айтишича, “яхши қўшничилик, ўзаро ҳамкорлик борасида имзоланган шартномалар талаблари кўпинча давлат раҳбарларининг кек сақлаши, шахсий амбицияларига зўр бериши ортидан бажарилмай қолаётир.

- Боз устига, бугунги кунда республикалар мустақил, бир-бирига қарам эмас. Бугунги мунсабатлар бозор муносабатларидир. Пулини тўла, молини ол. Бизда эса насияга олишга ўрганиб қолишган. Ўрганган кўнгил, ўртанса қолмас. Оқибатда эса оддий халқ жабр кўрмоқда, холос, - дейди Тимур Дадабоев.

Бошқа суҳбатдошларимиз эса 2009 ва 2010 йил бошида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг бутунлай совиб кетгани ва ниҳоят энергетика ҳамкорлигига ҳам нуқта қўйилганида кўпроқ оммавий ахборот воситаларини, хусусан, ўзбек-тожик алоқаларининг тикланишини истамаётган Россия журналистларини айбламоқдалар.

- Рости гап, Россия журналистлари чоп қилаётган мақолалардан “буюртмачининг ҳиди” келиб туради. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, қайсидир россиялик журналист Россиянинг қайси бир шаҳрида туриб, воқеа жойида бўлмай, Тожикистон ёки Ўзбекистонга оид мақолани чоп қилади. Воқеа жойида бўлмай, ўз кўзи билан кўрмай туриб, фақатгина фантаст ёзувчиларгина ёзишлари мумкин, - дейди тарихчи Муҳсин Тўраев.

Мутахассиснинг фикрича, бундай мақолалар тожик-ўзбек муносабатларини янада совутиш, икки халқ ўртасида жанжал чиқаришга қаратилган. Бу наинки ўзбек ва тожикнинг, балки бутун минтақа аҳолисининг бир-бирига яқинлашишини сира истамаётган учинчи кучларнинг сиёсий ўйинидир.
XS
SM
MD
LG