Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:25

Биз билмаган Навоий


Алишер Навоий портрети.
Алишер Навоий портрети.

Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудига 9 феврал куни 570 йил тўлди. Айни пайтда Ўзбекистонда Навоийнинг иконага айлантирилган сиймоси мавжуд. Навоий таржимаи ҳолининг биз билмаган нуқталари бор, дейди Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик олим Иброҳим Ҳаққул ва шоира Дилором Исҳоқ.


Чўлпон орзуси

Шоир Абдулҳамид Чўлпон 1924 йилда "Туркистон газетаси"нинг 23 сентябр сонида "500 ëш" номли мақола ëзиб Алишер Навоий номини тарғиб қилишга миллат зиëлиларини чорлайди. Бу мақоладан 87 йил ўтиб орқага қарасак, Чўлпон таклиф қилган ғояларнинг деярли ҳаммаси ижобат бўлганини кўрамиз.

Мана ўша мақола:

500 йил
Чўлпон

(ЎЗБЕК БИЛИМ ҲАЙЪАТИ ЭЪТИБОРИГА)

"Чиғатой адабиёти ва тилига Навоийнинг қилғон хизмати жуда улуғдир. Бу кунги янги ўзбек адабиёти ва унинг бу кунги содда шеваси, менимча, ўша чиғатой шевасидан ўзга эмасдир. Баъзи бир кишилар, Навоийдан анча кейин чиққан адиб ва шоирларимиздан бир-иккита соддароқ ёзғонларини ушлаб олиб, уларни ҳаддан ташқари кўтармак билан наригини бир қадар туманлашдирмоқчи бўлсалар ҳам, Навоий ўзбек тили ва адабиётида тегишлик юксак мавқеъини олғондир. Усмонли адабиётининг энг улуғ вакили бўлғон Фузулийни машҳур усмонли ёзғучиси Шамсиддин Сомибек Навоийдан кейинга қўйиб, кўрсатадир. Мана бу ҳам, Навоийнинг биргина ўзбек қавми адабиётида эмас, умум турк халқи адабиётида ҳам ўзига яраша жой олғонини кўрсатадир.

Тарихларнинг кўрсатишиға қарағонда шу бир йил — бир ярим йил орасида улуғ Навоийнинг вафотиға 500 йил тўладир... 500 йил ўзбек-чиғатой адабиёти тарихига аллақанча нарсалар берган, унда қанча ўзгаришлар ясағон, жуда узун бир муддатдир. Ўз адибларига 5—6 асрлик бир тарих яшата билган халқлар унча кўб эмасдир. Демак, бизга ҳам шу бир йил орасида шундай катта бир шодлиқ, катта бир байрам ўтказишга тўғри келадир.

Ватандошларимиз руслар Пушкиннинг ҳар 5 йили учун ҳам катта байрамлар ясайдирлар. Ғарбда эса ундай байрамлар жуда катта тантаналар билан ўтказиладир. Бу тўғрида гапни чўзиб ўлтириш ҳожат эмас. Кўз билан кўрганимиз ҳам етиб ортарлиқдир.

Шунинг учун мен айтмоқ истайманким, Навоийнинг 500 йиллигини биз ҳам тегишлик даражада тантана билан ўтказишга шу топдан ҳозирлана бошлайлиқ. Бу йўлда мен қуйидағи чораларни таклиф қилиб, ўзбек билим ҳайъатининг диққатини шунга жалб қилур эдим:

1. Ҳозирдан бошлаб яралиқ кишиларимиздан бир ҳайъат ташкил қилиб, 500 йиллик байрамни мумкин қадар тантана билан ўтказиш йўлини топмоқға ўшал ҳайъат вакил қилинсун.
2. Ҳайъат Навоийнинг босилмағон асарларини топиб, босдиришға лозим кўрулгонларини байрамгача босдириш чорасини кўрсун.
3. Навоийнинг мукаммал таржимаи ҳоли ёздирилсун.
4. Навоийнинг шеваларидан терма бир асар тузулуб, нафис қилиниб босдирилсун.
5. Навоий номиға юқори ўқуш юртларининг адабиёт-тил факултетларида ўзбек талабалари учун стипендиялар очилсун.
6. Ўзбекистоннинг пойтахтида Навоийға ҳайкал тикилсун.
7. Баъзи бир ўзбек шаҳарларининг кўча исмлари Навоий отиға қўюлсун."


Мақолада келтирилган таклифларнинг деярли ҳаммаси амалга ошибди, дейди навоийшунос олим, профессор Иброҳим Ҳаққул.

Шоира Дилором Исҳоқ назарида, Алишер Навоий “ғазал мулкининг султони” деб айтилаëтган пайтда, у кишининг сиëсий фаолияти сояда қолмоқда.

- Бу нарса ҳеч гапирилмайди. Балки шундай илмий асарлар бордир. Мен билмайман. Лекин матбуотда умуман Навоийнинг бошқа томонлари кўп ҳам очилмайди, дейди Дилором Исҳоқ.

- Мукаммал бўлмаса ҳам, илмий таржимаи ҳоли ëзилди. 5 томлик Ўзбек адабиëти тарихи борку, ўшанинг иккинчи томи Алишер Навоийга бағишланган. Олдинроқ 1944 йилгача 1944 йилда юбилей бўлади, деб ишга киришганида Евгений Бертельс ëзган, Олим Шарофиддинов ëзган, Садриддин Айний ëзган таржимаи ҳолини. Шулар асосида кейин беш томликда мукаммал демасак ҳам, энди уни мукаммал ëзиш ҳам қийин, чунки тарихий асарларнинг ҳаммаси ўрганилмаган, кейин тарихий асарларда таржимаи ҳолнинг ҳаммаси саҳифалари акс этмаган, дейди адабиëтшунос олим Иброҳим Ҳаққул.

Озодлик: Давлат раҳбари, сиëсий раҳбар сифатидаги фаолияти, Астрободга раҳбар бўлиши, урушлар олиб бориши уларда қанчалик акс этган?

- Ҳусайн Бойқаро билан дастлабки йилларда бирга бўлиб кейин Ҳусайн Бойқаро нимага кетади. Навоий Машҳадда ўқишни давом эттиради. Ўша икки йиллик нимадан кейин булар учрашди дейди. Ундан кейинги ҳаëтининг баъзи саналари тўлиқ ëритилган эмас. Лекин умуман олганда, бугун бир ўқувчига етказадиган, қаноатлантирадиган таржимаи ҳоли борда, дейди Иброҳим Ҳаққул.


Навоий нега уйланмаган?

Авом орасида “Навоий нега уйланмаган?” деган савол мутойиба қилинар экан¸ Ғарб шарқшунос олимлари Навоий гей¸ яъни бесоқолбоз бўлган деган иддао дарахти заминига сув сиздиришади. Улар назарида Навоий асарларидаги муғбача васфи бунга мисолдир. Ўзбекистонлик шоира Дилором Исҳоқ гапиради.

- Улдис Берзиньш деган бўларди. Таржима қилган Муҳаммад Солиҳни, ҳозир Қуръонни таржима қилган. Ана шу йигит Ўзбекистонга келган пайтда, Навоий ҳақида шу фикрни билдирган. Мен жуда ҳам даҳшатга тушиб кетганман ўшанда. “Қандай мумкин шунақа бўлиши” деганимда, “Ҳатто асарларидан билиниб туради. Лайли ва Мажнунни тасаввур қилинг дейди. Мажнун Лайли кетаëтган туянинг, нима дейди, тизгин дейдими, ўшанисидан ушлаб олиб кетаяпти. Лекин у ерда Лайли кетаëтганини билмайди. Лайлидан кўра, аëлдан кўра ўзининг ичида кечаëтган муҳаббатни кўпроқ севади” деб уни мана шундай ғалати гаплар билан тарихий факт деб ишонтиришга ҳаракат қилган. Биз нима ўйлашни билмаганмиз. Чунки уларда имконият кўпроқ архивларни ўқиш. Айнан Навоийни шундай деган. “Шунинг учун уйланмай ўтиб кетган. Чунки у кўпроқ ëш йигитларни севган” деган бир гапни гапирган. Ўшанда Рауф Парфи, Иброҳим Ҳаққулов жуда ҳақоратланишган. Лекин шу гап бўлган, дейди Дилором Исҳоқова.

Професссор Иброҳим Ҳаққул бу масалага ойдинлик киритади.

- Табиий уйланмаган. Энди унинг жавоби ҳозир ҳеч ким қатъий қилиб, “Нима учун уйланмади?” деганига тахминлар бор. “Айни йигитлик пайтида турмуши қийин бўлган. Самарқандда юрган, Абу Саид бунга душманлик билан қараган” деган гап бор. “Ўша пайтда хорлик-зорлик тортган, уйланмаган” деган бир вариант бор. “Бир қизга уйланаман деган. Кейин у қиз эрта вафот этган. Шунинг учун уйланмади” деган бир вариант бор. “Нақшбандийлик тариқати бўйича тажвидда яшаш керак. Тариқат қонун-қоидасига риоя қилган. Балки шунинг учун уйланмаган” деган вариант бор. Лекин буларнинг бирортаси ҳам бугун қатъий қилиб “Мана шу сабабга кўра уйланмади” дейишга асос бера олмайди. Бу энди шундай бўлган, уйланмаган. Буни на Бобур айтади, на Хондамир айтади. Бобур табиатининг инжиқлиги ëки асарлари, дўстлари давраси ҳақида гапирадию, лекин “Навоий нимага уйланмади?” деган гапга Бобурда ҳам жавоб йўқ. Кейин бачча билан боғлиқ гап дедингизми?

Озодлик: Ҳа, баччабоз.

- Йўқ, энди у, мен масалан шахсан бу гапни бемаъни гап деб биламан.

Озодлик: Шеърларида васф қилинганку.

- Йигит деган, йигит болалар деган нима у “муғбача” деган гаплари бор. Умуман бунақа бемаъни ишга алоқаси йўқ. У тасаввуф билан боғлиқ масалалар. Муршиднинг ëнидаги йигитлар борку, баланд йигитлар, “ўшаларга ошиқ бўлдим, ўшаларнинг чиройидан баҳра олдим” деган гапларнинг баччабозликка ҳеч алоқаси йўқ нарсалар, дейди Иброҳим Ҳаққулов.

Алишер Навоийнинг нима учун уйланмаганлиги замон-дошлари учун ҳам сир эди. Бу сирдан воқиф бўлиш уринишлари бўлган.

«Бобурнома»дан:

«Алишербек... ўғил ва қиз ва аҳлу аёли йўқ, оламни тавре фард ва жарийда (якка ва ёлғизлик билан) ўткарди».

«Бадоеъ ул-вақоеъ»дан (Восифий ҳикоя қилади):

«Алишер уйланмаган эди. Бунинг сабаблари замонанинг ҳамма кишиларини қизиқтирар эди. Султон Ҳусайн мирзо Атишернинг уйланмаслигига сабаб унинг «этаги поклиги» ва нафсоний шаҳватга майли йўқлиги, яъни ахлоқий жиҳатдан жуда юксаклиги, илм-фан ва шеъриятга берилганлиги, деб ҳисоблар эди.Султоннинг севикли хотини Хадичабегим эса бунинг сабабларини бошқача деб тушунар эди. Ҳақиқатни аниқлаш учун Хадичабегим ўзининг жуда ҳам гўзал канизакларидан Давлатбахтни Алишернинг уйига юборди. Давлатбахт турли баҳоналар билан Алишернинг уйида тунаб қолди. Тунда қиз Алишернинг қўйнига кирди... Давлатбахт эрталаб Хадичабегим олдига жуда хурсанд қайтиб, бутун воқеани айтиб берди. Натижада Султон Ҳусайн мирзонинг фикри тасдиқ бўлди ва Хадичабегимнинг ҳам Алишерга ҳурмати аввалгидан юз мартаба ортди» Мирзо Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий» асаридан: «Мир Алишернинг нозикликдан ва тез ранжишликдан бошқа ҳеч айби йўқ эди»


Навоий шиа бўлганми?

Асли исми Низомиддин бўлган шоирнинг Алишер Навоий тахаллуси остида ижод қилгани, шеру арслонлар суратларини чизишни хуш кўргани ва ғазалларида Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳуни васф қилгани боис шиа эканлиги иддао қилинади.

Профессор Иброҳим Ҳаққулга кўра Алишер Навоий шиа бўлмаган.

- Бизнинг катта одамларимизга қўйиладиган қандайдир айб деймизми ëки уларнинг ҳаммасини шиа қилишга уриниш бўлган. Масалан¸ ўша Амир Темурнинг қабр ëзувидаги гапларда унинг қандайдир шиаларга майли бор¸ деб кўрсатилган. Ундан ташқари Ҳусайн Бойқарони очиқ-ойдин шиаликка майли бўлган. Ўша тахтга ўтираëтган пайтда шиа қонун-қоидаси бўйича “Мен тахтга ўтираман. Тахтни қабул қиламан” деганда унинг атрофидаги сунний олимлар, жумладан Алишер Навоий ҳам йўлдан қайтариб уни суннийлик қонун-қоидаси бўйича тахтни қабул қилишга рағбатлантирган. Ҳусайн Бойқаронинг шиаликка майли, шиалик дегани ҳам бир диний мазҳаб, ҳам сиëсат. Бу ерда сиëсий кураш ҳам, сиëсий уринишлар ҳам ўзининг ифодасини топади. Шунинг учун султон Ҳусайн Бойқаронинг шиаликка майли бўлган. Чунки Исмоил Сафавий шиа асосида катта салтанат қилиб шиалик қудратини кўрсатган.

Алишер Навоийда шиаликка кескин нафрат деймизми, кескин қаршилик бўлмаса ҳам, очиқ-ойдин Ҳусайн Бойқарога қарши ҳам чиқмаган. “Назмул жавоҳир” деган асари Ҳазрати Алининг ҳадислари бўйича шеърга солинган рубоийлар китоби Ҳусайн Бойқаронинг шиаликка майли ҳисобга олинган тарзда ëзилган. “Майли сен тахтни мана бундай қилмадинг, лекин сенинг Ҳазрати Алига майлинг бор экан. Мана, дейди, йўқ қабр”. Масалан¸ Мозори шарифда йўқ қабр. Ҳеч қачон Ҳазрати Али у ëққа келмаган. Яъни шу ерда шунинг қабри бор дегани Ҳусайн Бойқаро у ерда жуда катта мақбара қилдирган. Шу даражада интилиши бўлган. Лекин нимани қарайдиган бўлсак, Навоийнинг Жомий билан муносабати. Жомий шиаларни бир оғиз бундай маломат қилгани учун Сафавий унинг мақбарасига ўт қўйдиради.

Энди Жомий билан Навоий устоз ва шогирд экан, пиру муршид экан Навоий ҳеч қачон шиа бўлиши мумкин эмас. Бу шиа-сунний дегани қаерда машҳур одамлар бўлса, шиалар у ëққа тортган, суннийлар бу ëққа. Хусусан¸ шиаларнинг интилиши бу маънода кучли бўлган. Шунинг учун бу бир асосли гап эмас. Ҳатто Аҳмад Яссавийни ҳам шиа қилишга уринишлар ëки “Аҳмад Яссавий шиа” деб ëзишлар бор, бўлган. Шунинг учун бу гапларга нисбий деб қараш керак.

Озодлик: Энди унинг тили масаласида. Навоийнинг ўзи айтадики, “Ман на туркман, балки туркман” дейди. Туркий тилда ëздим деб жуда кўп айтади. Ўзбек тилида деган сўз йўқ. Лекин Чўлпон “Чиғатой адабиëти ва тилига Навоийнинг қилган хихмати жуда улуғдир” деб бошлайди. Бу нима дегани?

- Энди чиғатой адабиëти дегани Чингизнинг ўғли Чиғатой территориясидаги яшалган, ўша территорияда пайдо бўлган адабиëт ëки тил ҳақида шунақа тил дейилган. Лекин бунинг Чиғатойга алоқаси йўқ. Бу нисбий гап. Чиғатой дегани аниқ ҳақиқати йўқ нарса. Навоийнинг тили эски, бутун дунëда чиғатой тили деб эътироф этилган тил бўйича ëзилган. Бобур энди “Андижон шевасига, сўзлашув тилига тўғри келарди” деган.

Бугунги тилга, ҳамма тиллардан кўра¸ масалан¸ Навоийни уйғурлар ҳам ўзига тортади, бошқаси ҳам ўзига тортади, лекин Навоий тили бугунги ўзбек тилига гарчи у пайтда ўзбек деган ном ишлатилмаган, ўзбек деган номни Бобур ҳам салбий маънода ишлатган, туркий уруғлардан биттасининг номи бўлган у, кейин халққа бу ном берилган. Шунинг учун чиғатой тили деб келинган тил Навоийнинг асарларига мос келадиган тилда.

Озодлик: Раҳматли Шукур ака Холмирзаев билан Бойсунда учрашганимизда, анча бўлиб қолди бунга, “Навоий ўзбек бўлган ва ўзбекнинг туëқли уруғидан” деб бир ҳужжат келтиргандай бўлди. Бунга аниқлик киритилганми?

- Йўқ, унақа аниқлик киритилмаган. Айнан ўзбек деган унақа гап йўқ.

Озодлик: Ўзбекнинг 90 уруғи бўлиб, ўшалардан биттаси туëқли экан. Ўша туëқли уруғига мансуб¸ деган эди.

- Йўқ, йўқ, йўқ. Масалан¸ мeн бирор жойда бундай қайд ëзилганини ўзбек уруғига мансуб деган гапни, энди ўзбек деган сўз:

Ўзбагим бошида қалпоқ,
Эгнида шилдоғи бас

деган сатрлари борку бобонинг. Кўп уруғлар қатори ўзбек уруғини ҳам тилга олиб мақтаган. Лекин бу мен ўша уруғга мансубман ëки Навоий тили бу, ўзбек деганда асосан Дашти қипчоқдан келган Шайбоний авлодлари тушунилган тўғрими? Бобур мўғул билан ўзбекни фарқлайди. Навоийникини у тилга мансуб деб бўлмайди.


Нега Навоийни совет мафкураси олқишлади?

Озодлик: Нега атеист мафкура соҳиби бўлган шўролар улкан исломий эътиқод эгаси Навоийни совет халқига ўрнак қилишди?

- 1937 йилдан бошлаб Сталиннинг ташаббуси билан байроқ қилиш учун катта шоирлар танланган. Масалан, руслардан Пушкин танланган. Пушкиннинг танланишига сабаб Николай подшони қоралаб шеърлар ëзган, оппозицияда бўлган. Сталиннинг ташаббуси билан минг-минглаб тиражда Пушкиннинг асарлари нашр қилинган. Ҳар бир халқдан классиклар топилиб зулмни қоралайдиган подшога қарши куч сифатида таърифлаб, мафкураси учун фойдаланмоқчи бўлган. Энди Навоий шуларга маълум маънода мувофиқ тушган дастлаб. Кейин Навоийга ҳам иккиланиш бўлган “бу сарой шоири, сарой учун хизмат қилган” деган.

Кейин катта-катта Бертельсга ўхшаганлар “Йўқ, ўзи бу моҳияти халқчил шоир. Бу катта шоир. Туркий халқлар адабиëтининг марказий сиймоси бу” дегандан кейин Навоийни оқлаб, уни кўтара-кўтар қилган. Лекин Навоийни кўтарган билан Навоийнинг дин билан боғлиқ жиҳатини ўрганиш тақиқланган¸ тасаввуф билан ўрганиш тақиқланган. Навоий ижодининг асосий моҳиятини гапириш тақиқланган. Чала Навоий бу. Шунинг учун Навоий деган билан ўзбек халқи ўша бутун совет шўро давомида Навоий ижодининг туб моҳиятини тушуниб етгани йўқ. Шунинг учун ҳам бугун Навоий ҳақида тасаввурлар чала. Чунки бошидан ўрганиш тўғри бўлмаган. Мафкуравий қараш, синфий, партиявий қарашлар жорий қилиб, ўша нуқтаи назардан баҳо берилганда. Навоийни холис санъаткор сифатида баҳо берилган ишлар деярли бўлмаган.

Озодлик: Сийқа тасаввурлар ҳосил қилишда Уйғун ва Иззат Султон ижодига мансуб Навоий спектакли роли қандай? Унинг яхши-ëмон тарафлари бўлганми?

- Биласизми, у оддий халққа, оломон даражасидаги халойиққа мўлжалланган бир асар. Ўша пайтда агар Навоийни шунақа халқпарвар қилиб кўрсатмаса ëки Навоийни халққа оддий тарзда тушунтирмаса, аввало халқ қабул қилмаган, иккинчидан доим Навоийдан хавф бўлган, у вазир бўлган, Ҳусайн Бойқаронинг ўнг қўли бўлган, феодал жамиятнинг йирик арбоби бўлган деган айб доим Навоийда турган. Ана шундан қутқариш учун, халққа етказиш учун, Навоийни халқдан узоқлаштирмасликнинг йўли топилган. Ҳар қалай у асарнинг ўзига хос бир фазилати деймизми, яхши жиҳатлари бор. Омма, ҳали Навоийнинг номини ҳам билмаган омма ҳарқалай Навоийга қизиқа бошлаган. Ўша асар орқали Навоий асарларни ўқишга йўл очилган маълум бир маънода. Бугунги кунда баъзи саҳналарни ўқиб бировлар ҳаяжонланмаган. Бугун энди ўқилмайди у асар, дейди Иброҳим Ҳаққулов.


Бугун биз Навойни биламизми?


Биз на бугун ва на кеча Навоийни билганмиз, дейди шоира Дилором Исҳоқ.

- Навоийни ҳозир ҳам ўқишмайди, ҳозир ҳам тор доирадаги мутахассислар билади. Болалар умуман билмайди. Бизларнинг давримизда ҳам мана шу муаммо кўтариларди. Навоийни кўпчилик билмасди. Биламиз Навоий борлигини, бўлганини, туғилган йилини. Оддий инсонлардан, адабиëтдан йироқроқ одамлардан аввал сўрасангиз ҳам, ҳозир сўрасангиз ҳам, ўша пайтда Навоий ва Гули ҳақидаги бир филм бўларди, ана шу филмни гапириб беришарди. Ҳозир ўша филмни ҳам билишмайди, дейди Дилором Исҳоқ.

Навоийни бугунги авлод биладими, деган савол олдида навоийшунос олим Иброҳим Ҳаққулнинг фиғони фалакка чиқди.

- Бир нарсага эътибор қилиш керак. Классик адабиëт қачон ўрганилади? Қачонки мувосир адабиëтга қизиқиш бўлса. Замонавий адабиëт орқали классик адабиëтга бориш осонлашади. Бугун замонавий адабиëтга қизиқиш йўқ. Эҳтимол шунинг учун ҳам ëшларнинг Навоийга ëки классик адабиëтга қизиқиши йўқ. Бугун китоб ўқишга ўзи ҳафсаласи қолмаган кўпчиликнинг. Олдин мана бу масалаларни ўрганиб ҳал қилгандан кейин айтиш керакки янги тадқиқотчи чиқадими¸йўқми. Бу аҳволда чиқмайди ëки мана бундай бўлса чиқади¸ деган гапни ундан кейин айтиш керак. Фузулий айтадику,

Мандан тама этма сўзи соҳиб,
Аҳволимадур сўзим муносиб.

Одамнинг сўзи доим аҳволига муносиб бўлади. Унинг аҳволини билиб, кейин сўзи ҳақида гапириш лозим. Шунинг учун менинг бошим шишган нимага бунақа? Адабиëт ҳақида бугун адабиëтчи билан гапириб бўлмайди. Тўрт оғиз бамаъни ижод ҳақида гапирадиган одамни топа олмайсиз. Мана шу аҳволга келган. Олдин буни ҳал қилиш керак. Адабиëт ундай, адабиëт бундай деб баъзан гапираëтган одамларнинг аксарияти ëлғончи одамлар. Оддий нарса ҳақида тўғри гапириш туйғуси йўқ кўпчиликда.

Озодлик: 2011 йил феврал ойи учун муҳим байти нима?

- Навоийнинг қайси ғазалини ўқисангиз, мўъжиза бўлиб келаверади. Масалан мен ўзимга такрорлайман:

Кўнгил ичра ғам камлиги асл ғамдир,
Алам йўқлиги дағи қаттиқ аламдир.

Беғамликдан қочиб, аламсизлик билан яшаб ҳайвондай яшашдан қочишга даъват қиладиган байт дейлик шуни.

Одамий эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

Бу байтни 1000 йил такрорлаш мумкин.

Навосиз улуснинг навобахши бўл,
Навоий ëмон бўлса, сан яхши бўл.

У шунақа санъаткор. Номига кўтара кўтар қиладиган, моҳияти пуч ëки моҳиятида теранлик йўқ санъаткор эмас. Навоийни ўқисангиз, ўшанинг ичидан халқ пайдо бўлаëтганини, тафаккур янгиланаëтганини, кўп нарсани биласиз. Навоийни ўқиб ғариб бўлиши мумкин эмас одам, дейди Иброҳим Ҳаққул.


Эркка чорлов

Саройлар кунжагида, ҳукмдор зулми остида эмас, балки ўз уйингда эмин-эркин яшаш ҳақиқий бахтиëрликдир. Бу шоир Навоийнинг асрлар қаъридан туриб бугун биз учун айтган гапи.

Садди Искандарий достонида золим подшо зулмидан қочиб ўз эркига қовушган кабутар ҳикояси бор. Бу ҳикоя испан рассоми Пабло Пикассо чизган суратнинг фалсафаси эмасмикан.

Вале зулми даврон солиб инқилоб,
Қилиб эрди ул бўлғон уйни хароб.

Кабутар етишгач уйин топмади,
Ва лекин учардан қанот ëпмади.

Басе эл бўлиб том уза донарез,
Учуриб кабутар берар эди рез.

Булар сори ҳеч айламай илтифот
Урар эрди ўз томин истаб қанот.

Басе давр уриб эҳтиëт айлабон,
Бузуғ узра қўнди нишот айлабон.

Ки маънус эрур гарчи вайронадир,
Нетай шоҳ қасринки бегонадир.

Эрур қушқа хушроқ чу боқсанг аëн
Мурасса қафасдан тикан ошиëн.
XS
SM
MD
LG