Линклар

Wikileaks: Тоҳир Йўлдош Тавилдарага беш жанггарисини юборган

  • Гулнора Равшан

Wikileaks сайтининг яқинда ёйинлаган материалида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Абдулло Назаров билан Американинг Душанбедаги элчиси Кеннетс Гросс ўртасида 2009 йили Тавилдара воқеалари атрофида бўлиб ўтган суҳбатлар қаламга олинган.

Жорий йилнинг 3 февралидан 5 февралига қадар Wikileaks веб-саҳифасида Тожикистонга тегишли бешта махфий дипломатик ёзишма чоп қилинди.

Улардан эътиборга молик бўлгани Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ муовини Абдулло Назаровнинг АҚШнинг Душанбедаги элчиси Кеннетс Гросс ўртасида 2009 йил ёзида Тавилдарада кечган қонли воқеалар атрофидаги суҳбатдир.

Wikileaksнинг ёзишича, тожик генерали Абдулло Назаров бу учрашувда АҚШ расмийси Гросс жанобларига Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг раҳбари Тоҳир Йўлдош Тавилдарага беш нафар жанггарисини юборгани ҳақида хабар берган. Назаров иддаоларига кўра, Афғонистондан портловчи моддалар билан Тожикистон шарқига ўтган жанггарилар Американинг Душанбедаги элчихонасини портлатиш борасида буйруқ олган бўлган.

Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ мулозими Абдулло Назаров Озодлик мухбири саволларига жавоб берар экан, Wikileaks саҳифасида нашр қилинган бу маълумотларни тасдиқлади.

- Улар (Тоҳир Йўлдош жанггарилари назарда тутилмоқда, - таҳр.) ўзлари билан портловчи модда олиб кирган эди. Улар Америка элчихонасига кира олмасди, чунки бино яхши қўриқланади. Улар элчихона яқинида портлаш уюштириб, шу йўл билан бу ер нотинч экани ва Тожикистонда одамлар Америка сиёсатига қарши эканини кўрсатмоқчи бўлган. Лекин биз бу шум ишнинг олдини олдик, жанггарилар Душанбега кирмай туриб уларни қўлга олдик, - дея маълум қилди Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ ходими Назаров жаноблари.

Wikileaks саҳифасида нашр қилинган бу суҳбатнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, тожик генерали АҚШ расмийсига “Таблиғ жамоати”нинг тожик жамиятига хавфи ҳақида ҳам маълумотлар берган.

Мазкур веб-саҳифада ёзилишича, Назаров жаноблари “Таблиғ жамоати” борасида ҳам ҳикоя қила туриб, бу гуруҳ ўзларини таблиғчи деб ҳисобласалар-да, унинг фаоллари Тавилдара воқеаларида бевосита қатнашгани маълум эканини билдирди. Назаровнинг айтишича, уларнинг бу ҳудуддаги жанггариларга бирикиш ҳаракатлар кузатилган.

Шунингдек, Назаров: “Тожикистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ташкилотлари “Таблиғ жамоати” аъзолари таъқиб қилинаётганидан бонг уради, аммо агар давлат бу гуруҳга нисбатан шундай қаттиқ қўллик қилмаганида эди, Тожикистон иккинчи Кашмирга айланиб қолган бўлур эди”, деган, - деб ёзади Викиликсчилар.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Абдулло Назаров жаноблари бу ёзилганларни ҳам тасдиқлади.

- Ҳар бир диний ва мазҳабий гуруҳлар фаолияти тартибга солиниб, давлат уни ўз назоратига олмаса, бора-бора булар давлатга гўр ҳозирлайди. Шуни назарга олган ҳолда, мен Америка расмийси билан суҳбатда бу маълумотларни келтириб, Тожикистон бу йўналишда ўзини ҳимоялай олишини уқтирдим, - дейди тожик генерали Назаров.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил декабр ўрталарида ҳам Wikileaks Тожикистонга оид махфий дипломатик ёзишмаларни ёйинлаганди.

Унда президент Имомали Раҳмон бу мамлакат иқтисодини фақат ўз манфаатидан келиб чиқиб бошқариши қаламга олинган эди.

“Мамлакатда президентдан тортиб чеккадаги милиционергача таниш-билишчилик ва коррупция ботқоғига ботган. Раҳмон ва унинг оиласи мамлакатнинг энг йирик банк ва барча корхоналарини назорат қилади”, дея ёзганди Wikileaks ўшанда.

Аммо расмий Душанбе Wikileaksдаги ёзувлар воқеликка тўғри келмаслигини ва бунинг бари кимнингдир уйдирмаси эканини даъво қилганди.

Аснода бир гуруҳ сиёсий таҳлилчилар Wikileaksда тожик жамиятида мавжуд муаммолар ёритилганини урғулашмоқда.
XS
SM
MD
LG