Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:00

Мисрда норозилик намойишлари тўхтамаëтир


Таҳрир майдони. 8 феврал.
Таҳрир майдони. 8 феврал.

Қоҳиранинг Таҳрир майдони ҳамон Ҳусни Муборак истеъфосини талаб қилаëтган ўн минглаб намойишчига тўла. Сешанба куни чорак миллионга яқин намойишчи¸ Муборак ҳокимиятдан кетмагунга қадар¸ норозилик тўхтамаслигидан огоҳлантирди.


Ҳукуматга қарши намойишлар нафақат Қоҳира¸ балки мамлакатнинг бошқа каттаю кичик шаҳарларида давом этар экан¸ АҚШ Миср ҳукуматини бундан 31 йил муқаддам қабул қилинган фавқулодда ҳолатни зудлик билан бекор қилишга чақирди. Президент Анвар Садат ўлимидан сўнг жорий этилиб¸ ҳамон кучда қолаëтган фавқулодда ҳолат¸ Миср хавфсизлик кучларига фавқулодда ваколатлар беришни кўзда тутади.

8 феврал куни Миср вице-президенти Умар Сулаймон билан телефон орқали сўзлашган АҚШ вице-президенти Жозеф Байден¸ Миср полицияси журналистлар ва сиëсий фаолларни ҳибсга олиш¸ уларни калтаклашни тўхтатиши лозимлиги ва мамлакат мухолифати билан кенг кўламли мулоқот бошлаши заруратини таъкидлаган.

Аммо бу суҳбатдан кўп ўтмай Миср вице-президенти Таҳрир майдонида намойишларнинг давом этишига “биз ортиқ тоқат қила олмаймиз”, дея баёнот берди.

Умар Сулаймон 16 кундан бери давом этаётган бўҳронга имкон қадар тез фурсатда чек қўйиш кераклигини таъкидлади.

Расмий MENA ахборот агентлиги хабарига кўра, Сулаймон “режимнинг охири йўқлиги” ва “президент Ҳусни Муборакнинг дарҳол истеъфога чиқмаслиги”ни айтган.

Айни пайтда¸ ҳам Миср ҳукумати¸ ҳам халқига мурожаат қилган МТ Бош котиби Бан Ки Мун иккала томонни ҳам имкон қадар тезликда тартиб ва тинчлик билан ўтиш даврини бошлашга чақирди. Аммо ўз баëнотида БМТ раҳбари Муборак истеъфосини талаб қилмади.

Парламент олдидаги норозилар.
Бу ишни Қоҳиранинг Таҳрир майдонини икки ҳафтадан бери тарк этмаëтган минглаб намойишчилар қилмоқда. Сешанба куни Қоҳира кўчаларига чиққан 250 мингдан ошиқ мисрликларнинг бир қисми¸ 25 январдан бери давом этаëтган намойишлар тарихида илк бор¸ мамлакат парламенти томон юриш қилди.

Мингга яқин юриш қатнашчилари парламент биноси олдида “нолегитим”¸ “нолегитим” дея қичқирдилар.

Юз минглаб намойишчи кечқурунда Таҳрир майдонини тарк этган бўлса-да¸ юзлаб аксилмуборакчилар майдонида тикланган чодирларда тунамоқдалар. Уларнинг талаби ўзгаришсиз қолмоқда:

- Мен Ҳусни Муборак кетишини истайман¸ биз ўз раҳбаримизни ўзимиз танлашни¸ эркинликда яшашни истаймиз. Баримиз эркинлик истаймиз¸ бу эркинлик тупроғидир! дейди Таҳрир майдонида чодир тикиб тунаëтганлардан бири Муҳаммад Зоғбий.

Сешанба куни Таҳрир майдонидаги норозилар сафига ҳукумат хизматчилари ҳам қўшилди. Улар орасида бир неча кундан бери хавфсизлик кучлари томонидан тўсиб турилган Миср университетларининг 5000 дан ошиқ профессор-ўқитувчилари ҳам бор.

Ваел Ғоним телесуҳбатда ўлдирилган мисрликлар ҳақида гпира туриб¸ ҳўнграб юборди.
8 феврал куни Муборакка қарши намойишларнинг қайта жонланишига Google ширкатининг Яқин Шарқ бўйича маъсули Ваел Ғонимнинг икки ҳафталик ҳибсдан озод этилиши ҳам туртки бўлди. Мисрдаги намойишларни ташкил қилишда муҳим рол ўйнаган Ғоним озодликка чиқиши билан Таҳрир майдонига келди ва бу ердаги юз минглаб намойишчилар руҳини кўтариб юборди.

Тўпланганлар олдида сўзлаган Ғоним ўзининг қаҳрамон эмаслиги¸ Мисрда эркинлик бўлиши учун шаҳид кетганларнинг ҳақиқий қаҳрамонлар эканини айтди.

- Ҳозир алоҳида олинган шахслар¸ партиялар ëхуд ҳаракатлар замони эмас. Ҳозир ҳаммамиз бирлашиб фақат бир гапни айтиш вақтидир: Миср ҳамма нарсадан устундир! (оломон унга қўшилади) Миср ҳамма нарсадан устундир! Миср ҳамма нарсадан устундир! (оломон унга қўшилади) Миср ҳамма нарсадан устундир!

Ҳозирча Ҳусни Муборакнинг президентлик муддати сентябр ойида тугаганидан кейин ҳокимиятда қолишга уринмаслик ҳақидаги ваъдаси норозилик намойишлари ҳовурини тушираëтгани йўқ.

Муборак қайта тиклаган вице-президентлик лавозимига тайинланган Умар Сулаймон Миср ҳукумати ҳокимият тинч ўзгариши муддатини белгилагани ва бу ишни қандай амалга ошириш режасига эга эканини таъкидламоқда ва намойишчиларни уй-уйига тарқалишга чақирмоқда.

Аммо бундай ваъда ва чақириқлардан қониқмаëтган мухолифат фаоллари¸ мисрликларни жума куни навбатдаги йирик намойишга даъват қилмоқда.
XS
SM
MD
LG