Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:32

Ўш: Куйган Бобур театрида навоийхонлик ўтказилди


Ўшдаги Навоий ҳайкалининг бугунги қиëфаси...
Ўшдаги Навоий ҳайкалининг бугунги қиëфаси...

Июн воқеалари давомида ўт қўйилган Бобур номидаги Ўш ўзбек театри биносида театр жамоаси ва ўқитувчилар ўтказган "Назм ва наво" кечасида расмийлардан ҳеч ким қатнашмади. Шоирнинг июн воқеалари кунлари бўйнига сиртмоқ солинган Ўшдаги ҳайкали шу кунда ҳам қўллари синиқ, бурни пачоқ ҳолида турибди.


Шоирнинг таваллуд кунига бағишлаб 8 феврал куни ўтказилган тадбирга қатнашганлардан бири, ўшлик шоир Аъзам Раҳимдан мана бундай маълумот олдик.

- Театрнинг мақомчилар ансамбли иштирокида ҳамда шаҳардаги 10-мактабнинг ўқувчилари иштирокида бўлиб ўтди.

Озодлик: Шаҳар ҳокимиятидан вакиллар бўлдими?

- Тадбир расмийларсиз бўлиб ўтди. Хуллас ўтди-да. Байрам нишонланди. Навоийнинг туғилган куни нишонланди куйиб кетган театр биносида, дейди ўшлик шоир Аъзам Раҳим.

Ҳануз куйинди иси анқиб турган театр томоша залида ўтказилган "Назм ва наво" кечасини Ўш давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири Равшанбек Турсунов олиб борди.

Университетнинг Турсунов раҳбарлик қилган Ўзбек филологияси факультети июн воқеаларидан кейин ёпилган.

Июн қирғини давомида кечаги тадбир ўтказилган театрнинг саҳнаси ва томоша залига босқинчилар ўт қўйган эди.

Театр директори, Қирғизистон халқ артисти Бахтиёр Тўхтаматовнинг айтишича, театр томоша залини таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

- Креслоларни бошқатдан обшивка қилаяпмиз. Худо хоҳласа, ремонт нормалний кетаяпти. Тахминан 20 куннинг ичида томошабин зали битади. Кеча гендиректорнинг ўзи, Жўқўрғи кенгес комитетдан Жилдиз келишиб, кўришиб “Ҳамма ëққа ëрдам берамиз. Бир-бир ярим ойининг ичида светларини, ҳамма ëғини қилиб берамиз. Пул бўлинди сизларга” деди. Худо буюрса, икки ойнинг ичида бўлиб қолади.

Озодлик: Навоийнинг ҳайкали бўйича нима янгилик бор?

- Навоийнинг ҳайкали бўйича ҳозирча ҳеч қандай янгилик йўқ. Мен 600та одамнинг олдида “Агарда ҳукумат томонидан бу нарса бўлмайдиган бўлса, ўзимиз қиламиз” деб айтганман. Вазият озгина нормаллашсин, деб пойлаб турибмиз. Ҳозир ҳаракат қилсак, негативний нима олиши мумкин-да. Шунинг учун озгина кутиб турайлик, бўлади бу нарса, дейди Бобур номидаги Ўш ўзбек академик мусиқали драма театри директори Бахтиёр Тўхтаматов.

"Агар ҳайкални ҳукумат таъмирламаса, ўзимиз таъмирлаймиз", деди Бахтиёр ака.

Ҳукуматнинг таъмирлаш нияти борми?

Бу саволни Қирғиз республикаси маданият вазирлиги масъул ходими Айсин Душалиевага бердик.

Озодлик: Ўшда Навоий ҳайкалига зарар етказилганидан хабарингиз бордир?

- Ҳа, биламиз. Ёдгорликларни сақлашга мутасадди Ўшдаги ташкилотлар бу воқеа юзасидан тегишли актларни тузиб, барча материалларни ҳуқуқ-тартибот органларига топширган. Сўнгги маълумотларга қараганда, ҳайкалга кимлар зарар етказганини аниқлаш устида иш олиб борилмоқда.

Озодлик: Ҳайкални қайта тиклаш устида нимадир қилаяпсизларми?

- Барибир қайта тиклаймиз. Ўш шаҳар ҳокимияти бу ишни амалга оширади.

Озодлик: Сиз вакили бўлган Маданият вазирлиги бу иш билан шуғулланмайдими? Масалан, таъмирлаш ишларини молиялаштириш масаласи билан?

- Ҳайкал бўйича материаллар ҳуқуқ-тартибот органларига топширилган ва биз аввал айбдорларни топишимиз керак. Кейин етказилган зарарни, қайта тиклаш ишларига кетадиган сарф-харжатни ҳисоблаб, сметасини тузишимиз керак.

Озодлик: Демак, ҳозирча ҳайкални тиклаш юзасидан конкрет режа йўқ?

- Нега режа бўлмас экан? Ҳайкални барибир қайта тиклаймиз. Биласизку, одатда ҳуқуқ-тартибот органлари айбдорларни топиши лозим. Ана ўшандан кейин режа тузамиз.

Озодлик: Хўп, ҳайкал мана бу муддатда таъмирдан чиқади, деб айта оласизми?

- Муддат... Вақти келиши биланоқ битади. (Рус тилида олиб борилган суҳбат давомида вазирлик вакили саволга жавобан "Как только – так сразу", деб жавоб берган), дея саволларимизга жавоб берди Қирғиз республикаси Маданият вазирлиги масъул ходими Айсин Душалиева.

Алишер Навоийнинг Ўшдаги ҳайкалини таъмирлаш "вақти" қачон "келиши"ни тахмин қилишни осонлаштириши мумкин бўлган иккита фактни келтирамиз.

Яқинда Жалолобод вилоят Олабуқа туманидаги 16-мактабдан Навоий номи олиб ташланди. Мактабга Исҳоқ Раззоқов номи берилди.

Қирғизистон парламенти спикери Аҳмадбек Келдибеков июн воқеалари давомида ёндирилган уйлар ўрнига икки хонали уйлар қуриб бергани учун Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекциясини танқид қилди.

Келдибеков фикрича, ёндирилган маҳаллаларни қайта тиклаш ўрнига кўпқаватли уйлар қуриш керак эди. Бу ҳақда 24 kg агентлиги хабар қилди.
XS
SM
MD
LG