Линклар

logo-print

Каримовнинг Япония сафари поёнига етди

  • Ҳасанжон

Каримов Япония Бош вазири билан.

Каримов Япония Бош вазири билан.

Япония Бош вазири таклифига биноан 8 феврал куни Токиога расмий ташриф билан борган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Япония раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказди.

Япония Ташқи ишлар вазирлигининг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича мутасаддиси Йоко Тсуда Озодликка 10 феврал куни Ўзбекистон раҳбарининг Япония парламенти палаталари раислари билан учрашиши режаланганини айтди.

- Бугун Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Япония парламенти Кенгаши раиси ва Намояндалар палатаси раислари билан учрашади. Кеча у Япония императори ва рафиқаси билан бирга тушлик қилди. Бош вазир Наото Кан билан учрашди. Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари Япония ташқи ишлар вазири билан ҳам учрашди, деди Йоко Тсуда.

Йоко Тсудага кўра, 9 феврал куни Ислом Каримов Япония императори Акихито ва рафиқаси билан учрашган ҳамда Каримов шарафига зиёфат берилган.

Шу куни Ўзбекистон раҳбари Япония Бош вазир Наото Кан ҳамда ташқи ишлар вазири Сейджи Маехара билан сўзлашув олиб борган. Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Япония ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар муҳокама қилинган.

Япония Ташқи ишлар вазирлиги расмийсига кўра, музокаралар сўнгида Ислом Каримов ва Наото Кан Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги қўшма баёнотга имзо чеккан.

Йоко Тсуда Озодликка Ислом Каримовнинг Токиога расмий ташрифи чоғида бошқа ҳужжатлар ҳам имзоланганини айтди.

- Биз қўшма баёнот имзоладик. Ташқи ишлар бўйича Япония давлат котиби Ютака Банно Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев билан “Тараққиётга расмий ёрдам” дастури лойиҳаларини амалга ошириш бўйича иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Ташқи ишлар вазиримиз Сейджи Маехара Ғаниев билан бирга икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорликка оид меморандум имзоланди, деди Япония Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Шунингдек, 9 феврал куни Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Япониянинг Sumitomo Mitsui банки ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Мақсад икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни риводлантиришга ёрдам беришдан иборат.

Йоко Тсуда Ислом Каримов 10 феврал куни тушдан кейин Ўзбекистонга жўнаб кетишини айтди.

Каримовнинг Японияга расмий ташрифи бошланиши арафасида Япониянинг “Itochu” корпорацияси Навоий тоғ-металлургия комбинати билан уран концентрати савдоси бўйича 10 йилга мўлжалланган шартномани Токиода имзолади.

“Itochu” корпорацияси интернет сайтида эълон қилинган хабарда Ўзбекистондан етказиб бериладиган уран Япониянинг энергетик хавфсизлигини таъминлаши билдирилган.

Япония ҳукуматига яқин манбаларга кўра, 10 йиллик шартнома доирасида "Itochu" Ўзбекистондан йилига 1000 тоннагача уран сотиб олишни кўзламоқда.

Япония ўзбек уранининг асосий харидоригина бўлиб қолмасдан¸ 2006 йилдан буён Япониянинг “Mitsui & Co. Ltd” концерни, “Sojits” ва “Itochu” корпорациялари билан геология қидирув ишларни олиб бориш ва уран конларини биргаликда ўзлаштириш бўйича Tошкент билан келишувга эришган.

Ушбу ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон 2012 йилга қадар уран ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробарга ошириш ниятида.

Ўзбекистон бугунги кунда хорижга қанча миқдорда уран сотаётгани ва ундан қанча даромад кўраётгани давлат сири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон экспорт қиладиган ураннинг ҳаммаси Навоий тоғ-металлургия комбинати маҳсулотидир.

Айни пайтда¸ Жаҳон ядровий ассосиациясининг 2010 йилги маълумотига кўра, 111 минг тоннадан ортиқ уран заҳирасига эга Ўзбекистон дунё бўйича 12-ўринда, уран ишлаб чиқариш бўйича дунёда 7- ўринда туради. Мамлакатда йилига 2 429 тонна уран ишлаб чиқарилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG