Линклар

logo-print

Навоий қабрига мақбара тиклаш ҳамон пайсалга солинмоқда

  • Садриддин Ашур

Алишер Навоий қабрининг 2011 йил 9 феврал куни олинган сурати.

Алишер Навоий қабрининг 2011 йил 9 феврал куни олинган сурати.

Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 570 йиллиги Ўзбекистон¸ қолаверса хорижда ҳам кенг нишонланиб, шоир ижодига бағишланган илмий-адабий анжуманлар ўтказилаётган бир пайтда, унинг Ҳиротдаги қабри очиқ мозорлигича қолмоқда.


9 феврал куни Ўзбекистон телеканали кун давомида Алишер Навоийнинг ижоди ва ҳаёт йўли ҳақида туркум кўрсатувлар намойиш қилди:

“Улуғ шоир Мир Алишер Навоий ўзининг дилбар асарлари билан ўзбек тилининг ривожига улкан ҳисса қўшди. У шоҳ асарларини ўзбек тилида ëзиб бу тилнинг бениҳоя нафис ва гўзаллигини ўз замондошларига намойиш эта билди. Мана шундай фидоийлиги учун у “Ўзбек шеъриятининг султони” деган улуғ номга сазовор бўлди"¸ дейилди жумладан Ўзбекистон телеканали дастурида.

Телевидениеда Навоий ғазалларига басталанган қўшиқлар янгради. Адабиётшунос олимлар шоир мероси ҳақида тўлиб-тошиб гапирдилар.

Президент Ислом Каримовнинг Навоий ҳақида айтган “Бу зотни авлиë десак, у авлиëларнинг авлиëси. Мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири. Шоир десак, шоирларнинг султонидир” деган гаплари такрор қўйилди.

Бу кўрсатувларни кўриб, бутун Ўзбекистон Навоий ҳазратларининг 570 йиллигини байрам қилаётгандай таассурот пайдо бўлди..

Навоий қабрининг 2011 йил 9 феврал кунги кўриниши.
Бироқ ҳеч ким бугун ҳамду сано айтилаётган Навоий бобонинг қабри қай аҳволда экани ҳақида гапирмади.

Балки ҳазратнинг хоки узоқда, уруш олови тинмаётган Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида бўлгани учундир.

Балки шоирнинг қабри Ўзбекистонда бўлганида унга ҳам гуллар қўйилган бўлармиди?

Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан 2003 йилда Бобур номидаги халқаро илмий экспедиция Навоий мақбарасини қайта қуриш бўйича иш бошлади. Муҳандис ва қурувчилар Ҳиротга келди. Навоийнинг оддийгина кўринишда бўлган эски мақбараси бузиб ташланди.

Экспедиция раҳбари Зокиржон Машрабовнинг Озодликка айтишича, икки йил давомида Навоий мақбарасини яратиш бўйича иш олиб борилди. Бироқ Афғонистондаги нотинчлик бу ишларни вақтинча тўхтатиб қўйишга мажбур қилди:

- Лекин хабарингиз бор шимолда бироз биз бориб келгандан кейин нотинчлик бошланиб кетди Афғонистонда. Толибонлар чиқа бошлади Қундуз атрофида. Маймана, у ëғи Ҳирот ëнигача чиқишиб қолди. Менку уларнинг ичида юриб ўрганиб қолганман, лекин қурувчиларни у ерга олиб борадиган бўлсак, бола-чақаси бор, бошқа бор. Ўйлашимиз керак-да.

Навоий қабри. 2011 йил¸ 9 феврал.
Мен масалан¸ бир ярим-икки ой Дашти Канор деган қишлоқда турдим. Ҳиротдан 30 километр келади. Ўша ерда турган вақтимда икки-уч маротаба портлаш бўлди. Мен озчилик билан борганман 7-8 киши. У ердан тўртта-бешта уста билан бир ярим ойда биткизиб қайтдик. Кейин менга главнокомандуюшийни шеф қилиб қўйиб қўйган. Ҳар икки кунда хабар олган. Атрофимда автоматчиклар турган, дейди Зокиржон Машрабов.

Олимга кўра, янги мақбара тарҳи унинг ўзи томонидан тузилган эди:

- Проектни мен қилганман. Лекин менинг проектимни илгари ҳам Маданият вазирлиги одобрит қилган, ҳозир ҳам олиб бориб кўрсатдим. Ўтган йилнинг иккинчи ярмида мен яна Афғонистонда бўлдим. Ғулом Саҳий Ғайрат одобрит қилди. Ҳаммаси жойида. Тўғри¸ озгина тушунмовчилик бўлган проектда. Бошқа проектни қўллаб юборишган. Уни кейин мен раҳбариятга айтдим. Айтсам, тўғри менинг проектим ўтди.

Ҳозир ишни бошлашимиз керак. Фақат сиëсий аҳвол яхши бўлса Афғонистонда. Шарқона қилиб, темурийлар давридан қолган услубда қуриш фақат Ўзбекистон усталарининг қўлидан келади. Шу усталар бизларда ҳозир. Мамлакатимиз раҳбари қўллаб-қувватлаяпти. Демак¸ Афғонистондаги сиëсий вазият яхши бўлса, ўтинглар, қуринглар дейди. Гап йўқ, дейди Зокиржон Машрабов.

Навоий қабрининг 2011 йил¸ 9 феврал кунги манзараси.
Бироқ афғонистонлик кузатувчиларга кўра, мақбаранинг қурилмай қолиши биргина хавфсизлик масаласи билан боғлиқ эмас. Афғонистонлик меъморларга Ўзбекистон томони тақдим этган мақбара лойиҳаси ёқмаган ва улар ўз лойиҳасини таклиф қилган ва шундан икки ўртада келишмовчилик келиб чиққан. Афғонистон томони иддаосига кўра, мақбара лойиҳаси темурийлар меъморчилиги услубида бўлмагани учун расмий Кобул ва ЮНЕСКО аралашиб қурилишни тўхтатган.

Ўзбекистон томони ҳозирлаган лойиҳа раҳбари Зокиржон Машрабов бундай иддаоларни рад этади. Унга кўра, баъзи келишмовчиликлар бўлгани тўғри, бироқ икки ҳукумат расмийлари ҳам, ЮНЕСКО ҳам шарқона услубда тайёрланган Ўзбекистон лойиҳасини қўллаб-қувватлаган:

- ЮНЕСКО ҳам хўп деган. Мен ЮНЕСКОнинг Тошкент бўлимига ўзим кириб қўл қўйдириб чиққанман. У нарсада жиндай қурилиш даврида ўзгартириш киритиб юборган. Ундан бизнинг раҳбарларнинг ҳам хабари бўлмаган, менинг ҳам хабарим бўлмаган. Бу битта сабаб. Асосий сабаб эса¸ боя айтганимдай хавфсизлик масаласи. Худо хоҳласа¸ вазият яхшиланса ишни бошлаймиз. Қиламиз буни. Ўзбекистон қилади. Чунки Алишер Навоийдай буюк инсонни шундай қолдирмайди ҳеч ким¸ дейди Бобур номидаги халқаро илмий экспедиция раҳбари Зокиржон Машрабов.

Ўзбекистонлик ёзувчи Жонрид Абдуллахоновнинг айтишича, Навоий қабрининг бундай аҳволда эканлигидан кўпчилик зиёлиларнинг хабари йўқ ва Навоий авлодларининг бу лоқайдсизлигини тезда ўнглаш керак:

- Мана мен сиздан биринчи эшитишим қаровсиз қолганлигини. Мана ҳозир ағдар-тўнтар бўлиб кетдим. Шунчалик аҳволда қолганини мен биринчи эшитишимда. Ҳеч ким айтмайди буни. Сиз айтаяпсиз биринчи бўлиб. Яхшимасда шу нарса. Қабрга эътибор бермаса бу. Навоийнинг ўзига эътибор бериб суратига эътибор берилади. Унинг жони ер остидаку. Ўшанинг хокику. Хоки азиз ҳамма нарсадан.

Энди ҳукуматга шуни етказиш керак. Устозимизнинг қабри оëқости бўлиб ëтса яхши эмас. Шуни президентимиз билмайди. Етказиш керак. Мен бир жойда гапираман¸ албатта. 25-да Навоий номидаги кутубхонада учрашув бўлади. Катта-катта олимлар, академиклар билан бўлади учрашув. Мен гапираман¸ дейди Жонрид Абдуллахонов.

Бироқ филология фанлари номзоди Абдулла Абдураззоқ фикрича, Навоий мақбарасини яратишда шошма-шошарликка йўл қўймаслик даркор:

- Навоий мақбараси бутун дунёга кўрсатишга арзийдиган бир обида сифатида қурилиши керак. Афғонистондаги ҳозирги нотинчлик ҳолатида бундай обидани қуриш имкони йўқ. Менимча, ҳозир қабрнинг атрофи ўралиши ва муҳофаза қилиниши керак. Мен Навоий мақбарасини дунёнинг саккизинчи мўъжизаси сифатида қад кўтаришини истардим. Навоий ҳазратлари шунга муносиб, дейди адабиётшунос олим Абдулла Абдураззоқ.

Ўлимидан 510 йил ўтиб қабрининг бу тарзда вайрон бир алпозда қолажагини буюк шоир юзлаб йил аввалданоқ башорат қилган каби :

Бузуқ қабримни кўрган ўқчи дўконига ўхшатгай,
Фироқинг ўқидан анда кўриб, пайкону пар ҳар ён¸ деб ëзган эди.
XS
SM
MD
LG