Линклар

Ўтунбаева қирғиз-ўзбек чегарасидаги анклавлардан баҳс этди


Маълумотларга кўра, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида 61 баҳсли ҳудуд мавжуд.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида 61 баҳсли ҳудуд мавжуд.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева Ўзбекистон билан олиб борилаётган чегара борасидаги музокараларда икки давлатга тегишли анклавларни ўз майдонига мувофиқ равишдагина алмаштириш масаласи муҳокама қилиниши мумкинлигини билдирди.

Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Барак анклави Қирғизистонга тегишли. Барак қишлоғи аҳолиси яқинда АҚШ президенти Барак Обамага ёрдам сўраб мурожаатнома жўнатди.

"Баракка ёрдам бер" деб, Баракка ёздик

- Оқ уйга хат ёзганимизга бир ойдан ошиб қолди. “Хатингиз етиб келди”, деган жавобни интернет орқали олганмиз. Барак Обамадан олдин қирғиз ҳукуматига бир неча марта мурожаат қилганмиз. Лекин ҳукумат бизнинг муаммоларимизни ҳал қилиб бергани йўқ.. Шундан кейин: “Қишлоғимизнинг номи ҳам Барак, АҚШ президентининг исми ҳам Барак, бирор ёрдам берар” деб, Оқ уйга хат жўнатдик, - дейди анклав яшовчиси Давлатбек Мусакеев.

Барак анклави аҳолисига кўра, қишлоқликларнинг Қирғизистон ҳудудига ўтиб қайтиши жуда катта муаммоларни туғдирмоқда.

- Қишлоқдан чиқишимиз ва қайтиб киришимиз жуда қийин. Чегара постларида бизни жуда қийнаб ташлашади. Баъзан уйимизга ҳам келолмай қоламиз, - дейди баракликлардан бири.

Бошма-бош алмашамиз

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева куни кеча Боткен вилоятига қилган сафари чоғида анклавларда яшовчи аҳоли муаммолари билан яхши таниш эканини таъкидлаб ўтди. Президентнинг айтишича, Ўзбекистон билан анклавлар масаласида олиб бориладиган музокараларда, анклавларни эгаллаган ер майдонига мос равишда алмаштириш ҳақида ҳам гап бўлиши мумкин.

Айни пайтда президент чегара масаласида Ўзбекистон билан 2000 йилдан бери музокаралар олиб борилаётгани ва бу йўналишда 55 маротаба музокара ўтказилгани, 23 марта делегациялар учрашуви бўлганини айтиб ўтди. Ўтунбаевага кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон 61 та баҳсли ҳудуд борасида тортишмоқда.

Анклав алмашишга томонлар тайёр эмас

Қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш бўйича ҳукумат комиссиясининг собиқ раҳбари Саламат Аламанов фикрича, ҳозирда Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистоннинг 4 та йирик ва бир нечта кичик анклави жойлашган. Ўзбекистон ҳудудида эса Қирғизистоннинг жуда кичик бўлган анклавлари мавжуд. Аммо президент таклиф қилганидай анклавларни алмаштиришга Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам тайёр эмас.

- Бундай ишни амалга оширишга ҳар икки томон ҳам тайёр эмас. Чунки қўшни давлатлар биз анклав деб ҳисоблайдиган ерларни анклав ҳисоблашмайди. 1924-27 йиллардаги миллий чегаралаш даврида мазкур анклавларни қўшни давлатлар ҳудудидан ажратиб турган бизнинг ҳозирги ерлар қўшни давлатга тегишли бўлган. Колхозлаштириш йилларида мазкур ерлар у ёки бу давлатда ташкил этилган колхозга берилиб, анклавлар пайдо бўлиб қолган. Аммо бу жараён ўз вақтида қонунийлаштирилмаган. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон анклавни ўз чегарасидан ажратиб турган ерларни 1924-27 йиллар харитасига асосан ўзиники, деб ҳисоблайди,-дейди Саламат Аламанов.

Мутахассиснинг айтишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон фақат жуда кичик, яъни аҳоли сони минг нафарга етмайдиган икки анклавни алмаштириш ҳақида музокаралар олиб бориши мумкин, холос. Бу Ўзбекистонннинг Қирғизистон ҳудудидаги Тоштепа қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Ўзбекистон ҳудудидаги Барак анклавидир. Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги тўртта йирик анклави атрофидаги баҳслар эса яна узоқ йиллар давом этиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG