Линклар

Тележурналистлар даъво аризаси бошқа куни кўрилади


Ўзбекистонлик журналист Саодат Омонова кейинги пайтда "Ёшлар" телеканалида ўзи ва Малоҳат Эшонқуловага қарши кампания авж олганини айтади.

Ўзбекистонлик журналист Саодат Омонова кейинги пайтда "Ёшлар" телеканалида ўзи ва Малоҳат Эшонқуловага қарши кампания авж олганини айтади.

Ўзбекистонлик журналистлар Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Омонованинг даъво аризасини кўриб чиқиш бўйича 10 февралга белгиланган маҳкама 22 февралга қолдирилди.

Журналистларга кўра, улар 10 феврал куни 10.30 да Шайҳонтоҳур туманлараро суди биносига келишган. Ушбу даъво аризасини кўриши керак бўлган суд раиси Дилбар Исроилованинг котиби судянинг зарур иш билан кетиб қолганини хабар қилган.

Журналист Саодат Омонова эса унда икки хил маълумот борлигини айтади:

- Суд биносига бордим. У ерда милиционер туради-ку, ундан сўраганимда: “Дилбар опанинг ҳозир суди бор, суд мажлиси кетаяпти”, деди. Мен: “Кириб сўрай унда, бизнинг суд мажлисимиз 11 га белгиланган эди, аниқлик киритай” десам, “майли, киринг” деди. Кирдим. Опанинг Субҳон исмли ёрдамчи котиби бор экан. Шу йигит билан гаплашдим. У: “суд мажлиси 22 феврал, соат 10.30 га қолдирилди”, деди. Мен “22 февралда соат 10.30 да бўладиган суд мажлиси ҳақида огоҳлантирилдим” деган бир қоғозга имзо қўйдим. “Судя қани?” десам, “судя чиққан эди, бир ишлари чиқиб қолди”, деди. Икки хил гап бўлаяпти, - деди журналист Саодат Омонова.

Журналистга кўра, айни пайтда "Ёшлар" телеканалида икки журналистга нисбатан янги кампания бошланган.

- Ҳозир телевидениеда биз иккаламиз террорист эканмиз. Бошқа ҳалқаро ташкилотларни, чет давлатларни ноғорасига ўйнаётган эканмиз. Шунинг учун ҳозир ҳар бир ходим билан алоҳида суҳбатлашилиб, унинг маънавий нимаси текширилаяпти. Дунёқараши қанақа, қарашлари, нима дейди - чистка мозговми, промивание мозговми - шунақа бир жараён кетаяпти. Буни бизга ходимларимиз айтишди, - дейди Саодат Омонова.

Аммо бу борада "Ёшлар" телеканали мутасаддиларидан изоҳ олиш бўйича уринишларимиз натижа бермади.

Айни пайтда ишсиз қолган журналистларга, суҳбатдошимизнинг айтишича, халқаро ташкилотлар кўмак бераётган экан:

- “Репортёри без границ” ташкилоти бор, Эзгулик - улар ҳимоячи ҳаражатларини кўтаришди, ёрдам беришди. Адвокатимиз бор, - деди журналист Саодат Омонова.

Даъво аризаси билан чиққан журналистлардан яна бири Малоҳат Эшонқулова 10 феврал куни Шайҳонтоҳур туманлараро суди биносида “Ёшлар” телеканали вакилларини кўрмаганлигини айтади:

- “Ёшлар” телеканалидан ҳеч кимни кўрмадим, кўзим тушмади. Эҳтимол кейинроқ келиши мумкиндир. Чунки 11 да дейилган бўлса суд мажлиси, 10 яримда бизга судни қолдирилганлигини маълум қилган бўлса, биз 10.40-10.45 да суд биносидан чиқиб кетдик, - деди журналист Малоҳат Эшонқулова.

Ўзбекистоннинг "Ёшлар" давлат каналида ишлаб келган икки журналист телевидениедаги қонунбузарликлар, маҳаллийчилик ва цензурага чек қўйилишини талаб қилиб, Тошкентнинг марказий майдонида пикет ўтказишган ва кейинчалик 9 декабр куни ишдан ҳайдалган эдилар.

Журналистлар ноҳақ ишдан бўшатилгани учун "Ёшлар" каналини судга берган эди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистонда номақбул журналистларни ўз иш жойидан ноҳақ бўшатилиши кенг тарқалган ҳолдир.

Париждаги "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти аввалроқ ўзбекистонлик икки журналист Саодат Омонова ҳамда Малоҳат Эшонқуловаларнинг тақдири юзасидан хавотир билдирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG