Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:06

Тожикистонлик журналистга ҳужум қораланмоқда


7 феврал куни Душанбеда номаълум кишилар томонидан калтаклаб кетилган Ҳикматулло Сайфуллозода айни пайтда шифокорларнинг доимий назоратида бўлиб турибди.
7 феврал куни Душанбеда номаълум кишилар томонидан калтаклаб кетилган Ҳикматулло Сайфуллозода айни пайтда шифокорларнинг доимий назоратида бўлиб турибди.

Тожикистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳамда нодавлат медиа ташкилотлари раҳбарлари “Нажот” газетаси бош муҳаррири Ҳикматулло Сайфуллозодага ҳужум қилган шахслар топилиб, жазоланишини талаб қилаяпти.

Тожикистон журналистлар уюшмаси, Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари анжумани, медиа Алянс ва “Индем” жамғармаси “Нажот” исломий рўзномаси бош муҳаррири Ҳикматулло Сайфуллозоданинг номаълум кишилар томонидан калтакланишига оид ҳодисани қоралаб, куни кеча бу борада қўшма баёнот қабул қилди.

Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари анжумани раиси Нуриддин Қаршибоев нафақат журналист ё бўлмаса жамиятда таниқли шахс, балки оддий фуқаронинг ҳам сўз эркинлиги учун таҳқирланиши, калтакланиши бу жорий қонунларга зид ҳаракат эканини таъкидлайди.

- Биз Тожикистондаги бир қатор нодавлат медиа ташкилотлари Ҳикматулло Сайфуллозодага ҳужумни кескин қоралаймиз. Бу борада эълон қилган қўшма баёнотимизда биз ҳуқуқ идоралари раҳбарларидан жиноятчиларни топиш ва қонун доирасида жазолашни талаб қилдик. Биз касбдошимиз Сайфуллозодани ҳимоялаймиз, бунинг учун барча зарур чораларни қўллаймиз, - дея билдирди Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари анжумани раиси Нуриддин Қаршибоев.

Айни пайтда Тожикистондаги мустақил оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ташкилотлари билан бир қаторда АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси ҳам 9 феврал куни исломий рўзнома расмийси Ҳикматулло Сайфуллозодага ҳужумни қоралади.

АҚШ элчилигининг расмий баёнотида жаноб Сайфуллозодага қилинган ҳужум Тожикистондаги сиёсий қарашларига қилинган ҳужум ўлароқ баҳоланади.

“Тожикистон ҳукумати юз берган ҳодисани реал ўрганиб, бу ишда айбдорларни қонун доирасида жавобгарликка тортиши зарур”, дея таъкидланади АҚШ элчихонасининг кечаги расмий баёнотида.

Шунингдек, АҚШ расмийларига кўра, одамлар ўзларининг сиёсий қарашлари, диний эътиқодлари учун таъқибга учраш ёки зўровонлик қурбони бўлишдан чўчимасликлари лозим.

Эслатиб ўтамиз, Ислом уйғониш партияси расмийси, мазкур партияга тегишли “Нажот” рўзномасининг бош муҳаррири Ҳикматулло Сайфуллозода шу йил 7 феврал куни ўз уйи яқинида номаълум кишилар томонидан аёвсиз калтакланган эди.

Оғир тан жароҳати олган, айниқса боши қаттиқ лат еган Сайфуллозода ҳозир шаҳар касалхонасида, шифокорларнинг доимий назорати остида бўлиб турибди.

Аснода мазкур ҳодиса юзасидан Тожикистон Ислом уйғониш партияси ҳам махсус баёнот билан чиқиб, бу уюштирилган суиқасд эканини айтган эди.

- Бу партиямиздаги асосий фигураларни қўрқитиш ва шу йўл билан уларга босим ўтказишнинг бир кўринишидир. Буни махсус доиралар уюштирганига ҳечам шубҳамиз йўқ, - дейди парламент қуйи палатасида Ислом уйғониш партиясидан вакил Саидумар Ҳусайний жаноблари.

Исломий партия расмийлари иқтидордаги ҳукуматни ҳужумни уюштирганлар ва буюртмачиларни топиб, уларни жиноий жавобгарликка тортишга чақиришда давом этмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда мазкур иш юзасидан жиноят иши очилган ва гумонланувчилар сўроқ қилинмоқда.

Ўтган йил охирларида Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий Қўрғонтепа-Душанбе автомобил йўлида автоҳалокатга учраб, тан жароҳати олган эди.

Ўшанда ҳам исломийлар бу Кабирий жонига суиқасд эканини даъво қилганди. Аммо мазкур воқеа юзасидан Ислом уйғониш партияси раҳбари ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмасликка қарор қилганди.
XS
SM
MD
LG