Линклар

Кичик бизнесга кенг йўл очиладими?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик айрим иқтисодчиларга кўра, назорат тузилмалари тадбиркорлардан "ўз улушлари"ни олишга ҳаракат қиладилар.

Ўзбекистонлик айрим иқтисодчиларга кўра, назорат тузилмалари тадбиркорлардан "ўз улушлари"ни олишга ҳаракат қиладилар.

Ўзбекистон президенти"Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили давлат дастури тўғрисида"ги қарорни имзолади. Расмийлар иддаосича, мазкур қарор тадбиркорларга кўпроқ эркинлик беради ва назорат тузилмаларининг кичик бизнес фаолиятига аралашувини кескин қисқартиради.


Тадбиркорларнинг айтишларича, бунга ўхшаш қарорлар илгари ҳам кўп қабул қилинган, бироқ бундай қарорлар оқибатида тадбиркор эркин бўла олмади.

Асли мутахассислиги иқтисодчи , тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган ўзбекистонлик Шаҳриёр Узоқов Ўзбекистон президентининг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили Давлат дастури тўғрисида”ги қарорини тадбиркорлар фаолиятида янгилик эмас¸ деб ҳисоблайди.

Унинг айтишича, 2005 йилда Андижон воқеаларидан кейин тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон президентининг кетма-кет тўртта қарори қабул қилинган. Улардан иккиси “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ва “Тадбиркорлик субъектларини текширишни янада қисқартириш ва унинг тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланади.

Шаҳриёр Узоқов фикрича, куни-кеча қабул қилинган қарор билан аввалги қарорлар ўртасида жиддий фарқ йўқ. "Айнан ўша кўрсатмалар бу қарорда ҳам такрорланган, бироқ ижро йўқ"¸ дейди бу тадбиркор Озодлик билан суҳбатда:

- Қарор жуда чиройли чиқади. Ўзбекистондаги қонун, ҳужжатлар умуман халқаро андазаларда энг юқори ўринни эгаллайди. Қонун қоғозда. Андижон воқеасидан кейин тўрт марта қарор чиқди. Айнан тадбиркорларнинг ишига аралашмаслик, уларни йилига бир марта эмас тўрт йилда бир марта текшириш, ноқонуний аралашмаслик, уларнинг эркинликлари, имтиëзлари. Тўртта қарор чиққан эди. Бироқ тадбиркорлар фаолиятида бир ижобий ўзгариш сезилмади. Бу қарор ҳам шунга ўхшаб кетаяпти, - дейди иқтисодчи.

Президент қабул қилган қарорда, тадбиркорларга кўпроқ эркинлик бериш ҳақида сўз боради. Шаҳриёр Узоқов фикрича, аслида бу жумланинг ўзи тадбиркорларнинг эркин эмаслигини кўрсатиб турибди, акс ҳолда “кўпроқ” сўзи ишлатилмаган бўалрди. Шунингдек, давлат ва назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари ишларига аралашишига чек қўйиш ҳам аввалги қарорларда айтилган¸ аммо қоғоз юзидан нарига ўтмаган.

Ҳозир Ўзбекистонда хусусий тадбиркорларни режа асосида туманларига қараб назорат этувчи 28-34 та ташкилот бор. Бироқ Шаҳриёр Узоқов фикрича, бу ташкилотлар учун тадбиркорларни қарорларда белгиланган режали текширишдан ташқари яна қўшимча текширишлар учун доим баҳона топилади:

- Назорат органлари бор. Бунга прокуратура, солиқ, хавфсизлик, пожарний, санэпидстанция, ҳокимият ва бошқа шунга ўхшаган назорат органлари киради. Улар келишилган тарзда жорий йилда режага қўйилиб, келаси йилда текширилиши керак. Уларда бу жуда осон. Санэпидстанция режадан ташқари келади-да: “Биз тозаликни текширишимиз керак. Юқоридаги вазирликнинг хатига асосан биз режадан ташқари мана буни текширамиз”, дейди-да, битта хат асосида улар ўз фаолиятини тўлиқ амалга оширади. Пожарний келади-да: “Ëнғин хавфсизлиги ойлиги жорий қилинган. Вазирлик буни белгилаган”, дейди-да, пожарний ўз навбатида яна аралашади.

"Бироқ бу билан режасиз текширувлар тугамайди", деб гапида давом этади иқтисодчи:

- Бундан ташқари солиқ айтади, ўтказишимиз керак, нақд пул муаммоси дейди-да, яна аралашади. Прокуратура "устингиздан ариза тушибди", дейди ëки шунга ўхшаган гапни департамент айтади. Белгиланган тартибда аризани ташкил қилишади-да, яна аралашади. Банк "нақд пул топширмаяпсизлар" дейди-да, яна аралашади. Бу қандай аралашмаслик бўлади? Сунъий тўсиқ бу.

Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгашининг режаси асосида ëки белгиланган тартибда қисқа муддатда текшириш демайди-да, булар бевосита режани бузган ҳолда, президент фармонини бузган ҳолда хоҳлаймизми хоҳламаймизми амалдаги қонунларни ëки юқоридан келадиган хатларга амал қилмасдан яна текширишга боришади. Ҳаммаси қуйи бўғинга келиб тақалади,- - дейди иқтисодчи.

Президент қарорида кичик бизнес субъектларига нотурар жой хоналари ва зарур ер участкалари ажратиб бериш борасидаги масалани ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш кераклиги уқтирилган. Бироқ, иқтисодчи Шаҳриёр Узоқов фикрича, илгари ҳам президентнинг шунга ўхшаш қарорлари қабул қилинган, аммо расмийлар учун ер бериш жон беришдай қийин:

- Иккинчиси уларга белгиланган тартибда жой ажратиш. Ҳокимиятлардан, ер кадастр бўлимлари бор. Туман ер ўлчаш, архитектура бўлимлари бор. Бир сотих ерни олиш қандай қийин, сиз буни билмайсиз. Булар тўлиқ коррупциялашган. Чунки бу нарса президентгача бормайди. Буларга ер беришдан кўра ўлган одамни тирилтирган афзалроқ,-дейди иқтисодчи.

Қарорда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар бериш механизмини янада такомиллаштириш ҳам кўрсатиб ўтилган. Бироқ, Шаҳриёр Узоқовнинг айтишича, кредит олишни енгиллаштириш бўйича, илгари ҳам чиройли қарорлар қабул қилинган эди, бироқ ҳозир “шапка”сиз кредит олишнинг имкони йўқ:

- Амалда бунга бир неча марта гувоҳ бўлганман. Кредит олиш учун авваламбор тадбиркорда кредит суммасининг икки баробари миқдорда мол-мулки бўлиши керак. 20 миллион оладиган бўлса, 40 миллионлик мол-мулки бўлиши керак. Гаровга қўядиган кўчмас мол-мулки. Иккинчидан, кредит олиш учун банкка 10 фоизини бермаса, кредит ололмайди. 20 миллион кредит олиш учун 2 миллионини беради. Тадбиркор уни олган мақсадига ҳеч қачон ишлата олмайди. Тадбиркор қонунга зид ишламаса, ишлай олмайди.

Тадбиркор 20 миллион сўмлик кредитнинг 10 фоизини бериб 18 миллион олди дейлик. Тадбиркор энди уни нақдлаштиришга ҳаракат қилади. Нақдлаштириш 20 фоиз. 18 миллиондан яна 3 миллион 600 йўқолади. Бу ерда у ëқ бу ëғи тадбиркорга 20 миллиондан 14 миллион қолади. Югур югур билан 6 ой ўтди. Энди тадбиркор фоизини тўлаши керак. Фоизни тўлайдими, буни мақсадли қилиб ишлатадими, сотиб пулини чиқарадими, оборот қиладими, қандай қилсин? Кредит олиб фаолияти ривожланиб кетган тадбиркорни камдан кам учратдим,- дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Шаҳриёр Узоқов.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистонда ишлари юришиб кетаётган тадбиркорлар ҳам анчагина. Шаҳриёр Узоқов фикрича, бундай тадбиркорларнинг ортида “танка”си ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида қариндош-уруғлари бор ва улар “шапка”сиз кредит ҳам олади ҳамда уларни ҳеч қайси назорат қилувчи орган ортиқча “безовта” қилмайди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимовнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳар йилнинг номланиши ортидан давлат дастури қабул қилинади. 2011 йилнинг“Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб аталиши ҳам шундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлди. Бироқ, бу дастур амалда бажариладими ёки йўқ, буни йил якуни кўрсатади:

- Шунинг учун ҳам реал бир ҳаëтда, тадбиркорлар ишида ўзгариш бўладими ëки йўқми деган саволингизга аниқ жавоб айта олмайман. Чунки бу йил энди бошланаяпти. Вазифалар катта. Мисол учун давлат органларнинг улар ишига аралашуви, уларни рўйхатга олиш процедурасини енгиллаштириш бўйича жуда катта вазифалар қўйилаяпти. Бу қарор декларация бўлиб қоладими ëки ҳаëтга таъсирини кўрсатадиган ҳужжат бўладими буни йилнинг охири кўрсатади, -дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG