Линклар

logo-print

Қалам ҳаққини ололмаган қаламкаш театрни судга берди

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбек миллий академик драма театри биноси.

Ўзбек миллий академик драма театри биноси.

Ўзбекистонда бозори чаққон "Суперқайнона" театр томошалари муаллифи¸ драматург Санжарали Имомов қалам ҳаққини ола олмай¸ охири ҳам Маданият вазирлигини, ҳам Ўзбек миллий академик драма театрини жавобгар сифатида судга берди.

Ўзбекистонда бозори чаққон "Суперқайнона", "Суперқайнона-2" спектакллари муаллифи Санжарали Имомов сўнгги пайтда ёзган асарлари учун театрдан қалам ҳаққини ололмаётганини айтади.

- Мана 12 йилдирки, Оллоҳ қайсидир даражада истеъдод берган экан, саҳна асарлари учун пьеса ëзаман. Ëзган асарларимизнинг аксарияти Ўзбек миллий академик драма театрида саҳналаштирилиб келинаяпти. Сўнгги ëзилган миллий театрдаги учта асаримга, биринчиси “Дада демайман”, иккинчиси “Севаман дедимми?”, учинчиси “Кўчки ëки қорда ëнган муҳаббат” деган асарларим. Муқимий номидаги мусиқали драма театрида халқимиз орасида анча машҳур бўлиб кетган “Суперқайнона-2” деган асар асосида саҳналаштирилган спектаклларгача ҳанузга қадар қалам ҳақи берилгани йўқ, дейди Санжарали Имомов.

Драматург ҳаққини талаб қилиб, Тошкентдаги Миллий театр раҳбарияти, Маданият вазирлиги ҳатто Президент дeвонига ҳам мурожаат қилди.

- “Отахон” театрда саҳнага қўйилган сўнгги икки асаримга қалам ҳақи тўланишини сўраб Маданият Вазирлигига уч-тўрт бор мурожаат этсам, вазирликдагилар менга “сиз каби қалам ҳақи ололмаган муаллифлар 40-50 дан ортиқ” дея жавоб қилишди, дейди Имомов.

Расмийларига мурожаатларидан натижа чиқмагач, Санжарали Имомов театрни судга берди.

- Охири мажбур бўлдим. Ҳам Маданият вазирлигини, ҳам Ўзбек миллий академик драма театрини даъзо аризаси билан жавобгар сифатида судга бердик.

Озодлик: Суддан қанақа жавоб бўлди?

- Суд 7 ой давом этди. Маданият вазирлиги театр тўлаши керак, театр давлат бюджети организацияси деб, бир-бирига роса ағдаришди. Охири мен келтирган даъвони сиртдан тўлиқ қаноатлантириш ҳақида қарор чиқариб берди. Маданият вазирлиги судни тиклаш ҳақида яна ариза берди ва Шайҳонтоҳур туманлараро фуқаролик суди ўзи чиқарган қарорини бекор қилиб ишни янгидан кўриш учун ажрим чиқарди, дейди Санжарали Имомов.

Санжарали Имомовнинг сўнгги 15 йил ичида 10дан ортиқ асари Ўзбекистонда саҳна юзини кўрди. Унинг Муқимий театрида қўйилган "Суперқайнона", "Суперқайнона-2" асари хит спектакл сифатида кўп томошабин тўплади.

Драматург авваллари қалам ҳаққи олиш билан боғлиқ муаммо бўлмаганини айтади.

- 2007 йилгача тўланадиган қалам ҳақи кепак пули даражасида эди. Биринчи “Суперқайнона” учун 28 минг пул олганимда, уйимизда тунукачилар томимизни янгилашаëтган эди. Шунинг ëнига 2000 қўшиб, 30 минг қилиб тунукачилар тўрт кун тақиллатиб кетишганига берган эдим. Ўшанда “Халққа машҳур бўлган асарнинг қалам ҳақи тунукачиларнинг тўрт кунлик меҳнатига етибди” деб кулиб қўйган эдим, дейди Санжарали Имомов.

Ўзбекистонда ёзган асари учун муаллифга бериладиган қалам ҳаққи бошқа давлатлар билан солиштирганда унча катта эмас. Лекин Ўзбекистондаги ўртача ойликка солиштирганда оз ҳам эмас.

- 2007 йил 7 январ куни Вазирлар Маҳкамасининг саҳна учун янги асарларга тўлов ставкалари чиқарган. Драматик саҳна асари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 80 баробаридан 225 баробаригача, мусиқали театрда қўйилган асар учун 200 баробардан 450 баробаргача ҳақ тўлансин дейилган. Бу қарор қабул қилиб қўйилдику, лекин ëзилган асарларнинг уч-тўрт фоизигина тўланади. Биласизми, бу оддий драматургнинг, муаллифнинг шахсий муаммоси бўлганда эди, масалани кўтариб ўтиришга ҳам ҳожат бўлармиди. Оллоҳ одамнинг ризқини у ëқдан бўлмаса бу ëқдан бериб қўйган.

Қолаверса, ижодкорларнинг гули, деб тан олинган ëзувчи, ижодкор, рассом, драматург, шоирларга бўлган муносабатни кўриб одам ачинади. Айниқса, драматургни оладиган бўлсак, нари борса 10-15 кишини ташкил қилади. Сиртдан қарасангиз, ҳамма нарса нақд қилиб қўйилган. “Мана сенга гонорар. Зўр асар ëзиб берсанг, сен хоҳлагандай гонорар бўлади” деган гап бўладию, лекин асар ëзиб берганингиздан кейин “Раҳмат, жуда боплабсиз. Қойилмақом асар бўлибди” деб елкангизга қоқиб маданиятли чиқариб юборишади, дейди Санжарали Имомов.

Ўзбекистонлик таниқли шоир ва кинодраматург Усмон Азим бу йил тўртта премьера қилди. Унинг асари асосида суратга олинган "Хиёнат" бадиий филми катта экранларда қўйилмоқда.

Усмон Азим кинода қалам ҳаққи тўлиқ берилиши, лекин театрда айрим ҳолларда кечикиб берилиши холлари бўлишини айтар экан, умумиятла қалам ҳаққи олиш борасида Ўзбекистонда катта муаммо йўқлигини айтади.

- Қаердадир бор, қаердадир йўқ. Муаллифнинг келишувига боғлиқ. Иш қилдираëтган идорасининг қувватига боғлиқ. Бозор иқтисодиëтику. Масалан, кинода тўлиқ, театрлар маълум даражада тўлиқ. Сал кечикиброқ бўлса ҳам беришади. Томошадан тушганини жуда тез беришади. Нимани сал кечикиброқ, тўрт-беш ой чўзиб дегандай беришади, лекин беришади. Китоб масаласи қийинроқ. Қоғоз қиммат ва ҳоказо. Бозор иқтисодиëтида энди. Келишувга боғлиқ ҳаммаси. Вазирлар Маҳкамасининг “Мана шундан паст тўланмасин” деган қарори чиққан.

Озодлик: Ҳозир қанча?

- Мен билмайман. Менинг китобим яқин атрофда чиқди. Менинг эсимда йўқ аниқ нималари.

Озодлик: Сиз нима билан бандсиз?

- Ўтган йил мана учта спектаклимизнинг премераси бўлди. БМТнинг проекти билан кино қилдик. Ҳар ҳолда ëмон эмас.

Озодлик: Қанақа кино?

- “Хиëнат” деган кино қўйилди. Бу СПИДга бағишланган. Бадиий филм қилинди. Шу кунларда ҳам кетаяпти шекилли. БМТ жуда кам пул берди. Плëнкага эмас видеокассетага олинди. Кинода кино бошланмасидан олдин фалон фоизини, кино олингандан кейин қолганини беради аниқ, дейди Усмон Азим.

Қалам ҳаққини олиш билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай Санжарали Имомов қалам тебратишда давом этмоқда. Драматург судма-суд юрган бир пайтда унинг яна бир "Кўчки" асари яқинда Миллий драма театрида қўйилди.
XS
SM
MD
LG