Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:45

Муборак кетди; Миср кўчаларида байрам


Мисрда байрам!
Мисрда байрам!

Миср президенти Ҳусни Муборак 18 кундан бери намойиш ўтказаётган миллионлаб мисрликлар талабини бажаришга мажбур бўлди ва ниҳоят ўз истеъфосини эълон қилди. Айни дақиқаларда Қоҳиранинг Таҳрир майдони, қолаверса Мисрнинг каттаю кичик шаҳарлари яқин тарихда мисли кўрилмаган байрам руҳига чулғанган.

18 кун давомида руҳи сўнмасдан¸ Ҳусни Муборакнинг 30 йиллик ҳокимиятига барҳам бериш талабидан қайтмаган миллионлаб мисрликлар 11 феврал куни Муборакни ҳокимиятдан ҳайдашга муваффақ бўлди.

Ҳусни Муборак истеъфога чиқди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:57 0:00



10 феврал куни кечқурун давлат телевидение орқали халққа мурожаатида 82 яшар Ҳусни Муборак президентликка бошқа номзодини қўймаслигини айтиб, баъзи салоҳиятларини яқинда ўзи вице-президент этиб тайинлаган собиқ разведка хизмати бошлиғи, 74 яшар Умар Сулаймонга топшираётганини эълон қилди. Аммо бу баëнот умри 24 соатга ҳам етмади ва миллий телевидение орқали ниҳоятда қисқа баëнот беришга мажбур бўлган Умар Сулаймон Муборакнинг президентликка истеъфо бергани ва мамлакатни бошқариш ҳарбийлар назоратига ўтганини эълон қилди.

10 феврал кунги халққа мурожаатида Ҳусни Муборак истеъфога чиққанини эълон қилишини 25 январдан бери намойишлар ўтказаётган юз минглаб фуқаро интиқлик билан кутаётган эди. Аммо Муборак фақат салоҳиятларини вице- президентга топширганини айтиб, ҳокимиятдан кетишига ҳатто ишора қилмагани намойишчилар ғазабини қўзғади ва 11 феврал куни бутун Миср бўйлаб янги миллионлар кўчаларга чиқиб¸ аксилмуборакчилар сафига қўшилди.

Пойтахт Қоҳиранинг Таҳрир майдонига йиғилган юз минглаб намойишчи Муборакнинг истеъфосини байрамона руҳда кутиб олди. Халқ 30 йиллик мустабидликдан қутулганини қувонч кўз ëшлари билан қарши олмоқда.

Ўз умрида Муборакдан бошқа ҳукмдорни кўрмаган¸ билмаган миллионлаб мисрликлар¸ илк бор ўз кучи¸ халқ кучининг қудратини ўз танасида ҳис этди ва таҳлилчилар ўз қудратини англаган Миср халқининг бундан кейинги жараëнларда ҳам фаол бўлажагини башорат қилмоқдалар.

Муборак истеъфога чиққани эълон қилинган бир соатча ўтиб¸ Миср қуролли кучлари олий кенгаши раиси¸ армия генерали Тантавий Ҳусни Муборакнинг Миср олдида қилган 30 йиллик меҳнатига миннатдорлик билдирди¸ айни пайтда Миср давлатининг қудрати халқ кучи ва иродасига асосланишини таъкидлади.

Айни соатларда олий кенгашнинг фавқулодда йиғини давом этмоқда ва унда Мисрда бошланган ўтиш даври дастури ишлаб чиқилмоқда. Генерал Тантавий¸ бу дастур ҳозир бўлиши билан халққа маълум қилинажагини билдирди.

Мисрда содир бўлган халқ инқилобига муносабат билдираëтган Ғарб раҳбарлари бу кунни улуғ тарихий кун деб атамоқдалар ва Мисрда демократик¸ эркин жамият барпо этилишига умид билдирмоқдалар.

Айни пайтда¸ Муборак ва унинг оиласи¸ қолаверса Қоҳира режимига қарашли миллиардлаб долларлар сақланаëтган Швейцария банклари бу банк ҳисобларининг музлатилганини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG