Линклар

logo-print

"ТНТ" ва "ДТВ" телеканаллари Тошкент билан шартнома имзоламаган"


Яна икки Россия телеканалининг Ўзбекистонда тўхтатилиши ортида сиëсий сабаблар йўқлиги айтилмоқда.

Яна икки Россия телеканалининг Ўзбекистонда тўхтатилиши ортида сиëсий сабаблар йўқлиги айтилмоқда.

Айрим манбалар Ўзбекистонда кабел телевидениелари орқали икки Россия телеканали кўрсатувлари ретрансляциясининг тўхтатилишига бу кўрсатувларнинг ўзбекча ахлоқдан йироқлиги сабаб бўлган деса¸ расмийлар буни бошқача изоҳламоқда.

Фарғона.ру ахборот агентлигининг ëзишича¸ "ТНТ" ва "ДТВ" телеканаллари кўрсатувлари тўхтатилишига бу каналларда ўзбекча зеҳният ва одобига мутлақ тўғри келмайдиган очиқ-сочиқ дастурлар сабаб бўлган. Агентликнинг ўз манбасига асосланиб билдиришича¸ Россия телеканаллари кўрсатувларини Ўзбекистонда намойиш қилишни тўхтатиш буйруғи бевосита юқори ҳукумат идораларидан берилган.

Бутун мамлакат бўйича кабел телевидениелари учун муаллифлик ҳуқуқини олиб бериш билан шуғулланувчи “Ўзбекистон кабел телевидениеси” ёпиқ турдаги ҳиссадорлик жамиятининг исми айтилишини истамаган ходимаси бундай тахминни инкор қилади. Озодлик суҳбатлашган расмийга кўра¸ “ТНТ” ва “ДТВ” Россия телеканаллари билан улар дастурларини ретранслцяция қилиш борасида тузилган шартнома муддати тугагани боис¸ бу каналларни кабел телевидениеси орқали кўрсатиш тўхтатилган.

-Биз “ТНТ” ва “ДТВ” телеканалларини ҳозирча трансляция қилмаяпмиз.Чунки муаллифлик ҳуқуқини берувчи шартномамиз имзоланмаяпти. Ҳозирча бизда ҳуқуқ йўқ, шунинг учун кўрсатилмаяпти. Шартнома йилнинг бошидан бошқадан тузилиши керак. Йил бошидан қўйишмаяптики, у ердаги Россия телеканалларининг чет эл билан шартнома тузиш ҳуқуқи йўқ экан. Уларни ўзида озгина шу масалада спор бўлаяпти.

Шу пайтгача шартнома тузилади¸ деган мақсадда қўйиб турган эдик. Афсуски¸ ўша шартнома тузилмади. Муаллифлик ҳуқуқини берувчи соҳа бизники. Бизда йўқ, демак республика бўйича трансляция қилиша олмайди. Энди қанчалик бу масала тез ҳал бўлса, сразу қўйиб юборамиз, дейди "Ўзбекистон кабел телевидениеси” ёпиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти ходимаси.

Суҳбатдошга кўра, "Ўзбекистон кабел телевидениеси” жамияти ўтган йилнинг декабр ойида янги шартнома имзолаш бўйича Россиянинг ҳар иккала телеканалига ҳам мурожаат қилган¸ аммо шу пайтга қадар улардан тайинли жавоб бўлмаган.

Айни пайтда¸ мазкур жамиятда 51 хориж телеканали кўрсатувларини Ўзбекистонда ретрансляция қилиш рухсатномаси бор. Шулардан 7та канал пуллик канал ҳисобланади.

Ўзбекистонда “ТНТ” ва “ДТВ” каналларининг тўхтатилишига¸ улар кўрсатувларининг ўзбекча одоб-ахлоққа мос эмас деб топилгани ҳақидаги норасмий тахминларга тўхталган Ўзбекистондаги кабел телевидениеси ташкилоти ходимаси бу гапда жон борлиги, бироқ икки телеканалнинг кабел хизматидан йўқолганига асосий сабаб бу эмаслигини айтади:

- Биринчидан, бу нарса, ҳар бир фильмда озгина-озгина бор. Тўғри, бизнинг менталитетимизга тўғри келмайдиган нарса-ку¸ лекин асосий сабаб бу эмас, дейди Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги матбуот хизмати ходими Элбек Долимов¸ республикада икки Россия телеканали кўрсатувлари тўхтатилганлиги боис юзага келган ҳар хил тахминларни тўхтатиш мақсадида ҳозирда расмий баëнот ҳозирланаëтганини билдирди.

Россиянинг “ТНТ” ва “ДТВ” телеканаллари расмийлари ўз кўрсатувларининг Ўзбекистонда тўхтатилгани борасида Озодлик билан гаплашишни истамади.

Айни пайтда кабел телевидение орқали тўхтатилган бу икки телеканал кўрсатувлари, хонадонида спутник антеннаси бўлган ўзбекистонликлар учун очиқ қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG