Линклар

"Ғаллаоролда ҳам милиция нозири ўлдириб кетилди"

  • Садриддин Ашур

Ғаллаоролдаги қотилликдан бир кун аввал Қибрайда ҳам милиционер ўлдирилган эди.

Ғаллаоролдаги қотилликдан бир кун аввал Қибрайда ҳам милиционер ўлдирилган эди.

Бу хабарни Озодликка еткизган жиззахликлардан бирига кўра¸ вилоят собиқ ҳокимига жиян бўлган 25 яшар Зафар Анорбоевнинг отиб ўлдирилганини Ғаллаоролда каттаю кичик эшитган¸ бироқ унинг нима учун ўлдирилгани ҳақида халқ орасида турли тахминлар урчиган.

“Ҳақиқатни излаган эрим қамалди”

дейди Қорақалпоғистон республикасининг Амударё туманидан қўнғироқ қилган Гулбаҳор Камолова. Унинг айтишича, эри Олим Эшонқулов 15 йилдан бери тумандаги илғор фермерлардан бири бўлиб келган, ҳар йили давлат режалари ортиғи билан бажарилган. Гулбаҳор Камолова фикрича, Олим Эшонқулов туман ҳокимининг ноқонуний ишлари юзасидан ёзган арзу-шикоятлари сабаб ноқонуний тарзда унинг ерлари олиб қўйилган ва қамоққа олинган:

- Эрим 15 йилдан бери фермер. Фермерга раҳбарчилик қилар эди. Шу давр мобайнида пахта ва ғалла планини ҳар доим 100 фоизга бажариб келган. Давлатдан ҳеч қандай қарзи йўқ. Ўтган йил аризани сен ëзгансан деб, ўзи аризани бу ëзмаган, ишдан бўшатиб ташлашди.

Озодлик: Ким бўшатди?

- Ҳоким.

Озодлик: Амударë туман ҳокимими?

- Туман ҳокими Ражаббой Йўлдошев.

Озодлик: 15 йилдан бери яхши фермер бўлса, режаларни бажариб келган бўлса, нима учун ишдан бўшатиб ташлади? Бирор воқеа бўлдими?

- Шуни билмадим. Биз бўшаганини ҳам билмаганмиз. Пахта териб юраверганмиз. Ўтган йил январнинг 15ларида билиб қолганмиз. Кейин борса ариза бошқа томондан ëзилган. Кейин билди¸ бўшаганини. Ҳақиқатни излаб Тошкентда юрган эди¸ мана ушлаб қамаб қўйишибди.

Озодлик: Тошкентда қамаб қўйишибдими?

- Ҳа.

Озодлик: Қачон қамашибди?

- Икки кун бўлади.

Озодлик: Неча гектар ерларинг бор эди? Нима экардинглар?

- 67 гектар ер бор эди. Пахта билан буғдой экардик.

Озодлик: Ерларни оптималлаштириш ҳақида президент фармони чиққан эди. Балки шунинг учун қўшиб юборгандир?

- Оптималлаштирса, қўшиб беришдику бизга. Оптималлаштирилгандан кейин учта фермерни қўшиб катта қилиб беришди. 86 гектар бўлди.

Озодлик: Планлар ҳаммаси бажариларди.

- Ҳаммаси бажариларди. Мен ҳам бир томонида юрардимку.

Озодлик: Нима учун қамашган, нима учун ерни олиб қўйишганини билмай ҳайронсизда-а?

- Тополмаяпман. Топишда ëрдам беринг. Қаерда эканлигини ҳам билмаяпман. Жиноий иш қилмаса, одам ўлдирмаса. Ҳақиқатни изласа, йўқ бўлиб кетаваерадими? Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиқдику у, дейди Қорақалпоғистон республикасининг Амударё туманидан қўнғироқ қилган Гулбаҳор Камолова.


“Ғаллаоролда милиция нозирини ўлдириб кетишди”

дейди исми ошкор этилмаслигини илтимос қилган навбатдаги суҳбатдош:

- Яқинда Тошкент вилояти Қибрай тумани Чинобод санаториясида бир милицияни уриб ўлдириб қўйганлиги тўғрисида Озодлик бир нарса бердию. Ғаллаорол туманида ҳам ўшандан бир кундан кейин бир участка милиционерини отиб кетди.

Озодлик: Ким отиб кетди?

- Икки хил гап кетаяпти. Оти Зафар Анорбоев Тўраевич. Жиззах вилоятининг олдинги ҳокими бўларди Мусо Тўраевич деган. Шунинг укасининг ўғли. 1985 йил туғилган. Кўксув деганда участка нозири бўлиб ишларди. Биттаси айтаяптики¸ ов милтиғи билан отилгани аниқ¸ деб. Биттаси “Бир одамнинг хотинига бориб кечаси шу билан гаплашиб юраркан. У одам келиб ургандан кейин қочиб кетиб ўзин-ўзи отиб ўлдирди” дейди. Яна битта гап бўлаяптики, Қозоғистондан спирт, наша ўтади-да бу ëққа қараб қийшиқ йўлдан, шу йўлнинг устида отиб кетган. Шулардан нарса олиб турарканми, ушлаймиз деганда¸ отиб кетган деган икки хил нима бераяпти. Аниғини бермаяпти¸ ҳозирча. Отилгани аниқ. Оти Зафар. 1985 йилда туғилган бола. Шуни айтиб қўяй деган эдим Озодликка. Чет элда машина қулаб кетса эълон қилади, лекин бизда 50та одам отилиб кетса эълон қилмайди Ўзбекистонда. Шу нарсани хабар қилиб қўймоқчи бўлиб телефон қилаëтган эдим, дейди исми ошкор қилинишини истамаган жиззахлик.


“Руслар “кидала” қилишни ўзбеклардан ўрганди”¸

дейди Санкт Петербург шаҳридаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Улуғбек:

- Мен квартира ремонт қиламан бу ерда. Охирги пайтларда учта квартира қилдим питерлик ўрис боланинг қўлида ишлаб. Бизни кидала қилди у. Пул бермади-да. 79 мингча пулимиз қолиб кетди. Биз Ўзбекистон фуқаросимиз бу ерда. Қаерга бориб мурожаат қилсак бўлади? Бизнинг пулимизни бермай кетди. Мана 40 кундан бери ëтибмиз. Орада касал бўлиб қолдим мен.

Озодлик: Қанча ишладинглар у ерда?

- Икки ойча ишлаган пулимизни олганимиз йўқ. Мен, укам, яна бир жияним.

Озодлик: Бу шахсий уйми ëки нимами?

- Янги домлар борда. Халққа топширилган. Бизнинг посреднигимизнинг исми Слава. Ўрис. Питерлик 80-йил бола. Мендан икки ëш катта. Дўстона танишиб, довериега кирди-да у. Ишониб қолдим. Договор ҳам қилмадик. Оғзаки договор. Охирида бизнинг пулимизни бермай қочиб кетди.

Озодлик: Демак, сизлар ўзларингнинг соддаликларинг билан тушиб қолибсизлар.

- Ҳа. Милицияхонага борсам, “Агар договор қоғозинг бўлса, биз аралашамиз, олиб берамиз” дейди. Прокуратурага борсамми, Ўзбекистон элчихонасига борсамми нима қилишни билмай қолдик-да.

Озодлик: Сиз мана шундай фирибгарликнинг қурбони бўлибсиз. Россияда миллионлаб ўзбеклар бор. Бизнинг радиони миллионлаб одамлар эшитади. Нима деб маслаҳат берган бўлардингиз?

- Нима деб маслаҳат бераман? Шу бездоговор ишламаслик керак. Ўрисларга ўзимизнинг мусулмонлар, ўзбеклар ўргатган бу алдашни, кидала қилишни. Бирорта ўзбек ëки тожикнинг қўлига бориб ишласангиз, албатта¸ сизнинг пулингизни бермайди. Кидала қилади-да. Кидала деган сўз бор бу ерда. Шу ишни қилади. Чунки ўзимизнинг халқ очку. Ўрисларга шулар ўргатиб қўйди. Олдин ўрислар кидала қилмас эди ҳеч қачон, дейди Улуғбек.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG