Линклар

Мисрликлар Ҳусни Мубораксиз биринчи кунни бошладилар. Бутун мамлакат бўйлаб байрамона кайфият давом этмоқда. Айни пайтда¸ Миср олдида байрамдан бошқа кунлар ва мамлакат эртасини белгиловчи мураккаб саволлар ҳали очиқ қолмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама Мисрда тинч ҳокимият алмашинувини олқишлар экан, мамлакат халқи ўз иродасини ифода эта олди, халқ овозига қулоқ тутилди ва энди Миср ҳеч қачон аввалгидай бўлмайди, деб баёнот беди.

- Президент Ҳусни Муборак истеъфо берар экан, ўзгаришларни кутаётган мисрликлар талабига ён берди. Лекин бу ўтиш даври тугади дегани эмас. Ўтиш даври Мисрда энди бошланяпти.

Олдинда ҳали оғир кунлар ва ечилмаган масалалар турибди. Аминманки, мисрликлар бу муаммоларга ечим топади ва бу жараённи сўнгги кунлардаги каби биргаликда, тинч ва конструктив тарзда амалга оширади, деди Обама.

Вашингтон раҳбарига кўра, Қўшма Штатлар бундан буён ҳам Мисрнинг дўсти ва ҳамкори бўлиб қолади.

- Биз бу мамлакатга истаганча лозим ёрдамни беришга тайёрмиз, деди Оқ уй раҳбари.

Ўз баёнотида Обама, шунингдек, Миср ҳарбий қўмондонлигини мамлакатда демократияга ўтишни таъминлашга чақирди.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ўз баёнотида Миср халқининг жасоратига юқори баҳо берди.

- Мисрликлар ўз талабларининг бажарилиши уддастидан чиқаолди. Бу тинч амалга ошгани, қолаверса Миср халқининг жасорати тақсинга сазовордир, деди Пан Ги Мун.

БМТ раҳбари ўз баёнотида, шунингдек, Мисрга ёрдамларни ваъда қилди.

Айни пайтда Европа давлатлари Мисрга демократик жамият қурилишида кўмаклашишни ваъда қилмоқда.

Греция Бош вазири Йоргос Папандреу “Греция халқи демократия сари интилаётган мисрликлар билан бирдамдир. Биз доимо бу мамлакатнинг демократик интилишларига кўмаклашишга тайёрмиз”, деб муносабат билдирди.

Полша Ташқи ишлар вазирлиги Муборакнинг истеъфоси Миср тарихида янги саҳифа очилганидан дарак эканини, ҳамда Варшава мазкур ҳудуддаги барқарорликни тиклашда ҳисса қўшишга тайёрлигини маълум қилди.

Испания Ташқи ишлар вазири Тринидад Хименес ҳам ўз мамлакати Мисрга ўтиш даврида ёрдам кўрсатишга ҳозирлигини айтди:

- Испания ҳукумати Муборакнинг истеъфоси демократияга ўтишни енгиллаштиради ва Миср халқнинг қонуний талабларини қондиради, деб ҳисоблайди, -деб баёнот берди Испания вазири.

Айни пайтда мисрликлар Ҳусни Мубораксиз биринчи кунни бошламоқдалар. Қоҳира ва бошқа шаҳарларда Муборакнинг кетиши байрам қилинмоқда.

Мамлакатда намойишлар бошланганидан 18 кун ўтиб президент Ҳусни Муборакнинг истеъфоси эълон қилинди.

Мамлакат вице-президенти Умар Сулаймон Муборак истеъфо бергани ва мамлакатни бошқариш aрмия қўлига ўтди, деб баёнот берди.

Қоҳира майдонига тўпланган юз минглаб намойишчи "Миср озод", дея Муборакнинг кетишини байрам қилмоқда.

Аввалроқ Ал Арабия канали Муборак оиласи билан Қоҳирани тарк этгани ва Қизил денгизи соҳилидаги Шарм-аш-Шайхдаги резиденциясига йўл олгани ҳақида хабар қилгади.

Ундан олдин Миср Мудофаа вазири раҳбарлиги остидаги Олий ҳарбий кенгаш ўз баёнотида мамлакат армияси президентлик сайловларининг эркин ва адолатли ўтказилишига кафил бўлишини билдирган эди.

Мисрни 30 йил идора этган 82 яшар Ҳусни Муборак сўнгги бир ой ичида норозиликлар тўлқинида лавозимидан кетган иккинчи араб давлати раҳбари бўлди.

Муборак кетиши ортидан Миср мухолифати етакчиларидан бири Муҳаммад ЭлБарадей "Миср учун биринчи марта демократик ва эркин давлат бўлиш имконияти туғилди", деб баёнот берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG