Линклар

Тожикистонда жангарилар раҳбарининг отаси қамоққа олинди

  • Гулнора Равшан

Али Бедаки бундан бир ой аввал Руноб қишлоғида ҳукумат кучлари билан бўлган отишмада ўлдирилган эди.

Али Бедаки бундан бир ой аввал Руноб қишлоғида ҳукумат кучлари билан бўлган отишмада ўлдирилган эди.

Тожик мухолифати собиқ лидерларидан бири Али Бедакининг синглиси Шаҳодат Давлатова бундан бир ҳафта аввал Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган 76 ёшли отаси Музаффар Давлатовнинг озод этилишини сўраб Тожикистон раҳбариятига мурожаат қилди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Музаффар Давлатов ўғли Али Бедакининг жиноятларини атайлаб яширганликда ва ўзи ҳам ўғли тузган жиноий гуруҳга аъзоликда гумонланаётганини маълум қилди.

- Музаффар Давлатовга очилган жиноят иши устидан Тожикистон ҳарбий прокуратураси тергов олиб бормоқда. Музаффар Давлатов ўғли Али Бедакининг жиноятларини ҳуқуқ идораларидан яширгани баробарида, у тузган жиноий гуруҳга аъзоликда ҳам гумонланмоқда. Шунингдек, бу оила ўзларига тегишли фермада қурол-аслаҳа яширгани ҳам аниқланди, - дея билдирди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмудулло Асадуллоев.

Али Бедакининг синглиси Шаҳодат Давлатова эса отасига қўйилаётган айблар асоссизлигини таъкидлайди:

- Отамга қўйилаётган айбларнинг барчаси асоссиз. Отамни “Сен ўғлингни йўлдан қайтармагансан, бизни унинг ишларидан хабардор қилмагансан”, деб ҳибсда ушлаб туришибди.

Укам Алига насиҳат қилишнинг ҳожати йўқ эди. Чунки у бирор вақт ҳукуматга қарши митинг ўтказгани йўқ, иш ташлаш ҳам қилмаган. У Раштда ҳукумат кучлари томонидан ўтказилган ноҳақликлар туфайли тоққа қочиб кетган эди.

Отам кексайганига қарамай, ҳозирга қадар ҳалол меҳнати ортидан нон ерди. Акаларим бизнес қиларди ва имкони борича ўз кучи билан рўзғорини тебратиб турганди. Лекин ҳукумат фақат уларни таъқиб қилиб, таҳдид ва босим ўтказди ,- дейди Шаҳодат Давлатова.

Шаҳодатнинг фикрича, ҳукумат одамларининг асоссиз таъқиблари Алининг террорист бўлишига туртки бўлган.

Шаҳодат отасининг ҳибсдан озод этилишини сўраб Раштдан Душанбега келганини айтди.

Тожик жамиятида Али Бедаки лақаби билан танилган қўмондон Аловиддин Давлатов ўтган йил кузида Рашт водийсида ҳукумат кучлари билан жанг қилган эди.

Бир қатор махсус амалиётлар натижасида Али Бедаки ва унинг билан яна етти жангари бундан бир ой аввалроқ Руноб қишлоғида ҳукумат кучлари томонидан ўлдирилган.

Аснода оқловчи Ўринбой Бобошеров ўз ҳимоясидаги Музаффар Давлатовнинг устидан жиноят иши очилгани ва тергов давом этаётганини
билдирди.

- Иш билан танишиб чиқдик. Давлатовнинг дастлабки кўрсатмаларида ҳақиқатан ўғлининг уйига шубҳали одамлар келиб, маслаҳатлар бўлгани айтилган. Лекин ҳар гал отаси ўғли Али Бедакига “Бу йўлингдан қайт, ундай одамларга қўшилма”, деганда, ўғли “Ота, сиз бу ишларга аралашманг, бизга тегманг”, деган жавоблар олган. Хуллас ҳимоямдаги Музаффар Давлатов ўша кўрган ва билган ишларидан ҳуқуқ идораларини вақтида огоҳлантирмагани учун айбдор деб топилмоқда. Аммо ўғлининг жиноий гуруҳига аъзолиги эса шунчаки гумон, ҳали у исботланиши керак, - дейди оқловчи Ўринбой Бобошеров.

Давлатовлар оиласининг яна бир аъзоси, Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Рашт водийсидаги фаоли Ҳусниддин Давлатов бундан бир неча кун аввал Душанбе шаҳар суди ҳукми билан 11 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Шаҳодат Давлатованинг Озодликка маълум қилишича, Али Бедакига тегишли мулк давлат ҳисобига мусодара қилинган.

- Алининг ўлимига бир ойдан ошганига қарамай, - дея қўшимча қилади Шаҳодат Давлатова, - ҳуқуқ идоралари унинг жасадини оиласига қайтармаган.

Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров матбуот анжуманида журналистларнинг Али Бедаки ва жангариларнинг жасадлари қайтарилишига оид саволларига жавоб берар экан, “Терроризм тўғрисидаги қонун”нинг 19 моддасига мувофиқ жангарилар жасадлари тупроққа топширилганини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG