Линклар

Мисрда Ҳусни Муборакнинг кетиши бошқа араб раҳбарларини чўчитиб қўйди


Мисрда президент Ҳусни Муборак истеъфоси ортидан кўпгина араб давлатларида хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Тунис ва Мисрда мустабид раҳбарларнинг тахтдан ағдарилишига олиб келган норозиликлар тўлқини айрим араб давлатлари ҳукуматларини ҳавотирга солган.

Жазоир пойтахт марказига бугун қўшимча ҳарбий ва хавфсизлик кучлари ташланди.

Мамлакат мухолифати фуқаро эркинликлари таъминланиши талаби билан бугун намойиш ўтказмочи эди.

Баҳрайнда мухолиф гуруҳлар 14 феврал куни шиа гуруҳлари камситилишига қарши норозилик ўтказиш тараддудида.

Қувайтда кеча оммавий тадбирлар ва жума кунги ибодатлар тақиқлаб қўйилди.

Саудия Арабистонида бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари мухолифат партияси тузишга изн сўраб қиролга мурожаат қилди.


Иордания пойтахти Аммондаги Миср элчихонаси олдида тўпланиб, бугун минглаб иорданиялик Ҳусни Муборак кетганини байрам қилди ва Миср халқига ҳайрихоҳлик билдирди.

Дина ал Масри уларнинг бири:"Келажакка ишончим кучайди. Араб халқлари ўзоқ йил ўлик халқлар эди ва бугун биз қайта туғилгандаймиз.

Мен ўзимни қайта туғилгандай ҳис этяпман. Бугунги ҳодисалар ҳокимиятда узоқ қолишни ният қилаётган ҳар бир араб етакчиси учун сақбоқ бўлади деб ўйлайман. Агар қайси раҳбар халқи учун яхшилик қилмаса уларнинг ҳам қисмати шундай бўлади", - дейди Дина ал Масри.

XS
SM
MD
LG