Линклар

Имомали Раҳмон диний экстремизм кучаяётганидан ташвишда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон жорий йил бошидан давлат қайдидан ўтмаган бирорта ҳам масжид фаолият юритмаслиги лозимлигини айтди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон жорий йил бошидан давлат қайдидан ўтмаган бирорта ҳам масжид фаолият юритмаслиги лозимлигини айтди.

Ортда қолаётган ҳафта сўнгида мамлакат Хавфсизлик Кенгаши йиғинига раислик қилган Имомали Раҳмон дин уламолари фаолиятидан ва республика айрим ҳудудларида экстремистлар тобора жонланаётгани юзасидан хавотир билдирди.

- Масжид фақат намоз ўқиладиган жой. Бироқ бугун айрим масжидлар экстремистик ғояларни тарғиб қилиш минбарига айланиб, шу йўл билан ёшларни турли оқимларга жалб этиш маконларига айланиб қолмоқда. Рашт воқеалари ҳам айнан шундай масжидлардан бошланганини эсдан чиқармайлик, - дея таъкидлади давлат раҳбари жума куни бўлиб ўтган Хавфсизлик Кенгаши йиғинида.

Президент Имомали Раҳмон мулоҳазасича, республиканинг Рашт водийси, Сўғд, Хатлон вилоятлари ва Рудакий, Ваҳдат, Ҳисор минтақаларида фаолияти кучаяётган диний экстремистлар хорижлик раҳнамолари кўмагида Тожикистондаги конституциявий тузумни зўравонлик йўли билан ўзгартиришни мақсад қилиб олган.

Давлат раҳбарининг айтишича, жорий йил бошидан давлат қайдидан ўтмаган бирорта ҳам масжид фаолият юритмаслиги лозим эди.

- Аммо аксарият шаҳар ва туманларда умумий таълим мактабларидан масжидлар сони кўпроқ бўлиб, шу кунда тахминан 1250 масжид давлат қайдисиз фаолият юритмоқда, - дея билдирди тожик президенти.

Имомали Раҳмон ёшларнинг хорижий давлатлардаги диний ўқув юртларида таълим олаётганига ҳам тўхталиб, айни пайтда ноқонуний мадрасаларда 2138 нафар тожикистонлик таҳсил олаётганини қистириб ўтди.

- Экстремистик гуруҳ вакиллари ва тарафдорлари ўзларининг шум ниятларини амалга ошириш мақсадида ўсмирлар ва ёшларга диний таълим бериш ниқоби остида уларни экстремистик гуруҳлар ва турли оқимларга жалб қилади. Сўнгра бу ёшларни бошқа давлатларга меҳнат муҳожирлиги олиб бориб, ўша ердан айрим ислом мамлакатларидаги диний-экстремистик таълимгоҳларга жойлайди. Ёшларни моддий ва маънавий жиҳатдан ўзига қарам қилиб олгач, келгусида улардан ўзларининг ғараз ниятлари учун фойдаланишади, - деди Имомали Раҳмон.

Аснода тожик жамиятидаги айрим сиёсатчилар ва диндорлар президентнинг бу ташвиши ўзлари учун тушунарсиз эканини айтмоқдалар.

Жумладан, Тожикистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари, айни пайтда дин олими Акбар Тўражонзода республика масжидлари экстремистлар минбарига айланиб қолганига оид президент иддаоларини рад қилади.

- Таниқли дин уламолари орасида мамлакатда констутициявий тузумни зўрлик йўли билан ағдаришга уринаётган ва бунинг учун масжидларни ўзига минбар қилиб олган шахслар йўқ. Мамлакатдаги вазиятни бунчалик хавфли қилиб кўрсатишнинг сабабини тушунмайман. Лекин, менимча, бундан кўзланган асосий мақсад яна мамлакатда диний ва сиёсий эркинликни чеклаш бўлса керак. Албатта, фуқаролар ҳижоби, соқоли учун ҳуқуқ-тартибот идораларида ҳуқуқлари поймол қилинаётганидан норозилик билдиришади. Лекин бу ҳали улар давлат тўнтариш уюштириш учун уринаётганини англатмайди, - дейди жамиятда таниқли дин уламоси Акбар Тўражонзода.

Таҳлилчи Зафар Қурбонов фикрича, диний экстремизмга қарши кураш борасида мамлакатда аниқ бир дастурнинг йўқлиги бу йўналишда айрим чалкашликлар туғдираётибди.

- Тўғри, жамиятда диний экстремистлар бор. Лекин ўшаларга қарши курашаётган идоралар махсус дастурга эга эмаслиги ишни чигаллаштирмоқда. Менимча, ҳаммани бир рўйхатга киритиш ва ҳаммага “экстремист” деб қараш нотўғри. Бундай нотўғри талқин бора-бора салбий оқибатларга олиб бориши табиий, - дейди мустақил таҳлилчи Зафар Қурбонов.

Шу ўринда айтиш жоизки, феврал бошида Американинг “Time” журнали экспертлари “Имомали Раҳмон ўз авторитар сиёсатини экстримизм ва террорчиликка қарши йўналтирганини намойиш этса-да, аслида эса Тожикистонни ўз мулки сифатида бошқариб келаётгани”ни айтиб, президент Имомали Раҳмонни "ҳокимияти хавф остида қолган раҳбарлар" ўнлигига киритган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG