Линклар

Роберт Блейкнинг Марказий Осиёга сафари бошланди


АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк ўтган йил ёзида ҳам Ўзбекистонга ташриф буюриб, Қирғизистондан ўтган ўзбек қочқинлари вазияти билан танишган эди.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк ўтган йил ёзида ҳам Ўзбекистонга ташриф буюриб, Қирғизистондан ўтган ўзбек қочқинлари вазияти билан танишган эди.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси жорий ҳафтани Туркманистон ва Ўзбекистонда ўтказмоқчи. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг сайти маълумот тарқатди.


14 феврал куни Туркманистон пойтахтига учиб келган Роберт Блейкнинг чоршанба куни ҳукумат расмийлари, корчалонлар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашиши, сўнгра Тошкентга жўнаб кетиши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Ўзбекистон пойтахтига келгач, расмийлар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашади.

17-18 феврал кунлари жаноб Блейк Тошкентда ўтказилажак икки томонлама маслаҳатлашувларда АҚШ делегациясига раҳбарлик қилади. Шунингдек, у 18 феврал куни ўтказиладиган Ўзбекистон-АҚШ бизнес-форумида ҳам иштирок этади.

2010 йилнинг 15 декабр куни ўзбекистонлик журналистлар билан ўтган телефон орқали матбуот анжумани чоғида Роберт Блейк ўтган йили АҚШ Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаганини қайд этганди.

- Биз Ўзбекистон ҳукумати билан, жумладан, хавфсизлик ва Афғонистонни тиклаш масалаларидаги ҳамкорлик даражасидан жуда қониқдик. Биз бу ҳамкорлик жуда қадрлаймиз ва уни кенгайтириш ниятидамиз, - дер экан АҚШ давлат котиби ёрдамчиси бу каби ҳамкорликнинг 2011 йилда ҳам давом эттирилишини таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида илиқ муносабатларни тиклашга дипломатлар 2005 йилдаги Андижон воқеалари ортидан Қўшма Штатларнинг Хонободдаги базаси ёпилганидан буён уриниб келадилар. Ана шу ҳаракатлар натижаси ўлароқ 2009 йилнинг декабр ойида Вашингтонда Ўзбекистон-АҚШ консультациялари ўтказилганди. Иккинчи босқичи жорий ҳафтада ўтказилиши кутилаётган бу маслаҳатлашувларда, АҚШ Давлат департаменти вакилларининг қайд этишларича, стратегик ҳамкорлик, инсон ҳуқуқлари, иқтисодий масалалар ва минтақага таҳдид солаётган хавф-хатарлар каби масалалар кўриб чиқилиши режаланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG