Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:59

Тожикистонда болафуруш аёллар ҳибсга олинди


Таҳлилчиларга кўра, тожикистонлик аёлларнинг бола савдосига қўл уришга иқтисодий тақчиллик мажбур қилмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, тожикистонлик аёлларнинг бола савдосига қўл уришга иқтисодий тақчиллик мажбур қилмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Сўғд вилоятининг Исфара туманида яшовчи Зебо Эминова тўрт ёшли ўғлини 25 минг АҚШ долларига сотаётган пайтда ҳибсга олинган.

У илгари судланган Марҳабо Гулова ҳамда Рудакий туманида истиқомат қилувчи Зебо Ашурова билан ўзаро тил бириктириб, бола савдосига қўл урган.

Болафуруш она ва харидор айни пайтда ички ишлар бўлимининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда.

Зебо Эминованинг қўшниси Шаҳлонинг айтишича, бу оила серфарзанд, тирикчилиги оғир. Боз устига, эри ҳам ишламайди, доим маст аҳволда юради.

- Бу оилани ҳаёт синовлари анча қийнади, лекин ҳаммасидан ҳам кўпроқ Зебо қийналиб кетди. Унинг эри оиласи яхши яшаши учун қайғурмас эди. Бечора хотинига қийин, эри уравериб, қўрқитиб қўйган. Назаримда, ҳар қандай шароитда ҳам инсон ўз фарзандидан воз кечмаслиги керак, - дейди Шаҳло.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази маълумотларига мувофиқ, жорий йилда фарзанд сотиш билан боғлиқ ҳолат биринчи марта қайдга олинган.

Ота-оналар ўз фарзандларини сотишга нима мажбур қилаяпти? Маҳаллий кузатувчи Абдурасул Мамадалиевнинг айтишича, бундай салбий иллатларнинг кўпайишига кўпроқ мамлакатдаги ижтимоий аҳволнинг оғирлиги сабаб бўлмоқда.

- Мана шундай даҳшатли воқеалар мамлакат аҳолисининг иқтисодий аҳволи нечоғли эканини кўрсатиб турибди. Бундай воқеани эшитиб, даҳшатга тушади одам. Чунки ўша одамнинг руҳини ҳам, қалбини ҳам ва маънавий оламини ҳам иқтисодий қийинчиликлар кемириб ташлаган. Унинг кўзига пуштикамаридан пайдо бўлган фарзанди эмас, балки яшаш учун керак бўлган восита кўринаяпти, холос, - дейди Абдурасул Мамадалиев.

Маҳаллий таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, мамлакатда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш каби дастурлар ўтмишда қолиб кетган. Республика ҳукуматининг жорий йил феврал ойида қабул қилган қарорига биноан кўп болали ва янги туғилган болаларга бериладиган моддий ёрдам миқдори қисқартирилган. Эндиликда кам таъминланган ва кўп болали оилаларга ҳар ойда илгариги 80 сомоний (20 АҚШ доллари) ўрнига 20 сомоний (5 АҚШ доллари) миқдорида моддий ёрдам берилади.

Сўғд вилоятидаги Болалар хуқуқларини ҳимоя қилиш комиссияси раҳбари Рухсора Каримхўжаеванинг айтишича, бугунги кунда жуда кўп ёш болалар турли хил зўравонликлар дуч келиб, одам савдоси қурбонига айланмоқдалар.

Ана шундай болаларни аниқлаш, уларни янги ҳаётга қайтариш учун вилоят ҳукумати ва Халқаро миграция ташкилоти кўмагида вилоятда болаларга бошпана берадиган марказ ташкил этилган.

“Марказ одам савдоси қурбони бўлган, оилада турли хил зўравонликларга учраган, ҳаётдан кўнгли совиб кетган болаларни ўз ҳимоясига олади. Бундай болалар борлигини сизлар қандай қилиб аниқлайсизлар?” деб сўраймиз комиссия раҳбаридан.

- Аввало, давлат ташкилотлари билан мустаҳкам алоқамиз бор, ички ишлар бўлимлари билан ҳам. Аста-секин одамлар ишончига кирдик. Масалан, ўтган йили вилоят шарқидан бир аёл келиб, олти ойлик боласини сотмоқчи бўлди. Икки ой давомида вакилларимиз у билан тушунтириш ишларини олиб борди. Бу муддат ичида эса фарзанди марказда сақланди. Ҳозир ўша аёл ишлаяпти, фарзанди икки яшар бўлиб қолди, - дейди Рухсора Каримхўжаева.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йилда мамлакатда одам савдоси билан боғлиқ 600 га яқин жиноий иш қўзғатилган. Биргина Сўғд вилоятида бола сотиш билан боғлиқ олтита жиноят содир этилган. Сотилажак гўдакларнинг икки нафари бир ҳафталик чақалоқ бўлган.
XS
SM
MD
LG