Линклар

Ана шу қўрқув боис Эрон махсус хизматлари мухолифатнинг Миср ва Тунисдаги инқилобчи халқ билан ўз бирдамлигини ифодалаш мақсадида уюштирган намойишларини бостиришга уринмоқда.


Қўрқоқ олдин мушт кўтарар – Теҳрон режими Миср ва Тунисдаги аксилҳукумат намойишларига чиққанларга ўз бирдамлигини ифодалаш ниятида кўчаларга чиқишга аҳд қилган мухолифатчиларга қарши зарба беришга киришди.

14 феврал кунга белгиланган мухолифат намойиши катталашиб улгурмасдан уни тарқатиш мақсадида Теҳрон марказий кўчалари ва хиëбонлари Эрон хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қаттиқ қўриқланмоқда¸ мухолифат раҳбарлари уйи махсус назоратга олиниб¸ уларга элтувчи йўллар тўсиб қўйилган.

Эронликларни тинч аксилҳукумат намойишлари натижасида узоқ йиллик диктаторлардан қутулган Миср ва Тунис халқига бирдамлик намойишлари ташкилотчиларидан бири сўнгги президентлик сайловларида Маҳмуд Аҳмадийнажодга мухолиф номзод бўлган Мир Ҳусайн Мусавийдир. Айнан намойиш белгиланган кунда Мусавийнинг уйига кириш-чиқиш йўллари бекитилгани баробарида¸ унинг уй телефони узиб қўйилди¸ веб саҳифасига кириш эса¸ оғирлаштирилди.

Бу ҳақда Мусавийга қарашли Kaleme.com вебсайтида хабар берилди.

Мусавийнинг Парижда фаолият юрғизаëтган ëрдамчиси Ардешир Амир Аржуманднинг Озодлик мухбирига билдиришича¸ Эрон мухолифатининг Яқин Шарқдаги демократик ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида намойиш ўтказишининг ўзиëқ катта ғалабадир.

- Таҳдид ва қўрқитиш усулларини ишга солиб¸ бундай намойишлар олдини олишга уринаëтганлар ҳам буни яхши билади. Бу намойишларнинг¸ ташкилотчилар ҳаракат қилаëтган каби¸ имкон қадар тинч ва бехатар тарзда ўтишига умид қилаяпмиз. Шу боис¸ эронликларга ўз ҳаракатимизнинг тинч экани ва демократиянинг бутун дунë каби Эрон учун ҳам муҳимлигини тушунтирмоқдамиз. Биз Миср халқи тарафидамиз. Биз бутун дунëдаги демократия тарафдорлари тарафидамиз.

11 феврал куни Мисрда 18 кун давом этган норозилик намойишлари оқибатида Ҳусни Муборакнинг истеъфога чиқишга мажбур бўлгани Эронда исломий инқилобнинг 32 йиллиги билан айни кунга тўғри келди. Инқилоб кунги байрам тадбирларида президент Маҳмуд Аҳмадийнажод Яқин Шарқда авторитар режимларни қулатаëтган инқилобларни¸ 1979 йилги Эрон ислом инқилобининг мантиқий давоми¸ дея иддао қилди.

- Яқин кунларда АҚШ ва сионист режим аралашувидан озод янги Яқин Шарқ пайдо бўлади ва бу янги Яқин Шарқда босқинчиларга ўрин бўлмайди¸ деди 11 феврал куни исломий инқилоб муносабати билан ҳукумат уюштирган тадбирда сўзлаган Маҳмуд Аҳмадийнажод.

Айни пайтда¸ Теҳрондаги муллалар режими Тунис ва Мисрдаги халқ исëнини ўз инқилобининг боласи дея талқин қилаëтган бўлса-да¸ Эрон мухолифатининг ҳам бу байрамга қўшилишига жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатмоқда. Бундай қаршилик сабаби эса¸ таҳлилчилар ва мухолифатга кўра оддий – Эрон режими мисрликлар билан бирдам эканини ифодалаш учун кўчаларга чиқадиган халқнинг ўзига қарши исëн бошлашидан қўрқмоқда.

Ҳозирча оятуллоҳлар режимидан безган эронликлар ўз қаҳр-ғазабини кўчаларда ифода этишга муваффақ бўлмаëтган эса-да¸ бу норозиликни 14 февралга ўтар кечаси ўз томларига чиқиб “Оллоҳу акбар!” “Йўқолсин дикаторлар” дея қичқирганлар пардалироқ қилиб ифодаладилар.

Сўнгги хабарларга қараганда¸ Теҳрон расмийларининг мухолифат намойишини тақиқлаганига қарамай¸ бир неча юз одам Эрон пойтахтининг марказий кўчаларида юриш қилган. Айни пайтда¸ мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам кичик намойишлар бўлиб ўтгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG