Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:12

Миср инқилоби акс садо бермоқда


Миср инқилоби бутун Араб дунёсида демократик ислоҳотларга оид чақирувларга сабаб бўлмоқда.
Миср инқилоби бутун Араб дунёсида демократик ислоҳотларга оид чақирувларга сабаб бўлмоқда.

Мисрда ҳокимиятни ўз қўлига олган Олий ҳарбий кенгаш парламентни тарқатиб, мамлакат конституциясини вақтинча бекор қилганидан кейин намойишчиларнинг аксари Қоҳиранинг Таҳрир майдонини тарк этди. Лекин Ҳусни Муборакни ҳокимиятдан ағдарган халқ исёни акс садоси тинчигани йўқ.


Ўтган ой охирида намойишлар бошланганидан бери Таҳрир майдони атрофида душанба куни машиналар ҳаракати биринчи марта кузатилди. Бу Қоҳирада кундалик ҳаёт ўз изига тушаётганидан даракдир. Олий ҳарбий кенгаш икки кун аввал ҳокимиятни ўз қўлига олгач, аскарлар Таҳрир майдонида қолаётган намойишчиларни тарқатишга уринмоқда.

Таҳрир майдони ўтган жума куни президент Ҳусни Муборакни ҳокимиятдан ағдарган намойишларнинг маркази бўлди.

Миср бошқарувини ўз қўлига олган ҳарбийлар парламентни тарқатиб, мамлакат конституциясини вақтинча бекор қилишни ваъда қилгани боис намойишчиларнинг аксари Таҳрир майдонини тарк этди.

Қуролли кучлар Олий кенгаши якшанба куни телевидение орқали эълон қилган баёнотида давлат бошқарувини олти ой давомида ёҳуд сайловлар ўтказилгунига қадар ўз назоратида қолдиришини маълум қилди.

Ҳокимиятдан четлатилган президент Ҳусни Муборак тайинлаган вазирлар маҳкамаси ўз ишини давом эттиради, лекин армия қўмондонларига бўйсунади.

Бу баёнот парламент ва конституцияни Муборак ясаган коррупцион тизимнинг бир қисми деб билувчи намойишчилар томонидан олқишланди.

Қоҳиралик Ҳасан Алайдий Ройтерс агентлигига бундай деди.

- Олий ҳарбий кенгаш қабул қилган қарор – озодликнинг энг юқори тамойилларига кўра янги ҳаёт бошлаш мақсадида янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда халқ кенгаши ва парламентни тарқатиб юбориш қарори тўғри бўлди. Миср бу жараённи бошлади ва тинч йўл ҳамда ишонч билан тўғри йўлдан кетмоқда. Кўчага чиққан намойишчилар ана шуни истайди.

Армия Таҳрир майдонини қолаётган норозилардан тозалашга уринмоқда. Ҳибсга олиниш таҳдидига қарамасдан майдонда қолаётган оз сонли намойишчилар ҳарбийлардан ҳокимият тизгинини фуқаровий маъмуриятга топширишни талаб қилмоқда.

Норозиликни давом эттираётганларнинг баъзилари инқилоб мақсадларини ҳимоя қилиш ва ҳарбийларга босим ўтказишни давом эттириш мақсадида Ишончли вакиллар кенгаши, деб аталаётган тузилмани ташкил қилди.

Бироқ мисрликларнинг аксари нормал ҳаётга қайтиш истагидадир. Пойтахт Қоҳирадаги дўконларнинг кўпчилиги очилди ва тадбиркорлар катта зиён келтирган норозиликлар барҳам топишига умид қилмоқда.

Бош вазир Аҳмад Шафиқ якшанба куни қилган чиқишида муваққат ҳукумат учун энг устувор масала “хавфсизликни тиклаш ва фуқароларнинг кундалик ҳаётини изига тушириш” эканини баён қилди.

Муваққат ҳукумат Муборак давридаги собиқ вазирларнинг баъзиларига қарши илгари сурилган айбловлар юзасидан тергов олиб борилаётганини тасдиқлади. Муборак режимига яқин шахслар ўзлаштирган маблағларни қайтариш уринишлари ҳам амалга оширилмоқда.

Бироқ мамлакатда барқарорлик ўрнатилиши осон бўлмайдиган кўринади.

Муборак режимини ағдарган исён ишчиларнинг ўзлари учун яхшироқ шароитлар ва коррупцияга қарши кескин курашни талаб қилиб, иш ташлашлар ўтказишларига сабаб бўлди.

Душанба куни Қоҳирадаги Искандария Банкининг юзлаб ходимлари банк биноси олдида намойиш ўтказиб, ўз бошлиқларининг истеъфосини талаб қилди.

Душанба куни банклар ёпиқлигича қолди, сешанба куни эса Мисрда миллий байрам нишонланади.

Қоҳирани тарк этиб, Шарм аш-Шайх курортидаги қароргоҳида яширингани айтилаётган Муборакнинг келажаги ҳозирча мавҳум бўлиб қолмоқда.

Унинг ағдарилиши бутун Араб дунёсида демократик ислоҳотларга оид чақирувларни келтириб чиқарди. Жазоир ва Яманда аксил-ҳукумат намойишлари авжига чиқмоқда.

Душанба куни Яманда минглаб талаба ва ҳуқуқшунослар узоқ йиллардан бери ҳокимият тепасида қолаётган президент Али Абдуллоҳ Солиҳнинг истеъфосини талаб қилиб кўчага чиқди.

Фаластин Бош вазири Салом Файод ҳам душанба куни ўз етакчилигидаги ҳукуматнинг истеъфоси ҳақида ариза берди. Кўпчилик бунга Тунис ва Мисрдаги халқ исёни сабаб бўлганини айтмоқда.

Президент Маҳмуд Аббос маъмурияти ҳукумат истеъфосини қабул қилгани ва Файодга янги ҳукумат тузишни топширганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG