Линклар

НАТО вакили Марказий Осиё расмийлари билан келишмоқчи


НАТО Бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Жеймс Аппатурай ўзининг Марказий Осиё мамлакатларида ўтказажак музокаралари осон кечмаслигини тахмин қилади.

НАТО Бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Жеймс Аппатурай ўзининг Марказий Осиё мамлакатларида ўтказажак музокаралари осон кечмаслигини тахмин қилади.

НАТО Бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Жеймс Аппатурай халқаро кучлар юкларини Афғонистондан Россия орқали олиб чиқиб кетиш учун минтақа мамлакатлари билан келишиш лозимлигини айтаркан, бу борада муаммолар бўлиши мумкинлигини истисно қилмайди.

НАТО Бош котиби ёрдамчиси жаноб Аппатурай бу борада музокара олиб бориш учун Марказий Осиё мамлакатлари расмийлари билан алоқа ўрнатилганини ва яқин орада ўзининг минтақага жўнашини маълум қилди.

- Европадан Афғонистонга юкларни транзит қилиш ҳақида келишувларни бошлаган пайтимизда биз буни Россиядан бошлагандик, кейин эса бу занжирнинг барча ҳалқаларини улаш учун шартномалар тузиш лозим эди. Эндиликда Россия юкларни ортга қайтаришни йўл қўйишни таклиф қилди ва биз бу занжирнинг бошқа ҳалқалари билан шартнома тузиб, юкларни ортга қайтаришимиз керак. Бу эса анча вақт талаб қилиши мумкин, - деди НАТО вакили россиялик журналистларга берган интервюсида.

Жаноб Аппатурай бу борада қатор муаммолар мавжудлигини, минтақа мамлакатлари ҳудудидан олиб ўтилажак контейнерлар ичидаги ашёларни назорат қилиш, бу юкларни олиб ўтувчи шахсларнинг ҳуқуқий мақоми, транзит юклари учун тўланадиган ҳақ масалалари шулар жумласидан эканини айтди.

Россиянинг НАТОдаги вакили Дмитрий Рогозин Афғонистондаги халқаро кучлар юкларининг акс транзитига Марказий Осиё мамлакатларининг позицияси ҳалақит бераётганини қайд этди.

Рогозинга кўра, Россияда мамлакат ҳудуди орқали юк ташиш масаласини ҳукумат ҳал қилса, Ўзбекистон ва Қозоғистонда бунинг учун маҳаллий парламент розилиги ҳам кераклигини қўшимча қилди.

Бироқ Марказий Осиё мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистонда президентнинг парламентга таъсири кучли эканини қайд этаётган кузатувчилар НАТО вакилларини айнан шу ҳолат хавотирга солаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қиладилар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг давлатга қарашли темир йўл ширкати 1 февралдан бошлаб Афғонистондаги АҚШ ва халқаро коалиция кучлари учун мўлжалланган юклар учун белгиланган тарифни оширганди.

Бу ҳақда фикр билдирган таҳлилчилар мазкур қарорни “президент Каримов Брюсселда яхши кутиб олинмагани учун ўч” тадбири ўлароқ талқин қилгандилар.

- 24 январ куни Каримов Брюсселга борди ва бу ерда НАТО Бош котиби билан учрашди. Афтидан, бу учрашув Каримов кутган каби яхши ўтмаган. Боз устига, Расмуссен Ғарб мухбирлари олдига чиқиб¸ “Биз Каримовни бу ерга таклиф қилганимиз йўқ. Унинг Брюсселга келганини эшитиб¸ бир учрашиб қўйишга қарор қилдик”¸ дея баëнот бердики¸ бундай гап ҳам Каримов нафсониятига теккан бўлиши мумкин. Шу боис Тошкентга қайтгач Каримов¸ НАТО ва Америкадагиларни жазолашга қарор қилган ва нархларни кескин оширган бўлиши мумкин¸ дея мулоҳаза билдирганди аввалроқ EurasiaNet нашрининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Дейрдре Тайнан.

Таҳлилчилар Аппатурайнинг минтақа сафари бу гал ҳам минтақа лидерларининг кайфиятига боғлиқ бўлишини интисно қилмайдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG