Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:31

Сиз ўшликларга 10000 доллар бердингиз


Озодлик мухлислари Ўш қирғини қурбонларига юбораётган ёрдам тўхтагани йўқ.
Озодлик мухлислари Ўш қирғини қурбонларига юбораётган ёрдам тўхтагани йўқ.

Украинада яшаётган қирғизистонлик ўзбеклардан бири 11 феврал куни Ўшга жўнатган 1000 долларни қўшиб ҳисоблаганда, Озодлик тингловчилари июн қирғинидан жабр кўрганларга кўрсатаётган молиявий ёрдамнинг умумий миқдори 10 минг доллардан ортди.


Украинада яшаётган қирғизистонликнинг 1000 долларли ёрдами жузъий қисқартишлар билан таҳрирсиз келтираётганимиз мана бу хатга жавоб бўлди:

М У Р О Ж А А Т Н О М А

Озодлик радиоси тахрирятига.

2010 йил 11 июн куни эрталаб 1988 йилда тугилган углим Мухамадов Муролимжон Зайнабединов кучасига дуконга чикиб кетаётган пайитда тополон бошланиб кетиб,оркага кайтаётганда ук орка белидан кириб киндигини юмириб кетган икки соатдан кейин ук ёмгири остидан олиб чикиб, эплаб Хужаобод касалхонасига олиб бордик.У ерда биринчи операцияни килишди,бир хафтадан кейин Андижонда операция килишди.Сал узига келганда яна кайтариб Ушга олиб келдик, мана шу кунгача беш марта операция булди,мана тукиз ой булди характ килиб урнидан туролмайди ,кариндош уруг,махала куй ва сизлар берган ёрдамга охирги операцияни килдирган эдик,хозир яна операция килиш керак ноилож утрибмиз,Ойиламиз БМТ берган инсонпарварлик ёрдамлари эвазига жон саклаб турибди.Углимни операциясига пул тополмай сизларга мурожат килишга мажбурман.Илтимос Оллохни йулида углимни хаётини саклаб колишга ёрдам беринглар.


Хурмат билан... (имзо, адрес, телефон номери)

Бу хат Озодликка 9 феврал куни етиб келган эди. Уни сайтимизда эълон қилиб, Сиз тингловчидан яна пул сўрашга истиҳола қилдик ва хатни конкрет бир шахсга "имконингиз бўлса, ёрдам қилинг", деб юбордик.

Мурожаатимиз жавобсиз қолмади. Жўнатилган 1000 долларнинг ярми пул сўраган оилага, қолгани яна икки муҳтож оилага бўлиб берилди.

Бу ҳақда Озодлик тингловчилари жўнатаётган ёрдам пулларини қабул қилиб олиб, муҳтожларга тарқатаётган гуруҳ вакили хабар қилди.

Вакил, шунингдек, тарқатилган молиявий ёрдам ҳисоботини тингловчиларимизга етказиб қўйишимизни сўради.

Қўлимизда ўша ҳисобот ва ёрдам олган ўшликлар рўйхати.

Рўйхатда молиявий ёрдам олган ўшликнинг исм-фамилияси, адреси, телефони келтирилган. Шунингдек, нима учун ва неча пул олгани тўғрисида изоҳ битилган.

Ўз хавфсизлигини ҳамда ёрдамни қабул қилиб олганлар хавфсизлигини ўйлаб ёрдамни тарқатган гуруҳ умумий маълумотларни эълон қилиш билан чекланишимизни сўради.

Эҳсон пули кимларга тарқатилди?

Қўлимиздаги рўйхатда 74 кишининг исм-фамилияси бор, уларга ҳаммаси бўлиб 7839 доллар тарқатилган. (Қолган пул ҳақида қуйироқда ўқинг)

Ҳисобот муаллифлари, рўйхатда бир неча кишининг исми такрорланганини айтди.

"Такрор келтирилгани сабаби шуки, ўша бир неча кишига икки ёки уч мартадан ёрдам кўрсатилган ва ҳар гал алоҳида тилхат олинган", деди ҳисоботни Озодликка тақдим этган гуруҳ вакили.

Демак, берилган ҳар бир сумма ёрдамни олган кишининг тилхати билан ҳужжатлаштирилган.

Ёрдам Ўшнинг Волгоград, Амир Темур, Каримов, Помир, Мўминова, Ленин, Ниёзов, Латифжонов, Шамшод, Баҳор, Қизил Аскар, Шавкат Раҳмон ва бошқа кўчаларида, шаҳар четидаги Қирғиз чек, Моди ва бошқа қишлоқларда яшаётган муҳтожларга тарқатилган.

Шуни айтишимиз керакки, молиявий ёрдам кампанияси дастлаб қирғин кунларида ва ундан кейин зўрланган қизлар ва келинчакларга мўлжалланган эди.

"Бироқ ёрдам оқими кутилганидан кўпроқ бўлгани учун эҳсон пуллари бошқа муҳтожларга ҳам тарқатилди", деди ҳисоботни Озодликка тақдим этган гуруҳ вакили.

Эҳсон пули нималарга сарфланди?

Қўлимиздаги ҳисоботга қараганда, Сиз тингловчи Ўшга юборган пуллар муҳтожларга асосан дори сотиб олиш, уларни касалхонага ётқизиш ёки даволаниш учун бошқа давлатга юбориш, бир-икки ҳолатда озиқ-овқат сотиб олиш учун берилди.

Пул кўп ҳолларда 25-30 доллардан, 50-100 доллардан тарқатилди. Айни пайтда 800 доллардан олганлар ҳам борки, ҳисобот мазмунига қараганда, бу миқдордаги пул зўрланган қизларга бошқа давлатга бориб даволаниши учун берилди.

Пулнинг қолгани қаерда?

Ҳисобот муаллифининг айтишича, қолган пул бўйича гуруҳ аъзоси, ўқитувчи аёл Ё.Р. алоҳида ҳисобот тайёрламоқда.

Алоҳида, адресли ёрдамлар ҳам бор

"15 дан зиёд миллатдошимиз биздан энг муҳтож оилаларнинг адресларини сўраб олди ва уларга ҳар ой 100-150 доллардан жўнатиб туришибди", деди ҳисоботни Озодликка тақдим этган гуруҳ вакили.

Унинг айтишича, бу пуллар айтилаётган 10 минг доллардан ташқари пуллардир.

Ўшликларнинг Қирғизистондан ташқаридаги миллатдошлари, маълум бўлишича, ҳайитларда ҳам ўз совға-саломини жўнатиб турибди. Масалан, Ўшнинг четидаги ёндириб юборилган Толстой номидаги мактаб ёнида жойлашган чодирларда яшаётганлар Қурбон ҳайитида Европадаги миллатдошларидан 400 доллар ҳайитлик олди.

Ёрдамни ким, қаердан жўнатди?

Ёрдамни тарқатган гуруҳ вакилининг айтишича, эҳсон қилганларнинг мутлақ кўпчилиги "ўнг қўлинг берганини сўл қўлинг билмасин", деган ақидага амал қилиб, исм-фамилиясини сир тутишни сўраган.

Ёрдам шу кунда ўзбек етиб борган давлатларнинг кўпчилигидан келган.

Ҳисоботимиз бошида 11 феврал куни Ўшга 1000 долларни Украинадан бир қирғизистонлик жўнатганини айтдик. Худди шундай катта миқдордаги ёрдамни Норвегиядан бир ўзбекистонлик жўнатгани маълум бўлди.

Бу кишининг ким эканлигини аниқ биламиз. Лекин кўнгли оғриб қолмасин педагог олим домланинг, деб исмини айтворишдан ўзимизни тияяпмиз.

Хуллас, Ҳаммага раҳмат!

Пул берганларга раҳмат!

Пулни тарқатганларга раҳмат!

Пулни олганларгаям раҳмат! Ахир улар олмасалар, пул берганлар бироз енгил тортмас эди-да!

Пулни тарқатиб берган гуруҳ "шу кампанияни бошлаб бергани учун Озодликкаям раҳмат!", деди.

"Қуллуқ", дедик.
XS
SM
MD
LG