Линклар

logo-print

Спикер Келдибеков ўзбекларга ёрдам берган ташкилотни ёпиш тарафдори


Ахматбек Келдибеков парламентга ўзининг миллатчилик қарашлари билан танилмиш Ата-Журт партиясидан сайланган.

Ахматбек Келдибеков парламентга ўзининг миллатчилик қарашлари билан танилмиш Ата-Журт партиясидан сайланган.

Қирғизистон парламенти раиси Ахматбек Келдибеков Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекциясини фақат ўзбек миллатига мансуб фуқароларга уй қуриб бераётганликда ва молиявий ёрдам кўрсатаётганликда айблаб, мазкур ташкилотни тугатиш ташаббуси билан чиқди.

Қирғиз парламенти спикери Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекциясини тўртта банд билан айбламоқда. Ахматбек Келдибековга кўра, биринчидан, дирекция ўшлик фермерларга 1 миллиард сўм миқдорида ноқонуний кредит берган, иккинчидан, фақат бир миллат, яъни ўзбекларгагина уй қуриб берилмоқда ва молиявий ёрдам кўрсатилмоқда, жабрланган қирғизлар эса четда қолмоқда, учинчидан, дирекция ходимларининг ойлик маошлари жуда катта, тўртинчидан, дирекция Ўш шаҳар бош планига зид равишда қурилиш ишларини олиб бормоқда.

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси раҳбари Жантўра Сатибалдиев парламент раисининг барча иддаоларни рад этди:

- Фақат бир миллатга ёрдам кўрсатилмоқда, деган айблов мутлақо асоссиздир. Биз одамларни миллатига қараб ажратмаймиз. Уйи куйиб, жабрланган ҳар бир Қирғизистон фуқаросига, миллатидан қатъий назар, ёрдам берамиз. Биз ўтган йили 1780 та ёниб кетган уйни қайта тикладик, айни пайтда кўп қаватли уйларни қуришни режалаштирмоқдамиз, -деди Жантўра Сатибалдиев.

Ўшлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров парламент раиси ҳамда Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси раҳбарининг ўзаро “даҳанаки жанги” борасида фикр билдирар экан, ҳар икки томоннинг айтган гаплари ҳақиқатдан узоқ, деб ҳисоблайди.

- Келдибековнинг гапи нотўғри. Чунки ўзбеклар учун қурилган икки хонали уйларни халқаро ташкилотлар қурди. Халқаро ташкилотлар усталарни, прорабларни ёллаб, ўзлари қурилиш материалларини олиб келишиб, уй қуриб беришди. Бу қурилган уйларга Жантўра Сатибалдиев раҳбарлигидаги ташкилотнинг алоқаси йўқ, - дейди Равшан Гапиров.

Шу ўринда айтиш лозимки, Ўшда июн воқеаларида бошпанасиз қолган ўзбекларнинг уйларини халқаро молиявий кўмак дастури асосида АКТЕД халқаро ташкилоти қуриб берган, Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси эса бу жараёнда фақат давлат томонидан ваколат берилган кузатувчи сифатида иштирок этиб, қурилиш жараёнини мувофиқлаштириб турган. Шу кунларда мазкур ташкилот Ўш шаҳрида давлат ҳисобидан кўп қаватли уйларни қура бошлаган.

Айни пайтда Ўш шаҳар мэрияси ҳам Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси фаолиятидан норозилигини билдирмоқда. Мэрия вакилларига кўра, дирекция ўзбекларга уй қуриб берган халқаро ташкилотларнинг бинокорлик йўналишидаги фаолиятини нотўғри мувофиқлаштирган ва натижада шаҳар бош планига зид равишда уйлар барпо бўлган.

- Аввалига умумий майдони 28 квадрат метрли 2 хонадан иборат ўтиш даври уйлари қуриб берилган эди. Ҳозир эса мана шу уйларга қўшимча равишда яна 72 квадрат метрли уч хонали уйлар қурилиши режалаштирилмоқда. Бу дегани маҳаллаларга 5 хонали капитал уйлар қурилди, деганидир. Аммо бу шаҳар бош планига зид келади. Чунки бу ерлар бузилиши ва ўрнига кўп қаватли уйлар қурилиши керак эди. Масалан, эртага биз бу ерларни олмоқчи бўлсак, ҳар бир хонадонга 5 хонали уй учун тавон пули тўлашимиз керак бўлади. Бу жуда катта чиқимдир, - дейди Ўш шаҳар мэрининг ўринбосари Талай Сабиров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG