Линклар

Сурхондарёда маҳаллий телевидение журналисти Муборак Рўзиохунова пора олганликда айбланмоқда. Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича судида журналист Рўзиохунова устидан суд маҳкамаси бормоқда.


Журналист Муборак Рўзиохунова Сурхондарё вилояти прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валюта ва ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши кураш бўлими ҳамда вилоят ИИБ томонидан 2010 йилнинг 25 ноябрь куни Учқизил почта алоқа бўлими раҳбари Бахтиёр Аннаевдан 200 минг сўм (85 АҚШ доллари атрофида) пора олаётган вақтда ҳибсга олинган. Сўнгра гаров пули эвазига озодликка чиқарилган. Айни пайтда у Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси бўйича товламачиликда айбланмоқда.

Озодлик мухбири воқеа тафсилотларини ўрганиш учун Сурхондарё вилоят прокуратураси билан боғланди. Прокуратуранинг тергов бўлими бошлиғи Дўстмуҳаммад Бердимуродов журналист Муборак Рўзиохунованинг жиноий иши бўйича тергов тугатилганлигини маълум қилди:

- Дело судга кетган. Термиз туман судига кетган эди. Ҳозир, менимча, отвод берганми - бошқа вилоятга ўтказиш масаласини вилоят суди кўриб чиқаяпти. Биз ўз фикримизни айблов хулосаси билан берганмиз,- деди Сурхондарё вилоят прокуратурасининг тергов бўлими бошлиғи Дўстмуҳаммад Бердимуродов.

Сурхондарё вилоят суди мазкур иш Термиз тумани судида кўрилаётганини айтиб, бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.

Термиз туман суди билан кун давомида боғланиш уринишларимиз натижа бермади.

Сурхондарё вилоят телерадиокомпаниясида 18 йил давомида ишлаган сухандон, журналист ва катта муҳаррир Муборак Рўзиохунованинг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлдик. Журналист буларни гапириб берди:

- Ноябрда тижорат кўрсатуви қилганман. Бу газета ва журналларга обуна бўлиш ҳақида эди, обуна мавсуми эди. Худо хоҳласа, судларимиз одил суд. Ҳақиқатни топаман, менимча. Менга нисбатан туҳмат бўлиб турибди. Лекин, мен ўйлайманки, судимиз адолатли. Барибир сўзларидан, гапларидан кўраяпман, ҳаммаси уюштирилганлигини тушунишаяпти,- деди журналист Муборак Рўзиохунова.

Озодликнинг “Сизни пора олганликда айблашаяпти, шу ростми?” деган саволига сурхондарёлик журналист бундай жавоб берди:

- Йўқ, буниси нотўғри. Унақа пора дегани йўқ умуман. Агар мен пора олганимда, менга порани қўяр эди-да булар. Аниқ биламан, пора эмас. Чунки тижорат кўрсатуви кетган. Обуна мавсуми ҳақида якшанба куни кўрсатув кетаяпти. Душанба куни тижорат кўрсатувига тўланиши керак бўлган пулни булар бунақасига олиб ташлашди. Лекин умуман бошқа нарса бўлган. Пора бўлганида булар мен билан бошқача гаплашишар эди, бемалол юрмас эдим. Судда ҳам ҳеч нарса бўлгани йўқ. Жабрланувчи Термиз туман судида навбатдаги туҳматни қилди, биз шунинг учун отвод бердик,- дейди журналист Муборак Рўзиохунова.

Сурхондарёлик журналист мазкур суд маҳкамаси тафсилотлари ҳақида кейинроқ айтиб беришини билдирди.

54 ёшли Муборак Рўзиохунова Сурхондарё вилоят телерадиокомпаниясида сухандон, катта муҳаррир лавозимларида 18 йил ишлаган.

Сурхондарё вилоят телерадиокомпаниясининг раҳбари Иброҳим Мардаев мавзу юзасида Озодлик мухбири билан гаплашишини истамади.
XS
SM
MD
LG