Линклар

Кабелда ëпилган дастур тоғорадан кўрилмоқда

  • Абдулла Искандар

Расмийларнинг ахборот майдонини қисқартириш уринишлари ўзбекистонликларни сунъий йўлдош тоғоралари атрофига жамламоқда.

Расмийларнинг ахборот майдонини қисқартириш уринишлари ўзбекистонликларни сунъий йўлдош тоғоралари атрофига жамламоқда.

Балзакнинг "Сағри тери" романида кучайган истакларга қарама-қарши сирли "сағри тери"нинг кичрайиб бориши тасвирланади. Ўзбекистондаги ахборот маконининг ҳам француз романидаги сағри териси каби кичрайиб бораëтгани кузатилмоқда. Бу эса аҳолининг ахборотга ташналигига тескари пропорционал ҳолатдир.


Масалан, Миср ва Тунисдаги халқ исëнларига қизиқиш кучайган кунларда интернетдаги arbuz.com нашри муштарийларидан бир нечтаси қамалди.

Айни ўша кунлари Ўзбекистонда тўсиқ қўйилган интернет нашрлари яна кўпайди. Россиянинг ТНТ ва ДТВ телеканаллари эфири ҳам тўхтатилди.

Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари Абдулла Орипов бу тақиқни мазкур "телеканаллардаги яланғоч саҳналар миллат зеҳниятига тўғри келмаслиги" билан изоҳлади. Ўзбекистон миллий матбуот марказида айтилган баëнотни "эл оғзига элак тутиш зарур", деган маънода ҳам тушуниш мумкин.

Озодликка гапирган респондентлар ҳукумат "яланғоч саҳналардан" эмас балки исëнлар хамиртуруши бўладиган ахборот оқими миллат қулоғига етишидан чўчимоқда дейишди.

Айни пайтда муқобил ахборот Ўзбекистонда тобора урф бўлаëтган сунъий йўлдош ликобчаларидан изланмоқда.

Шовотдаги ўзбек-туркман чегарасидан Ўзбекистонга яширинча ўтказилаëтган молларнинг аксариятини сунъий йўлдош антенналари ва хориж каналларини қабул қилиш ускунлари ташкил қилади, дейди хоразмлик ҳукуқ ҳимоячиси Ҳайитбой Ëқубов.

Унга кўра, аҳоли айнан шу антенналар кўмагида ўзининг ахборотга бўлган эҳтиëжини қондирмоқда.

- Кўпинча Россия телевидениесини кўраяпти. Кейин ташқаридан бериладиган кўрсатувларни кўраяпти. Кейин Озодлик, Би-Би-Си, Америка овози радиоларини эшитишаяпти. Кимда спутник бўлса, уларда чекловлар йўқ. Бир-икки кун бўлди кабел телевидениеларидан Россия каналларини қирқиб ташлаган,- дейди Ҳайитбой Ëқубов.

Ўзбекистондаги кабел каналларидан Россиянинг ДТВ ва ТНТ теледастурлари ғойиб бўлгани ҳам одамларни сунъий йўлдош тоғоралари атрофига жамламоқда. Тақиқланган таомнинг луқмаси ширин, дейди педагог олим Абдулла Абдураззоқов.

- Қайси нарсани тақиқласа, унга қизиқиш шунчалик ортади аксинча. Ўша нарсага кўпроқ одамларнинг эътиборини жалб қилиш бошланади,- дейди Абдулла Абдураззоқов.

Ўзбекистон радиосининг исми айтилишини истамаган журналисти назарида, Россия матбуот воситаларининг Ўзбекистондаги ахборот муҳитини шакллантираëтгани яхши ҳолат эмас.

- Биринчидан, бизлар қачонгача Россия каналларини кўришимиз керак? Масалан, ҳозир бу ерда бир нарсани шакллантириш учун Россия каналлари таъсир кўрсатиши мумкинда. Масалан, қайтанга сизлар хурсанд бўлишинглар керакки, бу ерда Россия каналларини кўрмаëтган бўлса одамлар. Сизлар дўппиларингни осмонга отишинглар керак. ТНТ, яна ДТВ дедингизми? Бир тийинга қиммат каналлар масалан. Мен учун катта фожиа эмас. Йўқолди нимаю қўйди нима. Буни қўллаб-қувватлаш керак тўғриси. Ўзбек жамоатчилигининг фикри шаклланаëтганда қайсидир хориж каналларига таяниб қолиш керак эмас. Мен ҳамиша айтиб келганман ДТВ ҳам, ТНТ ҳам жуда катта бир фожиа ясаш керак эмас йўқолганига. Хўш нима бўпти? Масалан, ким кўради? Бекорчилар кўриши мумкин. Жиддий одамлар бу каналларни кўрмайди деб ўйлайман. Шунинг учун бекитилган экан катта фожиа ясаш керак эмас, дейди Ўзбекистон радиосининг исми айтилишини истамаган журналисти.

Ўзбекистондаги кабел ва эфир телеканаллари назорати билан шуғулланадиган давлат алоқа назорати ходимига кўра, Россиянинг икки канали Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссияси (МКК) томонидан сиëсий сабабларга кўра ëпилган.

- Ўчирилгани тўғрисида бизлар ҳам эшитдик. Энди ўзларидан ўзлари ўчиришмадида улар. Шаҳар бўйича ҳамма ëқда ўчаяпти.

Озодлик: Давлат алоқа назорати ўчириб қўйинглар деб нима берардику.

- Йўқ, йўқ, ўчириш бўйича бизлар ҳеч нарса бермаганмиз. Бизлар “ўчиринглар” деб ҳеч нарса чиқармаганмиз,- дейди Ўзбекистондаги кабел ва эфир телеканаллари назорати билан шуғулланадиган давлат алоқа назорати ходимаси.

“Яланғоч саҳналарга бой икки рус каналининг ëпилишидан русийзабонлар ташвишга тушмоқда. Маҳалла оқсоқоллари илгаридан шу каналларни ëпишни сўраб бизга мурожаат қилишган эди”, дея қўшимча қилди давлат алоқа назорати ходимаси.

- Бизларга “ўчиришсин” деб бир-иккита мурожаатлар бўлган эди. Республика бўйича умуман Тошкент шаҳрида мана шу ТНТ ва ДТВ каналларини ўчириш бўйича нима бўлган. Болаларга тарбиявий жиҳатдан дейишаяпти. Менимнча, ўшанга ўчиришди шекилли. Бир СТСни ҳам олиб ташлашган эдику руслар. Кўпчилик руслар чиқаяптида “фақат шу канални кўрардик, нимага ўчирди” деб. “Яхши ўчирипти” деб чиққанлари ҳам бўлди. Чунки кундузи болалар кўради, бемаъни нарсалар беради. Ўчириб ëқиш бизлардан эмас деб тушунтирдик, дейди Ўзбекистондаги кабел ва эфир телеканаллари назорати билан шуғулланадиган давлат алоқа назорати ходимаси.

Суҳбатдошга кўра, икки енгил елпи рус каналидан фақат кабел муштарийлари мосуво бўлди, қолганлар сунъий йўлдошдан кўришмоқда.

- Улардан кўриш мумкин бемалол.

Озодлик: Параболический антенналардан кўрса бўлаверади-а?

- Ҳа, бўлаверади. Кабелний студиялардан мумкинмас, дейди Ўзбекистондаги кабел ва эфир телеканаллари назорати билан шуғулланадиган давлат алоқа назорати ходимаси.

Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари Абдулла Орипов икки рус каналидаги "яланғоч саҳналар миллат зеҳниятига тўғри келмайди" деб куни кеча Ўзбекистон миллий матбуот марказида билдирди.

Педагог олим Абдулла Абдураззоқовга кўра, зеҳният ҳақидаги гаплар халқни ахборотдан маҳрум қилишнинг бир йўли холос.

- Ўзбекистон ҳукумати менталитет баҳонасида кераксиз баъзи нарсаларни йўлдан супуриб, “бу бизнинг менталитетга тўғри келмайди” деган ҳолда сўз эркинлигини ҳам, биз учун сув ва ҳаводек зарур бўлган ўта муҳим қадриятларни ҳам йўлдан сурпуриб ташлаяпти. Шунақа нима тарқалганки, “Агар жаннатни кўрмоқчи бўлсанг, Ўзбекистон телевидениесини кўргин. Агар жаҳаннамни кўрмоқчи бўлсанг, Ўзбекистонга боргин. Ўз кўзинг билан кўргин”. Ана шундай жаҳаннамни жаннат қилиб кўрсатиш ва уни кўрган одамлар безади ҳамда ҳақиқат излайди. Излаш оқибатидагина ўзининг юртидан, ўзининг муҳитидан топа олмагандан кейин бошқа ватанлардан излаш натижасида ўша ëқларга интилиш кучайган. Ахборот излаш кучайган.

Озодлик: Кабелни ëпгани билан тарелкалардан олиб ëтибди одамлар. Ўшани эплолмаяпти. Эл оғзига элак тута олмаяпти.

- Бу қадим қадимдан шундай. Инсоният яратилибдики шундай. Эл оғзига элак туриб бўлмайди. Унинг фойдаси йўқ. Баттар кучаяди, дейди Абдулла Абдураззоқов.

Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, ойни этак билан ëпиб бўлмайди, бир қулоқ эшитганни минг қулоқ эшитади, сўз эркинлигини ҳеч бир важ билан тўсиб бўлмайди, дейди суҳбатдош.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG