Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:24

Заводимиз русларга қарайдими ё қозоқларга?


Озодликнинг "Эркин микрофон"ига Тошкент вилоятидан сим қоққан Мақсадали ака Оҳангарон цемент заводи акциядорлари тўрт йилдан бери дивидент ололмаётганини айтиб, айни пайтда завод тизгини кимнинг қўлида эканини аниқлашда кўмаклашишни сўради.

Оҳангаронлик акциядорлар дивидент ололмаяпти

Тошкент вилоятидаги Оҳангарон цемент заводининг собиқ ишчиларидан бири Мақсадали ака заводнинг акционерлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида гап очди. Унга кўра, тўрт йилдан бери завод акционерларига дивиденд берилмаяпти.

- Мен Мақсадалиман. Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳриданман. Сизлар орқали Оҳангарон цемент заводи акционерлари номидан гапираяпман. Бизларда тўрт йилдан бери дивиденд деган нарса тўланмайди. Тушунмай қолдик, бизлар ҳали ҳам Россияга қараммизми ë бошқачами? Неча жойга шикоят қилган бўлсак, ҳеч бир натижа бўлмаяпти. Охири акционерлар мендан илтимос қилди Озодлик радиоси орқали айтишга. Булар ҳеч кимни менсимаяпти. Дивиденд бериш тугул биз билан гаплашишга ҳам ҳазар қилади.

Озодлик: Россиядаги қайси ширкат Оҳангарон цемент заводининг эгаси эди?

- Евроцемент.

Озодлик: Евроцемент ширкати сизлар билан нима қилаяпти?

- Завод мисли кўрилмаган даражада фойда кўраяпти. Лекин бизга ҳеч бир дивиденд тўланмаяпти. Бир ҳафта бўлди бир янги гап чиқиб қолди. "Оҳангарон цемент заводининг пакет акциясини Евроцемент заводи Қозоғистонга сотибди", деган гап чиқди. Буни ҳеч кимга айтмаяпти. Битта оғайним акциясини "сотаман" деб, биржага қўйган экан. Биржага оладиган клиент келиб: “Бу учредител ўзгарди. Энди Евроцемент эмас. Энди Қозоғистоннинг компанияси олибди”, дейди. Нега бу тўғрисида биз билмаймиз? Булар тўрт йилдан бери дивиденд бермаган бўлса. Бу йил энди дивиденд оламиз деб турганимизда, қўлдан қўлга ўтиб, униси олиб, буниси сотаяпти.

Озодлик: Акционерларда заводнинг неча фоиз акцияси бор?

- 10 фоиз акция одамлар қўлида қолган. 51 фоизи давлатники. Одамларнинг қўлидагини булар тазйиқ йўли билан олиб қўйган. Ким топширмаган бўлса, ҳаммаси ишдан бўшатилган. Мен ҳам худди шу аҳволга тушганман. Акциямни уларга топширмаганим учун улар мени ишдан бўшатган. Директор Доценко Денис деган россиялик. Шу дангал менга: “Акцияни бермайдиган бўлсанг, бизлар билан ишламайсан. Сени ҳар қандай йўл билан ишдан оламиз. Ўша акциянгни бизларга топширгин”, деган. Қолган ҳамма ишчилар иш жойидан қўрқиб акциясини топшириб юборган. Мана бу йилги даромад 120 миллиард дейди, бултургиси 69 миллиард. Бу йил ҳам дивиденд тўланмас экан. Илтимос, шуни билиб берсангиз бизларга - Қозоғистонга сотилгани ростми ëки йўқми? Сизларда имконият бор бунинг учун, - дейди Тошкент вилоятидаги Оҳангарон цемент заводининг собиқ ишчиларидан бири Мақсадали ака.


"Ўғлим, операцияга ёрдам қил"

Қарийб 80 ëшни қоралаган нишонлик Темир бобо Қамбаров 90-йиллар бошида кетиб, ҳозирда бири Россия, бири Белгияда яшаëтган ўғилларидан ëрдам сўраб мурожаат қилади.

- Қашқадарë вилояти, Нишон тумани, Янги Нишон шаҳри, Самарқанд кўчасидан.

Озодлик: Бизга айтадиган нима гапингиз бор? Нима хизмат Темир бобо?

- Сизга айтадиган гапим, қизим, олдин мен татар хотинга уйланган эдим. Шу татар хотинимиз бунақа ғала-ғовур, қайта қуриш бўлгандан кейин Россияга кетиб қолди. Ундан иккита ўғлим бор эди. Ўғилларни ҳам олиб кетди. Менга “юр” деди, мен бормадим. Биттаси Белгородда яшайди, биттаси Белгияда яшайди. Менинг кўзимни операция қилиш керак, Тошкентга бориш керак. Пулим йўқ. Жуда муҳтож бўлиб қолганман. Жуда кўп мурожаат қилдим, хатлар ëздим. Жавоби келмади. Охири увидомление билан жўнатдим.

Озодлик: Ўзи ўғлингиз билан муносабатингиз бормиди?

- Бу ерда яхши эди. Кетгандан кейин онаси тескари қилиб юбордими, нима бўлди, шундай бўлиб кетди-да.

Озодлик: Ўғлингизнинг кетганига неча йил бўлди?

- 1990 йилда кетган эди.

Озодлик: 1990 йилдан бери бирор марта алоқага чиққанми?

- Алоқага чиқиб турди. Энди кўз операциясига пул керак бўлгандан кейин биз билан алоқа қилмай қўйди.

Озодлик: Бошқа оилангиздан бошқа фарзандларингиз йўқми?

- Олдимда кейин уйланган хотинимдан битта фарзандим бор. Онаси ўлиб кетган. Шу ҳозир 20 ëшга кирди. Шу фарзандим бир бало қилиб қараб ўтирибди. Умрим неча йил қолди билмайман. Кўзимни бир бало қилиб операция қилиб олсам эди. Бунга 1500 доллар керак экан. Эркинбой, энди инсоф қилгин. Бир нарса бериб юборгин. Кўзимни операция қилай. Бирор сўм пул юбориб кўргин. Мен энди сенинг шу ëрдамингга муҳтожман, - дейди қарийб 80 ëшни қоралаган нишонлик Темир бобо Қамбаров.


Чироқчиликлар яна чироқсизликдан шикоят қилмоқда

Қашқадарëнинг Чироқчисида Озодлик нафақат ахборот, балки электр чироғини келтирувчи манба сифатида ном чиқарган шекилли. Чироқчиликлардан бири ўз ҳамюртлари илтимосига биноан сим қоқаëтгани ва Озодлик орқали халқнинг электр қуввати учун тўлаëтган пуллари қаëққа кетаëтганига оид саволга район ва вилоят раҳбарларидан жавоб излаëтганини айтади.

- Ҳа, чироқ йўқ деяпти-ку. Кеча биттаси телефон қилган эди. “Номерини биласанми?” деган эди, “Ҳа, биламан” деган эдим. Бир суткада 2-2,5 соат бўлаяпти. Ҳозир ҳам йўқ. Кечқурун 9-10 да бир соат, эрталаб бир соат, обедда ярим соат беради.

Озодлик: Чироқчига чироқ берадими, деб Озодликдан сўрайсизларми? Чироқчида электросет бор-ку. Шундан сўрамайсизларми?

- Ундан сўрасак, “Юқоридан сўранглар”, дейди. Юқорига бизларнинг кучимизга етмайди. Светнинг пулини олиб кетиб, “ҳисобларингизга ëзамиз” дейди. Борсак, “400-500 минг қарз бўлиб кетибсизлар”, дейди.

Озодлик: Ўзи вақтида тўлаб турасизларми?

- Битта момомиз бор пенсионер. Ҳар ой 14-15 минг олиб қолади. Бир куни биттаси келди "300 минг қарз" деб. “Нимага 300 минг қарз? Мана печат” десак, “Бизга районга тушмаяпти” дейди.

Озодлик: Районга тушмаса, кимга тушади экан пулларингиз?

- Билмасак. Нима қилади билмаймиз.

Озодлик: Болалар қоронғида қанақа қилиб дарс қилади?

- Чироқ бор-ку бизларда.

Озодлик: Чироқчи чироққа қайтибди-да яна.

- Шуни сўраймиз деяëтган эдик-да. Шу пулларимиз қаëққа кетаяпти? Озодлик радиосида гапирсин. Юқоридагилар эшитадими-эшитмайдими - сўрайлик, деган эдик, - дейди чироқчиликлардан бири.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG