Линклар

Қаптағаев: Экстремистик миллатчиликка қарши аёвсиз курашамиз


Қирғизистон президенти маъмуриятининг раҳбари Эмил Қаптағаев ўтган йилнинг июн ойида мамлакат жанубида юз берган қирғинни "узоқ вақт, диққат билан тайёрланган фитна" дея таърифлади.

Қирғизистон президенти маъмуриятининг раҳбари Эмил Қаптағаев ўтган йилнинг июн ойида мамлакат жанубида юз берган қирғинни "узоқ вақт, диққат билан тайёрланган фитна" дея таърифлади.

Қирғизистон президенти маъмуриятининг раҳбари Эмил Қаптағаев 16 феврал куни Озодлик радиосининг Қирғизистондаги, шу жумладан, Ўшдаги вазият ва мамлакатда авж олаётган миллатчиликка қарши кураш борасидаги саволларига жавоб берди.

Озодлик: Эмилбек Саламатович, сўнгги кунларда қирғиз жамиятида баҳорга чиқиб мамлакатдаги вазият яна мураккаблашади, исёнлар, нотинчликлар бошланиши мумкин, деган гаплар пайдо бўлди. Бу ҳақда президент ҳам, газеталар ҳам гапирмоқда. Бундай билдирувларни қандай шарҳлайсиз?

Эмил Қаптағаев: Бира тўла ривожланиш йўлига ўтдик, бир тўла демократик ва эркин жамият қура бошладик, аввалги замон қайтиб келмайди, деб ишонч билан айта оладиган даражага етганимиз йўқ. Айни пайтда сиёсий кураш жуда кескин босқичга кўтарилди. Бу курашга кирган аввалги элита жуда катта молия ва одам ресурсларини жалб қилган. Бундан ташқари, бу курашга жиноий унсурлар ҳам аралашмоқда. Жиноятчи билан ҳуқуқ-тартибот тузилмаси ходими, жиноятчи билан сиёсатчини бир-биридан ажрата олмайдиган бир даврни бошдан кечирмоқдамиз. Ўш ва Жалолободдаги хусусий телеканаллар эса Қурмонбек Бакиевнининг интервюсини қайта-қайта намойиш қилмоқда, “у Қирғизистонга қайтиб келсин, мамлакатни бошқарсин”, деб тарғиб қилишмоқда. Бу эса бакиевчилар ҳалигача катта заҳираларга эга эканидан далолатдир. Бундай шароитда давлат ва давлатчилик, унинг келажаги ҳақида гапириш ўта мураккаб.

Агар бу йил баҳорда, айрим сиёсатчилар режалаштираётганидай, яна нотинчликлар бошланса, қирғиз давлатчилиги йўқ бўлади. Биз дала қўмондонлари шароитида яшаётган мамлакатга айланамиз. Негаки, бугунги кунда Қирғизистонда халқнинг ишончига сазовор бўла оладиган бирорта ҳам сиёсий куч мавжуд эмас.

Айни пайтда президент ва унинг маъмурияти беқарор вазиятнинг олдини олиш мақсадида биринчи навбатда жиноят оламига ва қоррупцияга қарши кураш бошлади. Ўн куннинг ичида жиноят оламининг 30 дан ортиқ лидер ва аъзолари қамоққа олинди.

Бундан ташқари, вазиятни издан чиқармасликнинг ягона йўли ҳокимиятни тинч йўл билан бир президентдан иккинчи президентга топшириш амалиётни анъанага айлантиришдир. Бизнинг биринчи галдаги асосий вазифамиз мана шу ҳисобланади.

Озодлик: Қирғизистон президенти Ўтунбаева ва Бош вазир Алмазбек Атамбаев мамлакатдаги миллатчилик кўлами давлат хавфсизлигига путр етказадиган даражага кўтарилганини эътироф этдилар. Айни пайтда миллатчиликка қарши кураш борасида ҳукумат манбалари бирон бир ахборот тарқатаётгани йўқ. Миллатчиликка қарши кураш давлат миқёсида амалга ошириладими?

Эмил Қаптағаев: "Миллатчиликка қарши кураш" деб айтсак, жуда баландпарвоз гапирган бўламиз. Ростини айтсам, бизда миллатчи деган сўзга салбий муносабат оммалашиб бормоқда. Бу Шўролар давридан қолган анъана. Аслида миллатчиликдан қўрқмаслик керак. Шахсан мен миллатчи деган сўзни миллат учун фидокор бўлган, миллат учун жонини ҳам беришга тайёр ватанпарвар сифатида талқин қиламан. Бироқ бизда миллатчиликнинг салбий кўриниши, яъни бир миллатни иккинчи миллатдан устун қўйиш, бир миллатни камситиш йўналишидаги экстремистик миллатчилик пайдо бўлганини ҳам эътироф этиб ўтиш лозим. Биз бундай эсктремистик миллатчиликка қарши аёвсиз курашамиз ва бунинг учун бизда барча ресурслар мавжуд. Бу йўналишда “Этник тараққиёт дастури” ишлаб чиқилиб, ҳозир у жой-жойларда муҳокама қилинмоқда.

Лекин айни пайтда халқ орасида миллатлараро ўзаро кўролмаслик авжига чиқди ёки мана шундай сиёсий ҳаракат бор, деб айтиб бўлмайди.

Озодлик: Бугунги кунда Ўшда ҳам аҳолининг кўнгли тинч эмас. Турли миш-мишлар юрибди, Ўш воқеалари яна такрорланиши мумкин, деган маънода. Ўшдаги вазиятни қандай баҳолайсиз?

Эмил Қаптағаев: Ўшда ўтган йилнинг июнида бўлган воқеа ўз-ўзидан юзага келгани йўқ.. Ўшдаги казинолардан бирида тўрт одамнинг муштлашуви туфайли бутун шаҳар бир неча соатнинг ичида ёнғинда қолмайди, бир халқ иккинчи халқни қирғин қила олмайди. Бу воқеа жуда узоқ вақт, диққат билан тайёрланган. Бу фитнага жуда катта ресурс сарфланган. Ҳозир бу воқеаларни ўрганиш борасида 5-6 та комиссия ишламоқда ва ўйлайманки, уларнинг меҳнати натижасида бир объектив ҳақиқат юзага келади.

Бироқ бугунги кунда, жиноят оламига қарши уруш очилган бир пайтда, жиноят олами ўз таъсирини сақлаб қолиш мақсадида Ўшда яна нотинчликларни келтириб чиқаришга уриниши эҳтимолдан ҳоли эмас. Чунки Ўшда жиноят олами ҳар бир бизнесмен, хатто ҳар бир кичкинагина дўкончадан ҳам солиқ олади. Лекин бугунги кунда ҳокимият ўзини тиклаб олган ва бунга йўл қўймайди. Жиноят оламига қарши кураш ҳам тўхтатилмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG