Линклар

logo-print

Роғун ГЭС лойиҳасини экологик ва ижтимоий экспертизадан ўтказиш учун эълон қилинган халқаро тендерда Швейцариянинг “Poyry” ширкати ғолибликни қўлга киритди. Бу борада Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги маълумот тарқатди.

Роғун лойиҳасини экологик ва ижтимоий экспертизадан ўтказиш бўйича халқаро тендер ўтган йили эълон қилинган эди.

Унда тўртта ширкат - Швецариянинг “Poyry Energy”, Американинг “Foster Wheeler” ва “Sterling International Group” ҳамда Япониянинг “Associates Ltd” ширкатлари қатнашди.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги масъулларининг маълум қилишича, тендерда ғолибликни қароргоҳи Швецияда бўлган “Poyry” қўлга киритган.

Роғун ГЭСи лойиҳасини молиявий ва иқтисодий экспертизадан ўтказиш учун эълон қилинган тендерда эса ўтган йили Европанинг уч эксперт ширкатидан тузилган халқаро консорциум ғолибликни қўлга киритган эди.

Франциянинг Coyne et Bellier Consulting Engineers ширкати раҳбарлигидаги мазкур консорциум Италиянинг Electroconsult ва Британиянинг IPA Energy + Water Consulting ширкатларидан иборатдир.

Айтилишича, келгуси 18 ой давомида бу ширкатлар Роғун лойиҳасининг техник ҳолати, шунингдек, экологик ва ижтимоий хатар даражаси ҳамда келтирадиган фойдасини ўрганади.

Тожикистон ҳукумат расмийлари, агар бу ширкатлар томонидан синалган Роғун лойиҳасининг техник-иқтисодий, экологик ва ижтимоий экспертизаси натижалари Тожикистон фойдасига ҳал қилинса, у ҳолда Жаҳон банки аввал ваъда берганидек, Роғун қурилиши учун халқаро консорциум ташкил қилиш ҳамда унга сармоя топишга кўмаклашишини билдирмоқда.

Бугунги кунда тожиклар миллий ғоясига айланган Роғун лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказиш Ўзбекистон талаби билан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон томонини хавотирга солаётган нарса бу Роғун лойиҳасининг советлар даврида эски технология асосида лойиҳалаштирилгани ва Роғун ГЭСи қурилаётган майдонда зилзила хавфи кучли бўлганидир.

Бироқ Тожикистон ҳукумати ва зилзилашунос олимлар эса бу иддаоларни рад этиб, булар асоссиз ва илмий жиҳатдан исботланмаган эканини таъкидлайди.

Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази раиси муовини Сайфулло Сафаров мулоҳазасича, феврал ойи бошларида Жаҳон банки ўзбекистонлик экологларнинг Роғунни экологик экспертизадан ўтказишга оид таклифларини рад этиши Жаҳон банкининг мазкур йирик гидроиншоот қурилиши тарафдори эканидан далолат беради.

- Роғун бу минтақадаги жуда кўплаб дардларга даво. Мисол учун, Роғун минтақа аҳолисини доимий электр билан таъминлаш манбаи бўлиб, арзон электр Марказий Осиёда қашшоқлик даражасини туширишга ёрдамлашади. Бошқа томондан эса, Роғун ишлаб чиқарадиган электр туфайли минтақада ёнилғи билан электр ишлаш ва бунинг ортидан ҳавони булғаш каби салбий асоратлар камаяди. Жаҳон банки шу жиҳатларни назарга олса, бу гидроиншоот қурилишига ўз ҳиссасини қўшиши лозим, - дейди Тожикистон ҳукумат мулозими Сафаров.

Аснода сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов Роғун ГЭСи минтақа экологияси учун хавфлилигини даъво қилаётган Ўзбекистон томони бу гидроиншоот биринчи агрегатлари ишга туширилгач, ўз давъолари асоссизлигини англаб етишига ишонишини айтади.

- Биз Роғуннинг биринчи агрегатларини фойдаланишга топширмагунимизча, Ўзбекистондаги айрим гуруҳлар ҳукумат ёки экологлари номидан бу лойиҳага қаршиликларини давом этираверади. Аммо ГЭС биринчи агрегатлари ишга туширилгач, Ўзбекистон биздаги сув заҳиралари билан ўз экин ерларини суғориш учун ўзаро музокарага кўнади, - дея мулоҳаза билдирди таҳлилчи Мамадазимов.

Тожикистонлик соҳа мутахасисларининг айтишича, Роғун тўғони баландлиги 335 метр бўлиб, унга олтита агрегат уланади. 2013 йилда икки агрегати ишга туширилиши режалаштирилаётган Роғун йилига 3,6 минг мВт электр ишлаб чиқаради.

Айни пайтда Ўзбекистонни бу гидроиншоотнинг тўғони баландлиги ҳам ташвишга солаётгани айтилади. Ўзбекистонлик соҳа мутахасисларининг тахминича, агар бу баландликдаги тўғон қурилса, Ўзбекистон ва унинг билан бирга дарёлар қуйисидаги Қозоғистон, Туркманистонда сув тақчиллашади. Бу мамлакатлар халқ хўжалиги, қолаверса, атроф-муҳитига зарар етказади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG