Линклар

Тезекбаев: Ўш ва Жалолобод вилоятларида сиёсий-ижтимоий вазият мураккаб


Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида сиёсий-ижтимоий вазият мураккаблигича қолмоқда.

Бу ҳақда Ўш вилоят губернаторининг биринчи ўринбосари Қушбақ Тезекбаев маълум қилди.

Тезекбаевнинг айтишича, мамлакат жанубида собиқ президент Қурманбек Бакиев тарафдорлари ҳали ҳам фаол.

Расмийга кўра, айни пайтда Ўш ва Жалолобод вилояти раҳбариятида бармоқ билан санарли раҳбарлар алмаштирилган, вилоятнинг қолган раҳбарлари эса Бакиев тарафдорларидан иборатдир.

“Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларининг фақат 5 фоизигина янги ҳукумат учун ишламоқда. Қолган ходимлар эса Қурманбек Бакиевнинг укаси Жаниш Бакиевга содиқликларини яширишмайди”, дея баён қилди Ўш вилоят губернаторининг биринчи ўринбосари Қушбақ Тезекбаев.

Расмий, шунингдек, бакиевчилар ерларни босиб олиш ва янги тартибсизликларни келтириб чиқариш борасида фаол тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораётганини таъкидлади.

Ўш вилоят губернаторининг ўринбосари шу муносабат билан Қирғизистон ҳукуматига мамлакат жанубидаги вилоятларга ўз таъсирини кучайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
XS
SM
MD
LG