Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:41

Ўзбеклар Украинадан экстрадиция қилиниши мумкин


Украина 2006 йилда Ўзбекистонга бериб юборган қочқинлар узоқ муддатларга қамоққа ташланган.
Украина 2006 йилда Ўзбекистонга бериб юборган қочқинлар узоқ муддатларга қамоққа ташланган.

Киевдаги тергов изоляторида тўрт нафар Ўзбекистон экстрадиция қилиниш хавфи остида қолмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинишини тўхтатиш ҳақида ҳукм чиқарганига қарамай Украинада инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашаётгани боис, қочқинлар тақдири хавотирга сабаб бўлмоқда.


Тўрт нафар ўзбекистонлик ўтган йилнинг июн-ибл ойларида Ўзбекистон сўровига кўра ҳибсга олинган. Бу ҳақда Озодликка хабар берган “Ижтимоий Ҳаракат” марказининг қочқинлар масаласи билан шуғулланадиган ходими Ирина Федорович Тошкент ҳукумати бу ўзбек қочқинларини диний мотивдаги айбловлар билан қидирувга берган, дейди.

- Бу иш ўтган йилнинг июн ойида биринчи ўзбекистонлик ҳибсга олинишидан бошланган эди. Охиргиси август охирларида қўлга олинди. Жами 5 нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳибс этилди. Уларнинг барчаси қочқинлик мақомини сўраб Украина миграция идораларига мурожаат қилган. Бу мурожаатлар бўйича жавоб чиқарилмасдан улар изоляторга жойлаштирилган. Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159 ва 244 моддалар, яъни барчага маълум одатий “констиуциявий тузумга тажовуз” ва “ноқонуний материаллар тарқатиш” айбловлари билан халқаро қидирувга берилган,- дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Ирина Федорович.

Унга кўра, 1976 йилда туғилган самарқандлик Умид Ҳамроевга нисбатан Ўзбекистонда тўрт модда бўйича жиноий иш қўзғатилган. У 15 июн куни Киевда ҳибсга олинган. Умид Ҳамроев айни айбловлар билан Ўзбекистонда икки марта қўлга олиниб, қўйиб юборилганлиги аниқланган. Унинг Ўзбекистондаги яқинларидан икки нафари диний айбловлар билан узоқ муддатларга қамоққа ташланган.

Киевдаги ҳибсхонада сақланаётган яна бир ўзбекистонлик Қосим Дадахонов 1993 йилда Ўзбекистондан Россияга чиқиб кетган ва 2000 йилда Россия фуқаролигини олган. Ўзбекистонда қидирувга берилгани аниқлангач Дадахонов Тюмен шаҳрида бир муддат милиция ҳибсхонасида ушлаб турилган. Қосим Дадахонов Россия Инсон ҳуқуқлари Вакилининг босими остида қўйиб юборилади ва Россияда таъқиблардан қочиб, икки хотини ва 10 нафар фарзанди билан Украинага кўчиб ўтади. Украина Миграция хизмати унинг қочқинлик сўраб берган аризасини қайтарганидан кейин у 29 июнда Киевда ҳибсга олинади. Ўзбекистонда Дадахонов ноқонуний материаллар тарқатишдан ташқари уюшган жиноий гуруҳ тузганликда айбланмоқда.

40 ёшли Шодилбек Соибжонов 2010 йилнинг 2 июлида Киев вилоятининг Белая Церковь шаҳрида Ўзбекистон сўровига биноан қўлга олинган. Ўзбекистонда у диний, экстремистик ва айирмачи ташкилотларга аъзоликда айбланиб халқаро қидирувга эълон қилинган.

Маълум бўлишича, Соибжонов 1998 йилда Ўзбекистондан Россияга кетган ва ўша ерда фуқаролик олган. Россиядан экстрадиция қилинишидан қўрққан Шодилбек 2010 йилнинг апрелида Украинага қочиб ўтган.

Ўзбекистонлик тўртинчи қочкин – 25 ёшли Ўткир Акрамов Ўзбекистондан Украинага 2009 йилнинг августида келган. Октябр ойида қочқинлик мақомини сўраб Украина Миграция хизматига берган аризаси рад этилган. Ўзбекистонда диний экстремизм, террорчилик ва ноқонуний диний ташкилотларда иштирок этганликда айбланаётган Ўткир Акрамов 2010 йилнинг 8 июлида Киев вилоятининг Боярка шаҳрида ҳибсга олинган.

Маълум бўлишича, улар билан бирга яна бир Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган, лекин Ўзбекистондан экстрадиция қилиш учун етарли хужжат юборилмагани боис кейинчалик қўйиб юборилган.

- Уларнинг тўрталови Киев шаҳар тергов изоляторида сақланмоқда. Улардан бири қўйиб юборилди. Украина қонунчилигига мувофиқ барча экстрадиция ишлари жиноий ишлар ҳисобланади ва у бевосита Украина Бош прокуратураси томонидан кўриб чиқилади. Биз уларни изолятордан озод қилиш ишлари билан шуғулланяпмиз, чунки улар ғойиб бўлишга ёки терговдан яширинишга урингани ҳам йўқ,- дейди Ирина Федорович.

Унинг айтишича, ўзбекистонлик қочқинлар ҳозирда Украина прокуратурасининг экстрадиция бўйича қарорини кутмоқда. Украина қонунчилигига мувофиқ экстрадиция масаласи кўриб чиқилаётган шахслар ҳибсхонада 18 ой ушлаб турилиши мумкин.

Ирина Федорович Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ўтган йилнинг 26 июлда бу қочқинларни Ўзбекистонга экстрадиция қилишни тўхтатиш ҳақида қарор чиқарган, дейди.

- Ўзбекистонликларнинг ишлари ўтган йилдан буён Европа суди томонидан кўриб чиқилмоқда. Европа суди қатор ишлар юзасидан бир неча бор Ўзбекистонга экстрадиция қилиш мумкин эмаслигини тўғрисида қарор чиқарган, чунки у ерда оммавий равишда қийноқ қўлланилади. 2006 йилда Украинадан бериб юборилган 11 нафар ўзбекистонликларнинг узоқ муддатларга қамоққа ташлангани бунга мисол бўлиши мумкин, дейди Ирина Федорович.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, ҳозирча Бош прокуратура 2010 йилнинг июнида Украинада кучга кирган Экстрадиция Кодексига мувофиқ иш юритмоқда.

“Аммо ўзбекистонликлар тафтиш ишлари якунланмасидан Ўзбекистонга бериб юборилиши хавфи ҳам мавжуд”, дея қшимча қилди “Ижтимоий Ҳаракат” маркази вакили Ирина Федорович.

Қозоғистонда тергов изоляторида экстрадиция хавфи остида сақланаётган ўзбеклар иши билан шуғулланаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича бюро ходими Денис Живаго МДҲ давлатларида охирги пайтларда қочқинлик мақомини олиш мураккаблашганлиги сабабларини бундай изоҳлайди.

- Расмий идора ходимлари очиқчасига “Қандай қилиб биз қирғиз, ўзбек ёки россияликка қочқинлик статусини бера оламиз?! Ахир бу сиёсат! Улар бизнинг ён қўшниларимиз. Биз ШҲТ, КХШТ ташкилотлари орқали боғланиб қолганмиз”, дейишади. Бу билан улар бу ташкилотлар инсон ҳақларидан анча юқори туришини яққол намойиш қилмоқда, дейди Денис Живаго.
XS
SM
MD
LG