Линклар

Клинтон: Интернет – демократияни тарғиб қилиш қуролидир

  • Ҳурмат Бобожон

Интернет фойдаланувчиларнинг мулоқот воситаси сифатида яратилган тармоқлар инқилоб ясаш қуролига айланмоқда.

Интернет фойдаланувчиларнинг мулоқот воситаси сифатида яратилган тармоқлар инқилоб ясаш қуролига айланмоқда.

Сешанба кунги баëнотида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон жаҳоннинг бир қанча мамлакати ҳукуматларини интернетга қўйилган чекловларни олиб ташлашга чақирди. "Интернет цензураси иқтисодий тараққиётга ўрнатилган тўсиқдир", деди Клинтон жумладан.


"Айрим ҳукуматлар Интернетга цензура ўрнатиб, ўз мамлакатлари иқтисодий келажагига тўсиқ яратмоқда", деди Клинтон.

АҚШ Давлат котибига кўра, Интернетга кириш инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва бу эркин ва очиқ бўлиши, одамлар қайси маълумотни олиш ва қайсиси билан ўртоқлашишни ўзлари ҳал қилишлари керак.

- Онлайн тармоғидан эркин фойдаланиш эркин фикр алмашиш деганидир ва Қўшма Штатлар бу эркинликни қўллаб-қувватлайди ва бошқа давлатларни ҳам бунга чақиради,- деди Клинтон.

АҚШ дипломатияси раҳбарининг бу баёноти Мисрда намойишлар тўлқинида президент Ҳусни Муборакнинг истеъфосидан уч кун ўтиб янгради.

Ҳиллари Клинтон Мисрдаги воқеаларда Интернетнинг роли салмоқли бўлганини эътироф этди.

Мисрда ёшларни намойишга чиқишлари учун Интернетдаги Twitter, Facebook каби тармоқлар асосий алоқа воситаси бўлиб ҳизмат қилди.

Муборак режимидан норози одамлар Интернет орқали маълумот, видео ва фотосуратларни алмашиб, ўзаро жипслашди.

- Одамлар ўз ҳаракатларини электрон ёзишмалар ёрдмида мувофиқлаштирди. Бунда Facebook ҳамада Twitter ижтимоий тармоқлари муҳим рол ўйнади,- дея таъкидлади Клинтон.

Айни пайтда дунёнинг кўплаб давлатлари, Хитой, Эрон, Куба қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолининг Интернетдан фойдаланиш имконлари ўта чекланган.

Ҳиллари Клинтон АҚШ жаҳон бўйлаб Интернетнинг тўсилишига қарши фаол курашиш ва бунинг учун жорий йил Вашингтон 30 миллион доллар маблағ сарфлаш режасини эълон қилди.

"Самиздат"дан "Facebook"га

Президент Ҳусни Муборак истеъфоси билан якун топган Мисрдаги инқилоб Совет Иттифоқидаги "Самиздат" даврини эслатди. Совуқ уруши йилларида "Самиздат" ўзгача фикрловчиларнинг яширин нашри бўлган.

XIV асрда Иоганн Гютенберг босма станок ихтиро этиши Европада протестант инқилобини яратгани каби диссидентларнинг ўзлари яратган "Самиздат" нашри ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Шарқий Европа мамлакатларида бахмал инқилобларига туртки бўлди.

Бугун босма нашрлар ўрнини рақамли технологиялар эгаллар экан, Интернетдаги Twitter, Facebook тармоқлари ўзаро фикр алмашиш механизми бўлиб ҳизмат қилмоқда.

Мисрдаги воқеаларда бу тармоқларнинг роли яққол намаён бўлди, дейди замонавий технологиялар соҳаси мутахассиси Тўлқин Турғуналиев.

- Мисрнинг 80 миллион аҳолиси борлиги ҳамда ва Facebook сайтининг берган статистикасига кўра, Мисрда 5 ярим миллионга яқин аҳоли Facebook да ўтиришини инобатга оладиган бўлсак, бу тармоқ ҳақиқатан кучли рол ўйнаган. Умуман нафақат Таҳрир майдонида, балки келажакдаги жараёнларда ҳам буни кутиш мумкин,- дейди Турғуналиев.

Бугунги кунда Facebook тармоқиғда қайд этилган ўзбекистонликлар сони 50 мингдан ортади.

- Facebook да 54 минг ўзбекистонлик ўтиради ва бу мамлакат аҳолисининг бир фоизини ҳам ташкил қилмайди. Бу Ўзбекистонда Интернетни оммалашмагани, қолаверса, ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилари русча Одноклассник каби тармоқларда ўтиришни маъқул кўриши билан боғлиқ. Русча тармоқлар эса баҳсу-мунозаралар майдони эмас, балки шунчаки танишув сайтларидир,- дейди Турғуналиев.

Ўтган хафталарда Ўзбекистонда “Arbuz.com” интернет-форуми бир муддат ёпилди. Сайт эгаси ўтган хафта сайт қайта очилганини эълон қилар экан "Arbuz.com"да бир қанча машҳур сиëсий мавзулар тўхтатилганини билдирди.

Бунда у фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини инобатга олгани ҳақда ёзган. Сайт маълумотларига кўра, форум иштирокчиларининг бир нечтаси қўлга олинган.

Бир қанча вақт ишламай қолган “Arbuz.com” форуми яна ишлай бошлади, аммо унда “Ўзбекистон: муаммо ва ечимлар”, “Дин” ва “Қирғизистондаги фожеали воқеалар” каби машҳур рубрикалар энди йўқ. Форум меҳмонлари кўпроқ ана шу рубрикаларга киришар эди.
XS
SM
MD
LG