Линклар

Яқин Шарқда аксилҳукумат намойишлари давом этмоқда

  • Ҳасанжон

Тунис ва Миср инқилоблари Яқин Шарқнинг бошқа халқларини ҳам ўз ҳақларини талаб қилиб кўчага чиқишга чорлади.

Тунис ва Миср инқилоблари Яқин Шарқнинг бошқа халқларини ҳам ўз ҳақларини талаб қилиб кўчага чиқишга чорлади.

Тунис ва Мисрда халқ исёнлари узоқ йиллардан бери мамлакатни бошқариб келган президентлар ҳокимиятдан ағдаргани, минтақанинг бошқа давлатларидаги эркинликка ташна халқларни ҳам руҳлантирмоқда. Ливия, Баҳрайн, Яман ва Эронда мухолифат ва оддий фуқаролар ўз ҳукуматларга қарши намойишларни давом эттирмоқда.

16 феврал куни Ливиянинг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланган Бенғозида инсон ҳуқуқлари фаоли қўлга олинганидан ғазабланган намойишчилар хавфсизлик кучлари ва ҳукумат тарафдорлари билан тўқнашди.

Маҳаллий газета хабарига кўра, зўравонликлар пайтида 14 киши, жумладан, 10 нафар полиция ходими енгил жароҳатланган.

Айни пайтда, давлат телевидениеси пойтахт Триполи ва бошқа шаҳарларда Ливия лидери Муаммар Каддафини қўллаб намойишлар ўтказилгани хабар қилди.

Баҳрайнда ҳам ҳукуматга қарши намойиш учинчи кун давом этмоқда.

Баҳрайн пойтахти Манама марказида 16 феврал куни ҳукуматга қарши намойишга чиққан минглаб одам бир кун олдин нобуд бўлган намойишчининг дафн маросимида қатнашди.

Икки мингга яқин одам “Дур” майдонига чодирлар тикиб ўз талаблари бажарилмагунича майдонни тарк этмаслигини айтмоқда.

Баҳрайнда АҚШ армиясининг 5-Флоти жойлашган. Қўшма Штатлар Баҳрайндаги зўравонликлар хусусида “жиддий хавотир” билдирди.

Шунингдек 16 феврал куни Эронда ҳукумат ва мухолифат тарафдорлари тўқнашди. Томонлар ўртасидаги тўқнашув 14 феврал кунги намойишда отиб ўлдирилган талаба Саний Солеҳнинг дафн маросимида юз берди. Талабанинг ўлимида томонлар бир-бирини айблади.

Эрон Бош прокурори Муҳсиний Эжеий душанба куни намойиш ўтказишга чақирган мухолифат лидерлари Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳди Каррубийга қарши чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

Муҳсиний 16 феврал куни Теҳронда мухбирларга намойиш ташкилотчилари жазоланишини айтди.

- Эрон мухолифати лидерлари албатта жозоланади. Айниқса, бу шахслар орасида одамларни кўчаларга чиқишга, исёнга даъват қилган шахслар жазоланади. Бу хатти-ҳаракатлар кечирилмайди, деди Эрон Бош прокурори.

15 феврал куни Эрон парламенти депутатлари Мусавий ва Каррубийни жавобгарликка тортиш ва ўлим жазосига ҳукм қилишга чақирган эди.

- Мусавий ва Каррубий қатл этилиши керак, дея қичқирдилар Эрон парламенти аъзолари.

16 феврал куни Эрон давлат телевидениеси ҳукумат расмийлари “шайтон” мухолифат ҳаракатини қоралаш учун жума куни намойиш чиқишга чақирганларини хабар қилди.
XS
SM
MD
LG