Линклар

logo-print

АҚШ мустабид режимларга муносабатини ўзгартирадими?


Бугун бутун мусулмон дунëси АҚШнинг бу ўлкалардаги воқеаларга муносабатини яқиндан кузатмоқда.

Бугун бутун мусулмон дунëси АҚШнинг бу ўлкалардаги воқеаларга муносабатини яқиндан кузатмоқда.

Мисрда 18 кун тўхтовсиз давом этган халқ исëнини очиқчасига қўлламаганлик ва охирига қадар Ҳусни Муборакни сақлаб қолишга уринганликда айбланаëтган Обама маъмурияти¸ сиëсатшуносларга кўра¸ Тунис ва Мисрдаги узоқ йиллик диктаторларни ҳокимиятдан ағдарган халқ исëнидан сўнг қийин аҳволда қолган.


Бугун Вашингтон олдида АҚШнинг мусулмон юртларидаги қисқа муддатли манфаатларини таъминлаб бераëтган авторитар режимларни қўллашда давом этиш¸ аммо охир-оқибатда мусулмон дунëсида ўз қолган обрўсини ҳам йўқотиш¸ ëхуд ҳали жуда кеч бўлмай туриб¸ эзилган халқларнинг озодлик истагини қўллаш имконидан бирини танлаш вазифаси турибди.

Обаманинг 15 феврал кунги баëнотини шарҳлаëтган таҳлилчилар¸ мустабидларга огоҳлантирув йўллаш орқали Оқ уй¸ улар репрессиясидан эзилганларга дўстона мужда юборишга уринаëтганини қайд этмоқдалар.

Қозоғистондаги “Эксклюзив” журнали бош муҳаррири Расул Жумали¸ АҚШ олдида бошқа имкон қолмаганини айтади.

- Менимча¸ АҚШ авторитар режимлар билан муносабатларини ўзгартиришга мажбур. Чунки узоқ вақт мобайнида улар¸ масалан Яқин Шарқда Исроил-Араб тинчлик жараëни¸ нефт хавфсизлиги¸ Марказий Осиëда ҳам ëнилғи ва хавфсизлик деган оний манфаатларни кўзлаб келдилар. Аммо Мисрдаги воқеалардан сўнг юзага келган вазият Американинг мусулмон давлатларидаги мустабидларни қўллаш сиëсати бурнидан булоқ бўлиб чиқажагини кўрсатмоқда.

Оқ уй учун Муборак АҚШ нинг Яқин Шарқдаги таянч маркази эди.
Мен Миср воқеалари АҚШ нинг Яқин Шарқ сиëсати асосларини ларзага солди¸ десам муболаға қилмаган бўламан. Вашингтон сўнгги лаҳзаларга қадар Муборакни сақлаб қолишга уринди ва оқибатда энди Мисрда ҳокимиятга келадиган сиëсий куч хоҳ очиқчасига¸ хоҳ пинҳона аксиламерикавий кайфиятда бўлади. Бу ҳукуматлардан АҚШ ўзига садоқатда бўлишни кута олмаслиги ҳам аниқ.

Мусулмон дунëсидаги авторитар режимларга нисбатан сиëсатини ўзгартириш учун Вашингтон¸ биринчи галда бу мамлакатлардаги диний-сиëсий гуруҳларга нисбатан ëндашувини ўзгартириши¸ аниқроғи улардан қўрқишни тўхтатиши лозим. Мусулмон дунëсидаги сиëсий воқелик¸ АҚШ дагилар ўйлаëтган каби¸ оқ ва қора эмас. Мусулмон гуруҳлари бу мамлакатларда халқ қўлловига эга ва Америка буни тан олиш ва улар билан ҳисоблашишга мажбур¸ дейди қозоғистонлик таҳлилчи.

Хўш¸ Миср ва Тунисдаги халқ исëни¸ бутун Яқин Шарқ минтақасини чулғаган аксил ҳукумат норозилик тўлқини турткисида АҚШ нинг мусулмон дунëсидаги ўз авторитар ҳамкорларига нисбатан сиëсати ўзгарса¸ Марказий Осиëга нисбатан Оқ уй ëндашуви ўзгаришини кутиш мумкинми?

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей бу масалада анча пессимист.

- Қисқа муддатда¸ АҚШ Марказий Осиë ва Ўзбекистонга нисбатан айнан Мисрга тутган каби сиëсат тутади¸ яъни диктатор айтаëтган гапни мутлақ эътирозсиз қабул қилади. Диктатор айтаëтган гап эса¸ "ë мени қўллайсан¸ ëки ўрнимга сенга душман бўлган исломий фанатлар келади"¸ деган мазмундадир. Бу эса¸ мутлақ ëлғон танлов. Амалда иқтидордаги режимга муқобил юзлаб демократик бошқарув йўл ва имконлари бор. Ўйлайманки¸ Мисрдаги воқеалар ривожи буни исбот қилади ва у ерда Туркиядаги каби исломий жамиятда ҳам эркинлик ва демократия бўлиши мумкинлигини кўрсатадиган тизим қарор топади.

Ўзбекистон Афғонистондаги АҚШ қўшинларига таъминот моллари етказишдаги белгиловчи йўлдир.
Ўзбекистонда ҳам ягона мақсади халқ пулини ўмариш бўлган олчоқ мустабидлар ўрнига ҳокимиятни бошқаришга қодир зиëли¸ маърифатли ва демократик қадриятларга самимий ишонган одамлар бор ва АҚШ ана шуларни қўллаши лозим. Аммо улар бурнидан тагини кўра олмайди ва ҳозирча бундай фикрлашдан йироқ. АҚШ дагилар ишончига кўра¸ уларнинг Ўзбекистондаги манфаатларини кафолатлайдиган битта одам бор ва у Ислом Каримов ва шу боис уни қўллаш лозим¸ дейди Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей.

Ўзбекистонда ваҳҳобийликда айбланиб қамоққа ташланган¸ ҳозирда Швециядан сиëсий бошпана топган Муҳаммадсолиҳ Абутов¸ АҚШ Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистондаги мавжуд режимга муқобил кучларни қўллашга қарор қилса¸ бундай кучлар¸ шароит тақозоси билан ҳозирча заиф бўлса-да¸ бор¸ деган фикрда.

- Беларус президенти Лукашенко мухолифатнинг кўп аъзоларини қамаб, бошқа қилгандан кейин унга қарши мана Полшада йиғилиш бўлди. Донор давлатлар йиғилишиб Беларус мухолифатига 180 миллион АҚШ доллар миқдорида ëрдам ажратишга қарор қилди. Беларус мухолифатига ëрдам бериб қўлловчи ташқи кучлар бор эътибор бериб турган, қараб турган.

Нимагадир ўзбек мухолифатига бунақа нарсалар йўқ экан. Мен яқинда келганман бу хорижгаю. Бизлар Ўзбекистонда ўйлар эдикки, "Эрк"нинг обрўси баланд эди, турманинг ичида ҳам одамлар партия ташқарида юрганлигини, Муҳаммад Солиҳнинг борлигини, у одамнинг эртами кеч Ўзбекистонга қайтиши мумкинлиги ҳақида фикрлар, гаплар бор эди. Оддий одамлар орасида бор эди, турмаларда бор эди. Мен ўзим ичидан келганим учун биламан-да. Лекин бу ëққа келгандан кейин кўраяпманки, улар ҳам Ўзбекистондаги одамлар ўйлаганчалик кучга эга эмас экан.

Мабодо Америка бўлсин ëки бирорта бир ташқи қўллайдиган давлатлар бўлсин мен ўйлар эдимки, мана шу "Эрк" раисини ëки "Эрк" партиясини қўллашлиги мақсадга мувофиқ. Чунки у одамнинг халифат қуриш ëки бошқа мақсади йўқ. Демократик, очиқ, эркин жамият қуриш мақсади. Худди шу нарса бугунги ўзбек мусулмонларининг ҳам мақсади. Биз халифат деган нарсани бир кунда бир думалаб бўлиб қолади деб тушунмаймиз. Бугуннинг реаллиги, бугуннинг воқелигига мос яшаш керак. Бугуннинг воқелиги, сув билан ҳаводек зарур нарса шу эркинлик, эркин жамият. Одамларнинг ҳақ-ҳуқуқи жойига қўйилиши, ҳурмат қилиниши керак давлат тарафидан. Айнан шу нарсалар "Эрк" партиясининг дастурида, мақсадларида борлиги учун мана шу партияга ҳамкор сифатида иттифоқ бўлдик. Шуларга шундай жиҳатдан ëрдам бўлишини истар эдим¸ дейди собиқ имом¸ ҳозирда сиëсий муҳожиратда яшаëтган Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG