Линклар

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон ва Тожикистонга экспорт қилинаётган буғдой учун бож тўловини 50 фоизгача ошириш ниятида. Бу ҳақда Қирғизистон қишлоқ хўжалик вазири Тўрўғул Беков маълум қилди.

17 феврал куни Қирғизистон парламентида чиқиш қилган Тўрўғул Беков ҳозирда ўзи бошчилик қилаётган вазирлик томонидан 7-8 қонунга тузатишлар киритиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини билдирди.


- Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида маъмурий жиҳатдан ҳам, молиявий жиҳатдан ҳам муаммолар мавжуд. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун қонунчиликка тузатишлар киритиш зарур, - деди вазир Беков.

Маълумотларга кўра, 2010 йилда Қирғизистон 861 минг тонна буғдой ҳосили олинган. Аввал экспорт божи 30 фоизни ташкил қиларди.

Қирғизистон қишлоқ хўжалик вазирлиги экспорт божини ошириш баробарида мамлакатга импорт қилинадиган моллар учун солиқ имтиёзлари берилишини ҳам таклиф қилмоқда.

- Ҳозир ҳукумат савдо-сотиқнинг либераллаштирилиши ва импорт моллари учун солиқ имтиёзлари тақдим этилиши масаласини ҳал қилиш устида ишламоқда, - деди 17 феврал куни Қирғизистон Жўғўрқу Кенешида чиқиш қилган вазир Тўрўғул Беков.

Буғдой экспорти чеклови бўйича чора-тадбирлар аввалроқ минтақанинг бошқа давлатлари томонидан ҳам қўлланилганди. Хусусан, 2008 йилда инфляцияни тўхтатиш ниятида бўлган Қозоғистон ҳукумати буғдой экспортини таъқиқлаб қўйганди. Ўшанда бу тадбир, мутахассисларга кўра, минтақанинг иқтисоди ночорроқ бўлган Қирғизистон ва Тожикистон каби мамлакатларига қаттиқроқ таъсир қилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG