Линклар

logo-print

Тожикистон Мина масалаларига оид амалиётлар маркази раҳбари Парвиз Мавлонқуловнинг айтишича, портлаш Сўғд вилоятининг Панжакент ва Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти чегарасида юз берган.

- Жорий йил 28 январ куни кечқурун тахминан соат 22 ларда Панжакент туманига қарашли Ёрий қишлоғида истиқомат қилувчи 23 ёшли Фурқат Мухторов чегарадан ўтиш пайтида минага дуч келиб портлаган ва ўша ерда жон таслим қилган, - деди Парвиз Мавлонқулов.

Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлган тожикистонлик отаси ва укаси билан бирга тожик-ўзбек чегарасидан ноқонуний ўтаётган пайтда фалокат юз берган.

Расмийларнинг таъкидлашларича, сўнгги пайтларда тожик-ўзбек чегарасини ноқонуний ўтаётган фуқаролар сони ортиб бормоқда. Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, 2010 йилда 58 тожикистонлик, 32 ўзбекистонлик ва 13 қирғизистонлик чегарани ноқонуний ўтганликда ва паспорт режимини бузганликда айбланиб, маъмурий жазога тортилганлар.

Жумладан, ҳалок бўлган Фурқат Мухторовнинг укаси Руфъат Мухторовга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. У Тожикистон Жиноят кодексининг 335- моддаси (Тожикистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтганлик) бўйича айбланмоқда.

Зафаробод тумани суди ҳаками Муҳаммаджон Ашуровнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари ҳам, Тожикистон фуқаролари ҳам чегарани тез-тез бузиб туришади.

- Биргина 2010 йил давомида Тожикистон чегарасини ноқонуний ўтган ўн беш ўзбекистонлик маъмурий жазога тортилган эди. Уларнинг ҳар бири минг сомоний миқдорида жарима тўлашган ва суд залида озод этилган эдилар. Бундан ташқари, яна тўрт нафар ўзбекистонлик чегарадан ноқонуний ўтганлик ва контрабанда билан шуғулланганликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, шу муддат ичида ўн икки тожикистонлик ҳам тожик-ўзбек чегарасини ноқонуний ўтганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган, - дейди судя Ашуров.

Расмий маълумотларга кўра, тожик-ўзбек чегарасига ўрнатилган миналардан ҳалок бўлган Тожикистон фуқаролари сони 73 кишига етган.

- Умуман Тожикистоннинг ўзидаги ва тожик-ўзбек чегарасидаги миналардан зарар кўрганлар сони 829 кишини ташкил этди. Миналарда портлаб ҳалок бўлганлар сони эса 363 кишига етган. Ўзбекистон томони бир томонлама мина ўрнатган 2000 йилдан буён биргина Сўғд вилоятида 155 киши тожик-ўзбек чегарасидаги миналардан зарар кўрган. Шулардан икки нафари Ўзбекистон фуқароларидир, - деди Парвиз Мавлонқулов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG