Линклар

logo-print

Диний-экстремистик гуруҳларга аъзолик айби билан Жаслиқ колониясига ташланган маҳбусларга¸ уларнинг озодликка чиқиши арафасида янги жиноий ишлар очилмоқда. Бу ҳақда Озодликка маҳбусларнинг яқинлари хабар қилмоқда.

Фарғона вилоятининг Сўх туманидан бўлган 34 ёшли Набижон Мамажонов ўрта диний маълумотга эга. У 1994 йилда Қўқон мадрасасини тамомлаган. 1999 йилнинг 21 мартида миллий хавфсизлик хизмати ва ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан “Ҳизбут-Таҳрир” диний ташкилотига алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинган.

1999 йил июнида Набижон Мамажонов Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 159 ва 244-моддалари бўйича 19 йилга озодликдан маҳрум этилган. Кейинчалик жиноий ишлар бўйича Фарғона вилоят судининг аппеляция суд коллегияси жазо муддатини 12 йилга туширган.

Набижон Мамажонов жазо муддатининг 4 йилини Навоийдаги 64/46-зонада, қолган 8 йилини эса Қорақалпоғистоннинг Жаслиғида ўтаётган эди.

Унинг акаси Мустафо Мамажоновга кўра, укасининг жазо муддати 2011 йилнинг 21 мартида тугаши керак эди.

9 феврал куни Жаслиққа Набижон Мамажоновнинг акаси, аёли ва 11 яшар ўғли 12 феврал кунига расмий рухсат олинган учрашувга боришган.

- 10 число куни предупреждат қилдики, “Набижон этап бўлди бошқа жойга, йўқ бу ерда, кетаверинглар”, деди. Кейин: “қаерга кетганини аниқлаб беринглар” десам, “Нукусда”, деди. Нукусга келдим, шаҳардаги 9-изоляторда ўтирган экан. Яна киргани қўймади. Кейин ГУИНга телефон қилдим. Телефон қилганимдан кейин шаҳар изоляторининг бошлиқ ўринбосари билан учраштирди мени. Гаплашдим, кўришгани рухсат бермади. Қайтиб келдик, 6-7 кун овора бўлдик, - дейди Набижоннинг акаси Мустафо Мамажонов.

Айни пайтда Мустафо ака укаси билан учрашишга рухсат берилмаганининг сабаби нимада эканини аниқ билмаслигини айтади.

- “Бошқадан қайтиб кўрилаяпти иши”, деяпти. “Қамоқхона ичида қонун-қоидаларни бузган, шунинг учун бошқадан статя қўйиб, 221-ми, шунақа статья қўйиб, тергов иши кетаяпти. Шунинг учун мумкин эмас кўриш” деди , - дея Нукус шаҳар тергов изолятори бошлиқ ўринбосарининг гапларини келтиради Мустафо Мамажонов.

Набижон Мамажоновни яқинлари уни ўтган йилнинг 12 ноябрида кўриб келишган. Мустафо аканинг айтишича, ўшанда укасининг аҳволи жуда яхши эди.

- Аммо ҳозирги состояниесини ҳеч ким билмайди. Энди ичкарида ўтирганлар билиши мумкин, аммо бизга аён эмас. Лекин бизга “состояние очень тяжелое”, деб хабар чиқаяпти.У ердан чиқаётган хабарлар мени безовта қилаяпти, - дейди Мустафо Мамажонов.

Ўзбекистондаги мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, 2005 йилдаги Андижон воқеаларига қадар диний мотивлар бўйича қамалганларнинг амнистияга тушиб, озодликка чиқиш холатлари бўлган. Бироқ 2006 йилдан буён бундай моддалар билан маҳкум этилганларнинг амнистияга тушиши ёки жазо муддати тугагани боис озодликка чиқиб кетгани қайд этилмаган.

- Бир хилларга нисбатан учинчи марта сохталаштирилмоқда. Яъни, масалан, 6 йилга ҳукм қилинганларга нисбатан учинчи марта 221- модда бўйича “режимни бузган” деб сохта айблов қилиб, 10-15 йил, 20 йилгача муддатларда ўтиришибди. Қамоқхона ходимлари гапирадики, буларга нисбатан бундай буйруқ Тошкентдан келаяпти.Улар айтмаяпти, албатта, бу буйруқлар ГУИНдан келади. Лекин ГУИНга ким айтади, бу фақат ўша президент аппарати бўлиши мумкин. Улар чиқиб кетмаслиги керак. Ё ҳаммасининг ўлигини чиқариш керак, ёки амнистия қўлламаслик, ёки сохта устидан айб қўйиш. Яъни мақсад буларнинг ҳаммасини қириб ташлаш. Мақсад шундай қўйилган, - деди ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Айни пайтда жазо муддати тугашига бир ой қолганда яна устидан тергов иши бошланган маҳбус Набижоннинг акаси Тошкентга, укасининг иши бўйича кетаётганлигини билдирди.

Мустафо Мамажонов Жазони ижро этиш бошқармасидан укаси тақдири ҳақида аниқ маълумот олиш ниятида.
XS
SM
MD
LG