Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:27

Тезекбаев: Бакиевчилар Қирғизистон жанубида нотўғри ташвиқот юритмоқда


Ўш вилоят губернаторининг биринчи ўринбосари Қушбақ Тезекбаев қирғиз ҳукумати мамлакат жанубида бакиевчиларга қарши кураш имкониятини кундан-кунга қўлдан бой бераётганини айтади.
Ўш вилоят губернаторининг биринчи ўринбосари Қушбақ Тезекбаев қирғиз ҳукумати мамлакат жанубида бакиевчиларга қарши кураш имкониятини кундан-кунга қўлдан бой бераётганини айтади.

Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалолобод вилоятларида сиёсий-ижтимоий вазият мураккаблигича қолаётир. Бу ҳақда Ўш вилоят губернаторининг биринчи ўринбосари Қушбақ Тезекбаев 16 феврал куни Бишкекда ўтган йиғилишда маълум қилди.

Тезекбаевнинг айтишича, Ўш ва Жалолобод вилоятларида турли ҳукумат тузилмалари ва идораларининг бармоқ билан санарли раҳбарлари алмаштирилган, вилоятнинг қолган барча раҳбарлари эса Бакиев тарафдорлари бўлган шахслардир.

Расмийнинг айтишича, мана шундай асосга эга бўлган бакиевчилар жанубий ҳудудларда ерларни босиб олиш ва янги тартибсизликларни келтириб чиқариш борасида фаол тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Қушбақ Тезекбаев 17 феврал куни Озодлик мухбири билан суҳбатлашар экан, 16 феврал куни қилган мазкур баёнотидан сўнг унга таҳдидлар бўлганини айтди:

- Бакиевчилар тиш-тирноғигача қуролланган. Ўш воқеаларидан фойдаланиб, улар қуролларини янада кўпайтириб олишди. Улар билан ҳукумат кескин курашмаса, менга ўхшаган бир-икки одам ҳеч нарса қила олмайди. Чунки менинг 16 феврал куни қилган баёнотимдан сўнг рақами яширин бўлган телефонлардан менга учта қўнғироқ бўлди. Уларнинг барчаси менинг бундан кейин бундай баёнотлар бермаслигимни ва жим юришимни, акс ҳолда, оқибати ёмон бўлишини айтишиб, таҳдид қилишди, - дейди Қушбақ Тезекбаев.

Ўш вилоят губернаторининг ўринбосари қирғиз ҳукумати мамлакат жанубида бакиевчиларга қарши кураш имкониятини кундан-кунга қўлдан бой бераётганини таъкидлади:

- Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларининг 90 фоизини бу ерда Бакиевнинг укаси Жаниш тайинлаган. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг 2 раҳбари алмашган, холос. Улар аслида ҳеч нарсани ҳал қилишмайди, ҳамма ишни Бакиевга содиқ одамлар бошқаради. Ўшдаги ер босиб олиш ва бошқа бир қатор кичик тартибсизликлар пайтида ҳуқуқ-тартибот идоралари фақат томошабин бўлиб туришади. Янги ҳукуматнинг уларга тиши ўтмайди. Бундай шароитда Ўшдаги заифгина барқарорликнинг яна бузилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди, - деди Қушбақ Тезекбаев.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар жанубий ҳудудларда қирғиз ҳукумати таъсири заиф эканини ва шунинг учун ҳам мазкур вилоятлардаги вазиятни тўла назорат қила олмаётганлигини эътироф этадилар.

Қирғизистонлик сиёсатшунос Андрей Князев қирғиз матбуотида бундай ҳолатни шарҳлар экан: “Бугунги Қирғизистон давлат сифатида шаклланмаган мамлакатдир”, деган хулосасини очиқлаган.

Айни пайтда расмийларнинг мамлакат жанубида ва шимолида радикал кучларнинг фаоллашаётгани тўғрисидаги баёнотлари ва ҳукуматнинг уларга қарши курашдаги заифлиги аҳоли орасида келажакдан қўрқув ҳиссини кучайтирмоқда. Бу ҳақда президент маъмурияти раҳбари Эмил Қаптағаев 16 феврал куни журналистлар билан бўлган учрашуви чоғида ҳам гапирган эди:

- Ўзбек аҳолиси орасида миграция тўлқини кузатилганини ҳаммамиз биламиз. Бир неча ўн минг одам, асосан ёшлар бошқа мамлакатларга чиқиб кетгани факт. Ҳозир ҳам бу жараён давом этмоқда ва бу қўрқув туфайли бўлаётганини ҳам айтиб ўтиш лозим. Албатта, доимий тарзда нобарқарор бўлиб турган мамлакатдан ўзга юртларда ишлаш ва яшаш имкониятига эга бўлган одамлар чиқиб кетишга ҳаракат қилади ва бу табиийдир. Аммо бизда одамлардан бу қўрқув ҳиссини йўқ қилиш учун аниқ ҳаракат дастури йўқ. Президент ҳам, ҳукумат ҳам ҳозир қўрқувга қарши дори ўйлаб топиш имкониятига эга эмас, - деди Эмил Қаптағаев.
XS
SM
MD
LG