Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:37

Ўзбекистонлик автоҳаваскор дунё бўйлаб саёҳатга тайёрланмоқда


Ҳасанбой Бурҳонов жаҳон бўйлаб саёҳатга чиқиш унинг болалик орзуси эканини айтади.
Ҳасанбой Бурҳонов жаҳон бўйлаб саёҳатга чиқиш унинг болалик орзуси эканини айтади.

Наманганлик Ҳасанбой Бурҳонов бир ўзи дунёни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилда кезиб чиқмоқчи. У жаҳонни “Тенг имкониятлар учун” шиори остида айланиб чиқиш ниятида.

Асли наманганлик, ҳозирда Тошкентда яшаётган Ҳасанбой ака Наманган вилоятида кўп фарзандли оилада туғилган. 9 ойлигида полиомелитга чалинганидан сўнг унинг эгизаги Зуҳра оламдан ўтган.

Ҳасанбой аканинг айтишича, ота-онаси саъй-ҳаракати билан у касалликдан анча тузалган, бироқ касаллик асорати бир оёғида қолган. Шу боис қаҳрамонимиз ҳассага таяниб юради.

Ҳасанбой акада дунё бўйлаб саёҳатга чиқиш орзуси ногиронлар учун махсус интернатда ўқиб юрган пайтларида пайдо бўлган.

- Одамда шу махсус интернатда ўқиган пайтида психологик комплекслар пайдо бўлар экан. Сабаби фақат ногиронлар билан яшаб юрасиз. Фақат шулар билан гаплашиб юрасиз. Айрим бир вақтгача комплекслар бўлади. Мен вилоятдан бўлганим учун уйга бир йилда икки-уч марта борар эдим, холос. Тошкентда яшаётганлар шанба-бозор уйга боришар эди. Ёз таътилларидан қайтиб келишганида айтишар эдики, “мен Москвага бордим”, баъзи бирлари “денгизга бордим”, дейишарди. Энди қишлоқдан чиққанга қандай бундай имкониятлар? Албатта, йўқ эди. Чунки колхозчининг фарзандиман, - дея хотирлайди Ҳасанбой ака.

Тошкентдаги махсус мактаб-интернатни тугатган Ҳасанбой Бурҳонов Рязан вилоятидаги Михайлово шаҳрида иқтисод коллежини, сўнгра Украинанинг Харков шаҳрида юридик академияни тамомлаган. 1991 йилларда эса у тадбиркорликка ўзини уриб, Ўзбекистонга чет элдан машиналар олиб кела бошлайди.

Дунё бўйлаб автомашинада саёҳат қилишга Ҳасанбой акани россиялик саёҳатчи Фёдор Конюхов илҳомлантирган экан. Суҳбатдошимиз дунё бўйлаб автомарафон қилиш унинг шахсий ташаббуси эканини, бунинг ортида ҳеч қандай ташкилот турмаганлигини айтади.

- Энди мана режалаштириб турибмиз. Шу 10 майда, менимча, чиқиб кетсак керак. Ҳозир машина масаласини ҳал қилаяпмиз. Феврални бошида Ўзбекистон автоконцерни “GM Uzbekistan”га мурожаат қилганмиз. Менимча, йўқ дейишмаса керак. Бундан ташқари, мамлакатдаги баъзи бир тадбиркорлар, бизнес структуралари бу лойиҳага катта қизиқиш билан қарашаяпти. Хоҳлар эдимки, мана шу Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган машинада марафонни амалга оширишни. Бу биринчидан. Иккинчидан, лойиҳанинг умумий қиймати 90 минг АҚШ долларини ташкил этади. Демак, бош ҳомий бўлиб шу “GM Uzbekistan” чиққанида, менимча, мақсадга мувофиқ бўлар эди, - дейди Ҳасанбой ака.

Ўзбекистонлик автохаваскор Chevrolet Captiva машинасида сафар қилмоқчи эканлигини айтади.

- Мен автоматический, серийний машинадан фойдаланмоқчиман. Оддий, ҳеч қанақа махсус мосламаси йўқ. Битта соғ оёқда бошқараман. Фақат узоқ йўлга бўлганлиги учун озгина қотирилибми, багажник қўйиладими, лекин машина махсус тайёрланмайди, - деди суҳбатдош.

Автомарафон чоғида Қозоғистон ҳудуди орқали Россиянинг Барнаул, Иркутск, Хабаровск, Владивосток шаҳарларидан ўтиш мўлжалланган. Ундан кейин Япония, Канаданинг Ванкувер шаҳри, сўнгра АҚШ Сиэтл шаҳридан Нью-Йоркка йўл олинади. Кейин эса Буюк Британия, Европа ва Скандинавия давлатлари билан якунлаб, яна ортга Ўзбекистонга келинади.

Ҳасанбой Бурҳонов мазкур автосаёҳатга тахминан 5 ой ажратмоқда. Автосаёҳат интернетда очилган сайтда мунтазам орқали ёритиб борилади.

- Виза масаласини, Худо хохласа, Ташқи ишлар вазирлиги орқали амалга оширамиз. Ўзбекистондаги элчихоналар билан суҳбатлашганимизда, бир қатор элчихоналар ўзининг розилигини ва қўллаб-қувватлашини айтиб ўтган, - деди Ҳасанбой Бурҳонов.

Ёшлигидан ногирон бўлган суҳбатдошимиз биринчи марта бундай саёҳатга чиқаётганини айтаркан, бунда миллатдошларининг маънавий мададига эҳтиёж сезишини қўшимча қилади:

- Ҳозир кўпчилик қўнғироқ қилаяпти. Мен хоҳлар эдимки, агар қизиққан инсонлар бўлса, ўзларининг фикрларини билдирса, менга бу жуда муҳим. Шу инсонларни, ҳамюртларимизни, ўзбекларни фикри ва қўллаб-қувватлаши менга жуда ҳам керак бўлар эди. Кўпчилик: “Қўрқмайсанми, бир ўзинг бўласан”, дейишади. Мен бир ўзим бўлмайман. Мен билан ҳар доим Оллоҳ бўлади. Худонинг паноҳида бўламан. Шунинг учун ёлғиз ўзим бўламан, деб ўйламайман, деди Ҳасанбой Бурҳонов.
XS
SM
MD
LG