Линклар

logo-print

Ўзбекистон милицияси дунëдаги энг коррупциялашганлар бешлигида


Ўзбек милицияси¸ халқаро кузатувчиларга кўра¸ халқ учун ҳимоят эмас¸ таҳдид манбаига айланган.

Ўзбек милицияси¸ халқаро кузатувчиларга кўра¸ халқ учун ҳимоят эмас¸ таҳдид манбаига айланган.

Criminal Justice Degrees Guide деб номланган халқаро тадқиқот маркази ҳозирлаган ҳисоботга кўра¸ Ўзбекистон милицияси коррупция даражасининг баландлиги жиҳатдан Ҳаити¸Мексика¸ Кениядан кейинги тўртинчи ўринга қўйилган.


“Дунëдаги ҳар бир давлат у ëки бу шаклда коррупция муаммоси билан тўқнаш келса-да¸ баъзи давлатларда халқ ўз асосий вазифаси халқни ҳимоя қилиш бўлган полициячиларга мутлақ ишонмай қўйган. Полициянинг ниҳоятда чуқур отган коррупция ботқоғига ботгани ва унинг жиноятчиликка қарши курашувчидан жиноятчига айлангани жамиятни емиради ва фуқаролар ҳаëтини таҳдид остида қолдиради. Мана бу рўйхатда дунë бўйича энг коррупциялашган полиция кучлари акс этган”¸ дейилади Criminal Justice Degrees Guide ҳисоботида.

Мазкур рўйхатнинг 4-поғонасига қўйилган Ўзбекистон милицияси фаолиятига қуйидагича баҳо берилади:

“ Ўзбекистонда полиция фаолиятини ниҳоятда узун коррупция тарихига эга Ички ишлар вазирлиги назорат қилади. Ўзбекистон полицияси фуқароларни улардан пора ундириш учунгина қўлга олиш ва улар ҳақларини топташ билан донг чиқарган. Ўзбекистонда пора берилмайдиган соҳанинг ўзи йўқ – йўл ҳаракатидан тортиб маъмурий судлару институтга киришгача пора бериш керак. Мамлакатда порахўрлик тизими юксалган сайин¸ Ўзбекистон халқини ҳимоя қилиши лозим полиция хизмати нархи ҳам ошиб бормоқда”¸ дейилади Criminal Justice Degrees Guide ҳисоботида.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли¸ ўзбек милициясининг иш усуллари билан собиқ маҳбус сифатида бевосита таниш Мўътабар Тожибоева¸ бу хулоса нафақат ўзи¸ балки аксар ўзбекистонликларга ҳам янги гап эмаслигини айтади.

- Дунëдаги энг коррупциялашган милиция тизими қаторига Ўзбекистон милицияси қўшилганлиги мен учун янгилик эмас. Боиси, биринчидан Ўзбекистонда мустақиллик эълон қилинганига бир неча йил ўтган бўлишига қарамасдан ҳанузгача милиция ҳақидаги қонун йўқ. Бу айнан коррупциялашишни ва милиция ходимлари томонидан содир этилган жиноятлар учун жавоб бермасликларига имконият яратадиган шароит. Айнан мана шунинг учун ҳам Ўзбекистонда милиция тизими вакиллари истаганча жиноятларни содир этишлари мумкин.

Асосан қийноқлар қўллаëтган, ҳибсга олинган, ҳаттоки ҳибсга олинмаган бир жабрланувчи сифатида ўтаëтган фуқароларга нисбатан ҳам таъқиблар, қийноқлар қўллайдиган системада биринчи ўринга милицияни қўйиш мумкин¸ дейди Мўътабар Тожибоева.

Ўзбекистон ички ишлар ва умуман ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларида коррупциянинг кучайиб бораëтганини кўп ҳолларда Ўзбекистон президенти ҳам тан олишга мажбур.

17 декабр куни Самарқанд вилоят Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари 7-сессиясида сўзлаган нутқида Ислом Каримов¸ бу муаммонинг биргина Самарқанд вилоятидаги кўлами ҳақида аниқ рақамлар келтирган эди.

- Бу борада кўзга ташланаëтган нохуш бир ҳолат одамда ташвиш уйғотмасдан қолмайди. Вилоятда 2008-2010 йилларда 1391 нафар мансабдор шахс порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ўзганинг мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 83 нафарини ички ишлар ходимлари ва бошқа бўғиндаги мансабдорлар ташкил этади.

Жиноятчиликка қарши кураш соҳасида кўзга ташланаëтган нохуш ҳолатлардан энд чидаб бўлмайдигани бу кўзбўямачилик, салбий кўрсаткичларни сунъий равишда пасайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг шахсий таркиби томонидан хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш фактлари мавжудлиги катта хавотир уйғиотади. Хусусан пора олиш ва таъмагирлик туфайли жиноий жавобгарликка тортилган 21 нафар ички ишлар ходими, 6 нафар прокуратура вча суд ходими борлиги, вилоятда бу борадаги тартиб интизом, талабчанлик ва назоратнинг бўшаштириб юборилганидан дарак беради¸ деган эди бундан икки ойча аввал қилган маърузасида президент Каримов.

Хўш¸ Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий кураш ҳаракат режаси ишлаб чиқилгани¸ мамлакатда айнан асосий вазифаси коррупцияга қараш деб белгиланган тизимлар фаолият юрғизаëтгани¸ йил сайин юзлаб ички ишлар ходимлари порахўрлик учун жиноий жавобгарликка тортилаëтганига қарамай¸ нега умумиятла¸ хусусан эса¸ милиция кучлари орасида коррупция даражаси камаймаëтир?

Ўзбекистондаги милиционерлардан бири¸ бу савол жавобини оддий нафс¸ муҳими системадан қидириш керак¸ дея фикр билдиради.

- Бунга сабаб ким билади энди. Масалан¸ форма кийганингиздан кейин, айтадию номи улуғ, супраси қуруқ деб, шунақа бўлмаслиги учун кўпроқ пул топишга ҳаракат қиладида милициядагилар. Мисол¸ ҳозир менинг ойлигим 430 минг. Бу энди етади, 100 минг олсангиз ҳам етадию, ҳақиқатан ҳам ундан, бундан олсангиз, ҳамма нарсанинг кўпи яхши дейдию, ойликни 1,5 миллион берганда ҳам эҳтиëж кўпда, одамларнинг эҳтиëжи тугамайди.

Буни қандайдир ҳалиги, кўпайтириш керак ойликни, кўпайтириш керакку¸ лекин маҳкам ушлаш керак¸ деб ўйлайманда мен. Умуман коррупцияга йўл қўймаслик керак. Айтишадию Гитлер автобусга билет олмаганда отган экан. Шу сингари бизда ҳам қаттиққўллик керакда. Телевидениеда туриб гапирган билан, битта-иккита раҳбарни ўзгартирган билан, кейин “балиқ бошидан сасийди” деган гап бору. Раҳбарлар ўзлари шуни бошлаб беради. Ўзлари керак бўлса узат¸ дейди. Пастдагилар қўрқмай ишни қилаверадида. Чунки у узатиб қўйганда. Мисол учун ойлигидан бермайдию. У ҳам қаердандир олиб бериши керакку. Ўша раҳбарлар ўзи айбдор бўладида шунга. Мана мисол мен 430 минг ойлик олсам, 200 минг сўраса, мисол мен ойлигимдан беролмайманку. Мен ҳам кимдандир олиб беришимга тўғри келади. Ëки бўлмаса ишламаслигимга тўғри келади¸ дейди ўзбекистонлик милиционер.

Criminal Justice Degrees Guide ҳисоботида айтилгани каби¸ Ўзбекистонда халқнинг ўз ҳаққини ҳимоя қилиш лозим бўлган милицияга кўпдан ишонмай қўйганини биз милиционерлар ҳам яхши биламиз¸ ўз танамизда ҳис қиламиз¸ деб давом этади суҳбатдошимиз.

- Кўпчилик “Буларнинг бори яхши. Шулар бор тартиб интизом ўрнатади” дейди. Кўпчилик лекин ëмон кўради милиция халқини. Мен ўзим ҳам ëшлигимда унча ëқтирмас эдим. Лекин тақдир тақозоси билан ишлаяпмиз. Албатта сезамиз. Очиқ гапирмаса ҳам ўзингизга етиб келади шу нарса. Орқаваротдан гапирса ҳам етиб келади. Қарашларидан, бошқасидан билсангиз бўлади¸ дейди ўзбекистонлик милиционер.

Халқаро кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистондаги коррупция нафақат ички ишлар тизими¸ балки бутун тузумга хос ҳодиса.

Ўзбекистонда давлат бошқарувининг мутлақ барча соҳалари коррупциялашгани ҳақида йиллардан бери бонг уриб келаëтган Transparency International ташкилоти Ўзбекистонни ҳар йили дунëдаги энг коррупциялашган давлатлар сафига қўйиб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG