Линклар

logo-print

Газпром газ нархини пасайтиришга уринмоқда


Россия Европага узатадиган газнинг катта қисмини Марказий Осиёдан олиб сотади.

Россия Европага узатадиган газнинг катта қисмини Марказий Осиёдан олиб сотади.


Газпром 2010 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистондан газни аввалги йилларга нисбатан арзонроқ сотиб олган эди.

Ҳозирда газ нархини пасайтириш борасидаги музокаралар Туркманистон ва Озарбайжон билан ҳам олиб борилмоқда. Озарбайжон шу пайтгача газни импорт қилиб келган. Аммо Каспий денгизи атрофидаги қатор янги газ конларининг очилиши билан Озарбайжон учун табиий газни экспорт қилиш имконлари ҳам очилди.

Газпромнинг ташқи муносабатлар Департаменти ходими Ольга Морева Газпром экспортчи давлатлар, жумладан Ўзбекистондан сотиб олинаётган газ нархи арзоналаштириш борасида музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади.

- Ҳозир музокаралар давом этмоқда. Жумладан, нархларни ўзгартириш ҳақидаги таклифлар деярли барча ҳамкорларимизга жўнатилган. Аммо томонлар аниқ қандай келишувга тўхтагани ҳақида бизда расмий маълумотлар йўқ, дейди Газпром мутассадиси Ольга Морева.

Унинг айтишича, жорий йилнинг 21 январида Газпром бошқарув кенгаши раиси Алексей Миллер ва Озарбайжон Давлат нефт компанияси президенти Ровнағ Абдуллаев ўртасида 2011 йилда Россия Озарбайжондан 2 млрд куб метр газ сотиб олиш тўғрисида келишиб олинган. Газпром Озарбайжондан сотиб олаётган газ ҳажмининг кескин ошганлигидан албатта нархлар борасида ўзгаришлар бўлганлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин, дея давом этади Ольга Морева.

- Аслини олганда нархларни ўзгартириш ҳақидаги музокаралар доимий хусусиятга эга. Томонлар албатта ўз манфаатларини кўзлаб иш тутади. Қўшимча қилиб айтишим мумкинки, 19 январ куни Газпром Директорлар Кенгаши қарорига кўра, 2011 йилда бизнинг ширкатимиз МДҲ давлатларида фаолият самарадорлигини ошириш бўйича махсус чора-тадбирларни ишлаб чиқди. Албатта, бу қарорда энг катта ўрин нархлар сиёсатига қаратилгани аниқ, дейди Газпром расмийси Ольга Морева Озодлик билан суҳбатда.

Газпром концернидан олинган маълумотларга кўра, газ нархини пасайтиришга қаратилган музокаралар Ўзбекистон, Қозиғистон ва Озарбайжондан ташқари Қирғизистон ва Тожикистон республикалари билан ҳам олиб борилмоқда, сўнгги икки давлат яқин келажакда Россияга суюлтириган газ етказиб беради. “Газпром” Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан 2009 йилда жами 37,3 млрд куб метр, 2010 йилда эса қарийб 38 млрд куб метр газ сотиб олган.

Хусусан Россия давлат ширкати Ўзбекистоннинг Шоҳпахта конидан газ қазиб олиш тўғрисида келишув имзолаган, Устюрт даштларида эса геология қидирув ишларини олиб бормоқда.

Газпром 2011 йилда Марказий Осиё давлатларидан газ сотиб олиш ҳажмини икки фоизга кўпайтиришни режалаштирган.

Концерн раҳбари Алексей Миллер куни кеча қилган чиқишларидан бирида Газпром йил бошидан буён газ қазиб олиш режасини қарийб 1 млрд куб метрга оширганини билдирди. Бунинг сабабини у Европада табиий газга бўлган талабнинг кескин ошгани билан изоҳлади. “Бу кетишда жорий йилнинг ўзида Европага 152 млрд куб метр ҳажмида газ узатилиши мумкин”, деди Алексей Миллер.

Кузатувчилар Газпром сотаётган табиий газ ҳажмининг оширилиши газ нархининг пасайишига олиб келиши мумкинлигини айтмоқда.

Россиядаги “Альфа-Банк”нинг нефт-газ соҳасидаги эксперти Александр Беспалов Газпром ширкати Марказий Осиёдан сотиб олаган газни асосан Россия орқали Европага экспорт қилаётгани боис Европа давлатлари Марказий Осиёдаги газ қазиб олувчи давлатлар билан бевосита муносабатларни яхшилашга уринмоқда, дейди. У айнан Европа Иттифоқи босими остида Россия ўзбек, қозоқ ва туркман газининг нархини камайтиришга уринаётганини айтади.

- Газпром сотаётган газ нархини расман очиқламаётган бўлсада, сотиб олинаётган газнинг нархини туширишга уринаётгани сир эмас. Чунки ўз ўрнида Газпром Европа истеъмолчилари тарафидан нархни пасайтиришга қаратилган қаттиқ босимга учрамоқда. Ўзбекистон ва Туркманистоннинг январдаги Европа Иттифоқи расмийлари билан имзолаган энергетика соҳасидаги қатор хужжатларига келадиган бўлсак, яқин орада улар бевосита Еврапага газ сотишни бошлайди деган хулоса чиқармаслик керак. Чунки бу лойиҳаларни амалга ошириш учун катта сармоя керак, дейди нефт-газ соҳаси мутаҳассиси Александр Беспалов.

”Альфа-Банк” таҳлилчиси ўтган йилги газ нархи минг куб метрига 170-180 долларни ташкил этганини ва бу йилги тахминларга кўра, унинг нарха янада арзонроқ бўлиши мумкинлигини алоҳида урғулади.

- Биз вазиятни тўлиқ билмаймиз. Лекин Европа Марказий Осиё газини диверсификация қилишга қаратилган сиёсат олиб бораётганини яшираётгани ҳам йўқ. Улар албатта арзонроқ нархда газни сотиб олишни, газ заҳираларини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Қолаверса, Марказий Осиёда газ кўп ва уни Россиядан айланиб ўтаётган “Набукко”, “Жанубий оқим” қувурлари орқали тортиб кетиш мумкин, дейди Александр Беспалов.

Эслатиш жоиз, Европа Комиссияси Президенти Жозе Мануэл Баррозо 24 январ куни Брюсселда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашувидан аввалроқ, Озарбайжон ва Туркманистон президентлари билан ҳам музокара қилган. Кузатувчилар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни оммавий жамоатчилик босимига қарамасдан Европа Иттифоқи расмийлари томонидан қабул қилинишини шу учрашувларнинг мантиқий давоми деб қаралишини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG