Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:43

Ўзингга эҳтиёт бўл, меҳмонни ўғри тут!


Жорий этилаётган "уй дафтарлари"да уй соҳибларининг уй ичидаги ҳаракатлари, масалан, ҳожатга бориб келиш ёҳуд овқатланиш вақтлари қайд этиладими, йўқми ҳозирча номаълум.
Жорий этилаётган "уй дафтарлари"да уй соҳибларининг уй ичидаги ҳаракатлари, масалан, ҳожатга бориб келиш ёҳуд овқатланиш вақтлари қайд этиладими, йўқми ҳозирча номаълум.

Самарқанд вилоятидаги хонадонларга янги “уй дафтари” тарқатилмоқда. Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари буни “чақимчилик”нинг янги шакли деб аташяпти. Энди хонадон соҳиби уйга ким келиб-кетгани, оила аъзоларидан ким қаерга кетгани ҳақидаги маълумотни бу дафтарга киритиб, маҳалла қўмиталарига тақдим этиши шарт.


Тилга олган мавзумиз, собиқ иттифоқ давридан қолган “домовая книга” ҳақида эмас. Самарқандликларга кўра, янги жорий қилинаётган, синф журналига ўхшаш бу "уй дафтари" босмахонада жуда кўп имловий хатолар билан чоп этилган. Шу кунларда Самарқанд вилояти туманларида маҳалла қўмиталари вакиллари, маҳалла посбонлари ва милиция нозирлари бу антиқа дафтарни уйма-уй юриб, тарқатиш билан банд.

Самарқанд туманидан истиқомат қилувчи, исми сир қолишини истаган суҳбатдошимизга кўра, уй дафтарида шу хонадонда яшовчи шахслар ҳақида тўлиқ маълумот, иш жойи ва лавозими, якка тартибдаги меҳнат билан шуғулланиши, ҳаракатдаги меҳнат дафтарчаси бор ёки йўқлиги, шахсий автотранспорти русуми, давлат рақами каби маълумотлар ёзилиши шарт:

- Энди яна бир пункти бор. Унда ким қачон, қаерга чиқиб кетганлиги узоқ муддатга, мен шундай тушундим, қачон кетган, манзили ва мақсади, қачон келганлиги қайд қилиниши керак. Хонадон эгаси билан ўтказилган суҳбатлар ва берилган тавсиялар ёзилиши керак.

Шунингдек, деб қўшимча қилади суҳбатдош, уй эгалари маҳаллий ҳокимиятга энди чақимчилик вазифасини ҳам ўташи шарт бўлиб қолди:

- Уй дафтарида “хонадонда паспорт виза тартибига риоя қилиш, бегона шахсларни уйга киритмаслик, ижарада турувчилар ҳақида, бошқа салбий ҳолатлар юзасидан профилактика инспекторига ўз вақтида хабар бериш”, деган ëзув бор. Демак, бегоналар келса, бирор киши келса, мен шундай тушундим, бориб профилактика инспекторига, маҳалла нозирига хабар беришим шарт экан,- дейди исми сир қолишини сўраган самарқандлик.

Суҳбатдош фикрича, янги уй дафтари жорий қилинишидан асосий мақсад ҳар бир хонадонни назоратда тутиш, унинг эркинликларини чеклашдир.

Уй дафтарлари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам жорий қилинмоқда. Иштихон туманидан яшовчи Бекмурод Сайфуллоевга кўра, энди уйга келадиган меҳмонлар олдида ҳам мезбон ноқулай аҳволга тушиб қоладиган бўлди:

- Регистрация қилиш керак. Уйингизга ким келди, ким кетди, паспорт даннийлари бўлиши керак. Ҳаммасини ëзиш керак. Мен битта гапни айтаман. Ўзбекистонда эркинлик йўқда энди. Қамоқ системаси бу. Дафтар ташкил қилиш кимга керак? Уй дафтари дейди, бунда на печат бор, на подпис бор, на қарор бор, на бошқа нарса бор. Ҳеч нарса йўқда. Ҳукумат ўзидан қўрқиб шу ишни қилаяптида энди. Шу, маълумот олиш учун қилаяптида. Одамларнинг эркинлигини тақиқлаяптида. Уйга келган одамга “паспортингизни беринг, даннийларини ëзай” дея олмайсизку. Эркинликни чеклаш деган гап бўладида бу,- дейди Бекмурод Сайфуллоев.

Вилоятнинг Жомбой туманида "уй дафтарлари"ни тарқатиш ўқитувчиларга топширилди ва улар ҳар бир дафтар учун минг сўмдан пул олмоқда, дейди инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Холиқназар Ғаниев:

- Мен кўзим билан кўрганим мактаб ўқитувчилари дарвозама дарвоза юришибди, тақиллатиб. Энди албатта, очиқча эътироз билдириб бўлмайди, шунақа зарурат балки бордир, аммо ҳаддан ошиш ҳам бу ерда кўзга ташланиб турибдида. Ҳаддан ошиқ, одамнинг ҳуқуқини бузадиган мазмундаги саволлар бўлаяпти. Очиқча ëзиб қўйганку конституцияда “ҳеч ким бировнинг ички ишига аралашиши мумкин эмас” деб. Оилавий сир бўлиши мумкин ва ҳоказо. Мамлакат бўйлаб, ер юзи бўйлаб юришни чеклаб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу саволлар чеклашдан дарак бериб турибди,- дейди Холиқназар Ғаниев.

Самарқанд тумани “Маҳалла” жамғармаси раиси Толиб Нарзуллаев Озодлик билан суҳбатда уй дафтарлари аҳолининг турмуш тарзи, қандай яшаётганлиги ҳақида тўлиқ маълумот олиш мақсадида ташкил қилинганини айтади.

- Уй дафтарини ташкил қилганимиздан мақсад, шу фуқароларнинг оиласидан хабар олиб турамиз, уларнинг ҳолидан. Ким борса, хабар олиб туради. Китобга ëзади. Четга чиқиб кетганларнинг рўйхати тўлиқ қайд этилади у ерда.

Озодлик:
Бу эски “домовой книга” эмасда бошқа нарса-а?

- Йўқ, у "домовой книга" эмас. У просто мана шу оиланинг бугунги кундаги ҳаёти. Неча киши бор, нечтаси қаерга кетган, нима иш қилаяпти, нима иш билан шуғулланаяпти, ишламаëтган бўлса, уни уже иш билан таъминлаш учун бизлар бандлик бўлимига мурожаат қиламиз. Мутахассислиги бўйича иш топиб берамиз. Маҳалла қиладида шуни,- дейди Самарқанд тумани “Маҳалла” жамғармаси раиси Толиб Нарзуллаев.
XS
SM
MD
LG