Линклар

Каримов Тошкент шаҳар ҳокимини ишдан бўшатди

  • Озодлик

Эндиликда Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокимига айланган Абдуқаҳҳор Тўхтаев.

Эндиликда Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокимига айланган Абдуқаҳҳор Тўхтаев.

Мустақил манбаларнинг хабар қилишича¸ 16 феврал куни Ислом Каримов буйруғига мувофиқ Тошкент шаҳар ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев ўз вазифасидан олиб ташланган ва унинг ўрнига вақтинча ҳоким ўринбосари бўлиб ишлаб келган Раҳмонбек Усмонов тайинланган.


Ҳозирча кейинги тўрт йил давомида Ўзбекистон пойтахтига ҳокимлик қилиб келган Абдуқаҳҳор Тўхтаевнинг ишдан олиниш сабабларига оид расмий маълумот йўқ. Аммо норасмий манбаларга кўра¸ Тўхтаевнинг курсисидан ажрашига Тошкент шаҳрида амалга оширилган қурилиш¸ аниқроғи бузилишлар билан боғлиқ иқтисодий муаммолар сабаб бўлган.

Тошкентлик журналист¸ Uzmetronom.com интернет газетаси бош муҳаррири Сергей Ежков эндиликда собиқ ҳокимга айланган Абдуқаҳҳор Тўхтаев фаолиятини танқидий кузатиб келаëтганлардан бири. Ҳокимнинг ишдан олиниши ҳақида биринчилардан хабар берган Ежковга кўра¸ Тўхтаев пойтахтликлар орасида икки лақаб билан танилган.

- Унинг иккита лақаби бор. Биринчиси – прораб¸ иккинчиси кетмон. Нега прораб? Чунки унга "қазгин"¸ деб топшириқ беришса¸ эрталабдан кечга қадар бош кўтармай қазиш билан шуғулланди. У қўлида кетмони бор прораб эди¸ иккинчи лақаб шундан. Афсуски¸ қазиш вазифаси топширилган бу одам калласини ишлатадиган қурувчи эмас эди¸ дейди Сергей Ежков.


Тошкент марказидаги энг сўлим Амир Темур хиëбони Тўхтаев ҳокимлиги даврида қарийб чўлга айлантирилди.

Хўш¸ бу “прораб-қурувчи” тўрт йил ҳокимлиги давомида нималарни қурди¸ деб сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- Сиз яхшиси¸ нималарни бузди¸ деб сўранг. Ўҳўўў¸ у нималарни бузмади!!! Шу одам ҳокимлигида Тошкент марказида Форумлар саройи қуриш баҳонаси билан қанчадан қанча эски бинолар қулатилди. Шу одам буйруғи билан Сквердаги қадим чинорлар кесилди. Шу одам ҳокимлигида Тошкентда кичик халқа йўл қурамиз¸ деган баҳона билан қанчадан-қанча турар-жой бинолари бир кечада бузилиб¸ юзлаб одам қишда кўчада қолди.

Бутун дунëда аввал бузиладиган уй эгаларини янги уйларга жойлаштириш¸ уларга товон пули тўлаш масаласи ҳал этилиб¸ сўнгра бузишга киришилса¸ Тўхтаев аввал бузиб¸ одамларни кўчага ҳайдаб¸ сўнгра бу масала ҳақида ўйлай бошлади. Шунинг учун ҳам уни қурувчи эмас¸ бузувчи¸ ўйламайдиган бузувчи деб аташ тўғрироқ бўлади¸ дейди тошкентлик мустақил журналист Абдуқаҳҳор Тўхтаев.

Тошкент шаҳрида кейинги ойлар ичи шиддатланган бузилишлар ҳақида Озодликка шикоят қилган оддий тошкентликлар шаҳар ҳокими Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев топшириғини бажараëтгани¸ бу бузилишлар режаси муаллифи айнан Бош вазир эканини айтишган эди. Сергей Ежков кимнинг буйруғини бажаришидан қатъий назар¸ Ўзбекистоннинг сўлим пойтахтидаги бузилишлар Абдуқаҳҳор Тўхтаев номи билан тарихда қолажагани айтади. Аммо¸ дейди суҳбатдош¸ Тўхтаевнинг ишдан олинишига¸ халқ норозилигига сабаб бўлган бу бузилишлар эмас¸ балки пойтахтни қайта қуриш ва навбатдаги юбилейга тайëрлаш мақсадида ажратилган улкан маблағларнинг талон-тарож қилингани сабаб бўлган бўлса керак.

- Афтидан¸ бу талон-тарож кўлами бугун ошкор бўлмоқда ëхуд уларни ошкор қилиш ҳақида команда берилган¸ дейди Ежков.

Регнум ахборот агентлигининг хабар қилишича¸ Абдуқаҳҳор Тўхтаев ўрнига унинг ўринбосари Раҳмонбек Усмонов вақтинча ҳоким этиб тайинланган.
"Бу ерда гап¸ кимнинг кетиб¸ кимнинг келишида эмас¸ балки уларни саралаш тизимида. Афсуски¸ Ўзбекистондаги мансаблар¸ айниқса Тошкент каби 4 миллион одам яшайдиган¸ Латвиядан қарийб икки баравар катта мегаполис ҳокими каби юқори лавозимларга зиëли¸ ўқимишли ва ҳалол одам тайинланишини кутиш гўлликдан бошқа нарса эмас"¸ дейди Ежков.

- Аҳолиси Латвия каби давлатникидан бир ярим баравар катта бўлган Тошкент каби шаҳар ҳокимлигига саводли¸ малакали ва албатта зиëли ва фикрловчи раҳбар қўйилиши керак. Аммо ҳозирги замон¸ ҳозирги тузум бундай одамларнинг бу каби лавозимларга қўйилишини мутлақ мустасно қилади. Афсусланарлик¸ аммо бор гап шу¸ дейди тошкентлик мустақил журналист Сергей Ежков.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG