Линклар

Россияда миллатчи ташкилот фаолияти тўхтатилди


ДПНИ нолегал иммиграцияга қарши кураш баҳонасида славян бўлмганларга қарши ҳужумлар уюштириб келаётган ташкилот экани ҳеч кимга сир эмас.

ДПНИ нолегал иммиграцияга қарши кураш баҳонасида славян бўлмганларга қарши ҳужумлар уюштириб келаётган ташкилот экани ҳеч кимга сир эмас.

Москва шаҳар прокуратураси, Москва шаҳар суди қарори чиққунга қадар, “Ноқонуний иммиграцияга қарши ҳаракат” – ДПНИ миллатчи ташкилоти фаолиятини расман тўхтатилганини эълон қилди. Шаҳар прокуратураси қарорига кўра, ДПНИ экстремистик ташкилот деб эълон қилинган.


16 феврал куни Москвада “Ноқонуний иммиграцияга қарши ҳаракат” миллатчилар ташкилоти шаҳар прокуратураси қарорига биноан экстремистик ташкилот деб эълон қилинди ва шаҳар суди бу ҳақда бирор қарорга келганга қадар фаолияти тўхтатилди.

Россия Бош прокуратурасига кўра, шаҳар прокурори Юрий Семин 11 феврал куни имзолаган қарорни Москва шаҳар сиёсий ва диний экстремизмга қарши кураш бўйича янги Ички ишлар тузилмаси – “Э” бошқармаси ходимлари ДПНИ раҳбари Владимир Ермолаевга топширилган.

“Мазкур бирлашма мақсад ва ҳаракатлари экстремистик фаолиятни амалга оширишга қаратилгани аниқланган”, дейилади прокуратура чиқарган қарорда.

Москва шаҳар суди Москва прокурори Юрий Сёминнинг ДПНИ фаолиятини таъқиқлаш борасидаги мурожаатномасини 14 декабр куни қабул қилди, дейди Озодликка Москва шаҳар суди матбуот ходимаси Марина Малигина.

- Москва прокуратурасининг аризаси қабул қилинди, лекин ҳозирча кўриб чиқилгани йўқ. ДПНИ иши юзасидан суд маҳкамаси куни ҳам белгилангани йўқ,- деди Москва шаҳар суди расмий.

ДПНИ миллатчилар ташкилотининг раҳбарларидан бири, унинг “ғоявий отаси” Александр Белов Озодлик Радиосига Москва прокуратурасининг бу қарорини бекор қилиш талаби билан судга шикоят қилишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ДПНИ фаолиятининг тўхтатилиши Кремлдан қилинган сиёсий буюртмадир.

- Агар биз мазкур ҳодисанинг сиёсий сабабларига тўхталадиган бўлсак, 11 декабрдаги Манежная майдони ҳамда Миср, Тунис ва Эрон воқеалари Россия ҳукуматини бизнинг фаолиятимизни чеклашга мажбур этмоқда. Кремлдагилар ўзларини Муборак ва Бин Алилар билан солиштираётгани бежиз бўлмаса керак. Шу баҳонада Россияда ҳам араб давлатларидаги каби норозиликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай ташкилотлардан “майдон” тозаланаяпти,- дейди Александр Белов.

ДПНИ етакчиси фикрича, юридик нуқтаи назардан Москва прокуратураси чиқарган қарор мутлақо ноқонунийдир, чунки жамоат ташкилоти фаолиятини тўхтатиш ёки чеклаш маъмурий тергов жараёни орқали амалга оширилиши зарур. Александр Белов юридик маълумотга эга бўлганлиги боис судда ДПНИ ташкилотини шахсан ўзи ҳимоя қилиши мумкинлигини айтади.

- Билишимча, бугун бу қарор юзасидан биз шикоят аризаси билан судга мурожаат қиламиз. Мана кўрасиз, судда биз қилмаган ишларда бизга айбловлар қўйилади. Ҳукуматнинг бизни бадном ва йўқ қилишга қаратилган ҳаракати айни тескари реакцияни келтириб чиқаради. Агар бизга ўхшаган ташкилотлар йўқ қилинадиган бўлса, ўрнимизни бошқа майдароқ, янада радикаллашган ва уюшганроқ гуруҳлар эгаллайди. Ким орқали ҳукумат мулоқот олиб боради шунда?!- дейди ДПНИ асосчиси Александр Белов.

Унинг айтишича, бугунги кунда Россиянинг яна бир йирик ултрамиллатчи ташкилоти - “Славянская Сила” (2010 йилда таъқиқланган собиқ “Славянский Союз” ташкилоти) етакчиси Дмитрий Дёмушкинга нисбатан Бош прокуратура ташаббуси билан жиноий иш қўзғатилмоқда.

Россия Федерал миграция хизмати расмийси Константин Полторанин ДПНИ ташкилоти фаолияти тўхтатилиши миллатчилар ташкилотларига қўшимча реклама бўлади, деган фикрда.

- Улар на мустақил дастурга эга бўлган, на аҳоли томонидан жиддий қўллаб-қувватланган. Уларни таъқиқлаш керак эмас, назоратни кучайтириш керак, холос. Қонун бузилса – жавобгарликка тортилсин,- дейди Миграция хизмати расмийси Полторанин.

“СОВА” ахборот-таҳлил маркази директори Александр Верховский эса бундай ташкилотлар билан кураш фақат қонуний йўллар билан амалга оширилиши керак, деган фикрда.

- Аслини олиб қараганда, оддий баёнотлардан ташқари бу ташкилотнинг фаоллари ҳақиқий жиноятларга қўл урган. Шунинг учун жамият учун жиддий хавфга эга. Лекин муаммо бошқа нарсада... Бу одамлар ҳақиқий кучга эга бўлмаса-да, уларни ноқонуний йўллар билан йўқ қилиш Россияда норозилар сонини оширади, уларни жипслаштиради. Йўқ қилингандан кейин эса бошқа ном остида ўз фаолиятини давом эттираверади, дейди “СОВА” маркази директори Александр Верховский.

Россияда миллатчи ва ирқчи ташкилотлар фаолиятини чеклаш учун тегишли қонунчиликни кучайтириш керак, дея қўшимча қилади Верховский.

Ноқонуний Иммиграцияга қарши ҳаракат (ДПНИ) 2002 йилда тузилган. Ташкилотнинг асосий мақсади Россияда ноқонуний муҳожирлар сонини кескин камайтириш ва меҳнат миграциясига қарши фаолият юритишдан иборат. Асли фамилияси Поткин бўлган Александр Белов бу ташкилотни 2009 йилга қадар бошқариб келган. Унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши билан у бошқарувни Владимир Ермолаевга топширган.

ДПНИ шунингдек миллатчи ва неофашистик ташкилотларнинг оммавий юришларидан ҳисобланган “Русский марш”нинг асосий ташкилотчисидир. ДПНИ ташкилоти Кондопога ва Москванинг Манежная майдонидаги марказий-осиёлик ва кавказликларга қарши қаратилган оммавий тартибсизликларни уюштирганликда айбланган.

2011 йилнинг 24 январида ДПНИнинг Протвино шаҳридаги бўлинмаси етакчиси Илья Бойдаков Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига бир неча бор хужум қилганликда ва уларга оғир тан жароҳати етказганликда айбланиб, шартли равишда 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Калтакланган тожикистонликлардан бири шаҳар шифохонасида вафот этган.
XS
SM
MD
LG