Линклар

Каримовни асраб авайлашимиз керак

  • Садриддин Ашур

Бош вазирни шумқадам, дея атаган сурхондарёлик Ўрол ака Каримовни асраб авайлаш керак, деган фикрда.

Бош вазирни шумқадам, дея атаган сурхондарёлик Ўрол ака Каримовни асраб авайлаш керак, деган фикрда.

"Эркин микрофон"га Сурхондарёдан қўнғироқ қилган Ўрол ака Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи нархларнинг ошишига сабаб бўлганини айтар экан, Ислом Каримовни тахта яна 10 йилга қолдиришни таклиф қилди. Бошқа тингловчимиз металлолом йиғишга чақалоқлар жалб этилаётгани ҳақида гапириб берди.


“Каримов эмас, Мирзиёев кетсин!”

дейди Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидан қўнғироқ қилган Ўрол ака, ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғлининг президент истеъфосини талаб қилиш пикетига муносабат билдирар экан:

- Бугун Озодликда бир гап бўлди. Абдулла Тожибоев дегани президентга “нафақага чиқинг” деб хат ташлаган. Шунга ўзимнинг фикримни билдираман. Абдулла аканинг гапларида ҳам жон бор. Энди эса бошқача фикр бор. У киши “Каримовнинг ëши ўтиб қолди” деяпти. Тўғри ëши ўтиб қолган, лекин Каримовнинг яна 8-10 йил давомида давлатни бошқаришга кучи етади деб ўйлаймизда.

Иккинчи нарсаси бу тинчликни сақлаб турибди. Бу нарса биз учун жуда катта бойлик.

Учинчи нарса, Каримов узоқни ўйлаб иш олиб бораяптида. Шунинг учун айтмоқчиманки, биз Каримовни асраб авайлашимиз керак. Агар Каримов кетса, бунданда ëмон бўлади. 90 фоиз коррупциялашди Ўзбекистон. 100 фоиз коррупциялашиб, Ўзбекистонни хонавайрон қилади булар. Асосий айтадиган фикримиз шуда. Президент Каримовни эмас Бош вазир Шавкат Мирзиëевни ишдан олиш керак. Шундагина яхши бўлади деб ўйлайман. Президент ҳам эшитиб қўйсин. Бир мисол келтираманда сизга. 11-12 феврал кунлари Бош вазир Сурхондарëда икки кун бўлди. Келиб кетгандан кейин 48 минг сўмдан сотилаëтган ун бирдан 55 минг сўмга қимматлашди. Мана сизга битта факт. Шунинг учун Каримовни қўллаб-қувватлайман. Мирзиëевни алмаштириш керак, дейди Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидан қўнғироқ қилган Ўрол ака.

“Чақалоқлар металлолом “йиғмоқда”

дейди коррупциянинг янги янги усулларини жорий қилаётган маҳаллий ҳокимлар ҳақида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидан қўнғироқ илган Набижон ота.

- Мана қаранг. Икки ойлик чақалоқнинг металлоломга пул тўлаганини эшитганмисиз?

Озодлик: Шунақаси ҳам бўладими?

- Бир ëшдан икки ëшгача болалар пособие оладику. Ўша болаларнинг пулидан маҳалладан металлоломга беришимиз керак ҳокимга деб ўша пулдан ушлаб қолиб, бориб маҳалладан ўшани ҳокимга топшираяпти. Янги хилини қаранг энди буларнинг. Кеча сўрасам, бир йилга 15 тонна металлолом план бераркан битта маҳаллага. Уларнинг бир сўм пули йўқ. “Мана шуларнинг пулидан ушлаймиз” деяпти. Маҳалла деган нарса фақат ҳокимга металлоломга, газетага обунага, бошқага пул йиғиб олиб бориб бериш, бундан бошқа ҳеч иши қолмади.

Мана энди иккинчи йўлини қаранг. Обуна дейди экан. 1-синфдан 4-5-синфгача 1000 сўмдан, юқори синфлар 3000 сўмдан, коллеж, лицейдаги болалар 5000-10000гача обунага пул тўлайди. Лекин бирортаси газета олмайди. Энди ўқитувчилар. Туманда 3000дан ортиқ ўқитувчи бор. Бу йил обунага 82 мингдан пул олиб қолибди. “Газета оласизларми?” десам, “Йўқ, газета олмаймиз” дейди. Фермерлардан ҳам, ўқитувчилардан ҳам 2500дан ортиқ докторлар бор, улардан ҳам – ҳаммасидан бир хил обунага деб пул йиғиб оладида кейин қайси газетага, нимага ëзилдинг бу нарса йўқ. Мисол мактабга иккита-учта газета келади. Ўша ерда туриб ўқийверинглар дейди. Болаларга келадигани ҳам шундай. Мана шунақа йўлларини топиб халқни сўриб ëтибди бу ҳокимлар, дейди ғаллаороллик Набижон ота.

“Эркинлигимиз умуман қолмади”

дейди Жанубий Кореядаги меҳнат муҳожири Мавлон, Озодликда эфирга кетган уй дафтарлари ҳақидаги эшиттиришга муносабат билдирар экан:

- Мен ўзим самарқандлик. Ҳамма билади Ўзбекистондан кўп одамлар чиқиб кетаяптида. Мен учун бу иш ëмон нарсада масалан. Нима кераги бор бировнинг оиласига аралашиб. Қаерга кетади, нима ейди, ким келади уйига нима иши бор у билан? Паспорти борми, Ўзбекистон фуқаросими бўлдида. Қолган нарсалари нимага керак? Масалан уйига ким келади. Шуларни ëзиш керак экан. Қаерда ўқиган, нима иш қилаяпти ва ҳоказо. Ўзи эркинлик берилган конституцияда. Яна шу нимага келиб тақаладида. Мусулмонлар, намоз ўқийдиганлар четга чиққан. Ўзбекистоннинг бирор жойида портлаш бўлса, дарров “сен қилгансан, нурчилар, бошқалар” деб. Мусулмонларни бўғиб қўйган. Ҳижобни тақиқлаб қўйди. Оқ дўппида юриш мумкин эмас. Мусулмонларнинг бош кийимику у. Ëш болаларни мачитга бормасин деб қўйди. Энди уйма уй юриб нима қилаëтганини, қўпол бўлса ҳам туалетга неча марта киришини ҳам ëзиш керакми? Одамни шунақа ҳам нима қиладими булар, дейди Жанубий Кореядаги меҳнат муҳожири Мавлон.


“Укамни “подстава” қилишди”

дейди Новосибирск шаҳридан қўнғироқ қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Умар Давлатов.

- Укам олдин Челябинскда турк фирмасида ишлар эди. Кейин турк фирмаси Новосибирскдан иш олган. Менинг укамни бу ëққа жўнатган. Милиция ушлаган укамни. Ëнида документи йўқ бўлган. Отделга олиб кетамиз, деган. Шу ерда ëнида тожик бола бўлган. Иккаласини баробар текширган. Чўнтакларида нимаси бўлса чиқариб текширган. Бир шофëр, битта милиционер иккаласи текширган. Текшириб, менинг укам Усмонни отделга олиб кетган. Йўлда “Мен сени яхши текширмадим. Мен қониқмаяпман” дебдида, яна бир текширибди менинг укамни машинанинг ичида. Иккинчи марта текширгандан кейин, отделениега 200 метр қолганда, укам бу ерга янги келган, ҳеч қаерни билмайди, отделениега яқин қолганда учинчи марта текширган. Иккинчи марта текширганда укам ҳамма нарсани чиқарган, булар текширган. Учинчи марта текширганда 2 грамм наркотикни чўнтагига ташлаб қўйган. Иккита одамни ташқаридан олиб келган. Наркотик топилди, улар гувоҳ бўлган. Укамга “Бу сенинг чўнтагингдан чиқди” дейишган. Укам “Мен русча билмайман. Бундай иш билан ҳеч шуғулланмаганман” деб айтган. Укам беш вақт намоз ўқийди. Сигарет, нос, ичкилик умуман йўқ. Буни уруишибди, сўкишибди, мажбурлабди қўл қўй деб. Ургандан кейин бу қўл қўйган. Мажбур қилган, қўрқитган. Охири бунга 228-модда биринчи гуруҳни қўйибди бунга. Ҳозир СИЗОда, дейди Умар.

Criminal Justice Degrees Guide деб номланган халқаро тадқиқот маркази ҳозирлаган ҳисоботга кўра, Россия милицияси ҳам дунёдаги энг коррупциялашган тизим ҳисобланади. Ҳисоботда айтилишича, Россия милицияси томонидан зўравонлик, товламачилик, айбсизларни қамоққа олиш каби жиноятлар жуда кўплаб содир этилади.

Россияда ишлаётган миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бу хавфдан қандай қилиб ўзларини сақлаши мумкин? Улар тўқима айблар билан қамоққа олинганда, қандай ҳаракат қилишлари керак? Биз ана шу савол билан Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроевга мурожаат қилдик. Баҳром Ҳамроев фикрича, энг аввало ҳибсга олинган шахс агар гуноҳсиз бўлса, ҳеч қандай қоғозга имзо қўймаслиги керак:

- Биринчидан, буларни жуда тез алдайди. Аввало “Сизни қаттиқ жиноятларда айбламаймиз. Сиз ҳамма нарсага рози бўлинг. Асосан тезроқ ишни ëпайлик. Тез чиқиб кетасан” деган жуда содда бир нарсалар билан Ўзбекистон халқини алдашади. Асосан мисол наркотик ташлаш, рус қизларга ҳамла қилиб куч ишлатиб уни мажбурлаган деган айбловлар қўйиши одатга айланиб қолди. Лекин шу ҳолатда ҳам мурожаат қилишади. Иш анча ëпилган бўлади, ҳукм чиқарилган бўлади. Бу анча мураккаблик пайдо қилади биз учун. Шунақа ҳолатларда зудлик билан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, умуман жамоатчиликка тезлик билан буни чиқарса, қўйилган айбловларни ўзига олмаса, қилинмаган жиноят учун қўл қўймаса, унга рози бўлмаса, албатта милиция ходимлари, прокуратура ходимларининг ишни сохталаштириши анча қийинлашади. Ҳар ҳолда бунга жамоатчилик фикрини тортамиз. Бизда яна тўловсиз адвокатлар бор. Улар бемалол суд жараëнларига қатнашиб бу ишни тезлик билан одилона ҳал қилишга бош қотиришади ва натижали ишлар бўлиши мумкин, дейди Баҳром Ҳамроев.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG