Линклар

logo-print

АҚШ-Ўзбекистон: Аввал иқтисод¸ кейин демократиями?

  • Замира Шукур

АҚШ-Ўзбекистон бизнес форуми. (Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси вебсайтидан олинди.)

АҚШ-Ўзбекистон бизнес форуми. (Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси вебсайтидан олинди.)

18 феврал куни Тошкентда Америка-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтиришга бағишланган катта тадбир бўлиб ўтди. Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси ташкил этган бу йиғинда АҚШ даги энг йирик ўн ширкат етакчилари қаторида Давлат департаменти мутасаддиси Роберт Блейк ҳам иштирок этди.


Айни ана шу бизнес форумидан сўнг Тошкентда матбуот анжумани ўтказган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиë бўйича ëрдамчиси Роберт Блейк Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик истиқболларига юқори баҳо берди.


(Бу видеолавҳа Ўзбекистон телеканалининг 18 феврал куни Тошкент вақти билан соат 21.00да эфирга узатилган Ахборот дастуридан олинди)

- Мен бу йилги маслаҳат доирасида АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатаси Америкадаги энг йирик 10 ширкат вакилларидан тузилган делегацияни Тошкентга олиб кела олганидан жуда мамнунман. Бугун ўтказилган бизнес форумда иккала томон ўзаро савдо алоқалари¸ шунингдек Ўзбекистондаги АҚШ сармоясини кучайтириш истиқболини муҳокама қилганидан ҳам мамнунман¸ деди юқори даражали АҚШ дипломати Тошкентда ўтказган матбуот анжуманида.

АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатаси раиси президент Каримов қабулида.
АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатаси йиғинида Американинг топ-10 ширкати раҳбарлари қатори Давлат котиби ëрдамчисининг ҳам маъруза қилиши¸ АҚШ нинг Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистонга ëндашувидаги приоритет айнан бизнес ва иқтисодий манфаатлар эканини яна бир бор очиқ намойиш қилди¸ дейди АҚШ ва ЕИ нинг Тошкент ҳукумати билан муносабатларининг кескин танқидчиси¸ британиялик сиëсий кузатувчи ва журналист Дэвид Кронин.

- АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатасининг Роберт Блейк иштирокида ўтган бу йиғини жуда кўп нарсани янада очиқлади. Асосийси¸ у АҚШ ва Европа учун¸ инсон ҳақлари ва демократия ҳақида хўжакўрсинга қилинадиган баëнотларга қарамай¸ Ўзбекистон билан бизнес алоқалари энг муҳим омил эканининг навбатдаги тасдиғидир¸ дейди Wall Street Journal, The Guardian, The Economist каби нуфузли халқаро нашрлар мухбири бўлиб ишлаган Кронин.

Тошкентда ўтган АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатаси йиғинида қатнашганлар орасида Америка¸ қолаверса дунëдаги энг қудратли ширкатлар ҳисобланмиш Boeing, General Electric, General Motors, Oxus Gold plc. етакчилари бор. Савдо палатаси аъзолари бўлмиш бу ва бошқа йирик ширкатлар¸ Марказий Разведка Бошқармаси ҳисоб-китобича¸ ҳали ўзлаштирилмаган ер ости бойликлари 15 триллион доллардан кўплиги тахмин этиладиган Ўзбекистон бозорига кириб¸ аҳолиси кун сайин ошиб бораëтган бу минтақада яхшилаб ўринлашиб олиш истагини яширмаëтир.

Айни пайтда¸ Ўзбекистондаги бизнес муҳитини йиллардан бери кузатиб келаëтган Heritage Foundation, Wall Street Journal, Transperency International, Economist Intelligence Unit каби мустақил Ғарб ташкилотлари¸ мамлакатда сиëсий коррупциянинг ниҳоятда илдиз отгани¸ Ўзбекистонда бизнес қилиш учун ҳукумат раҳбарларига доимий “откат” бериб туришнинг ëзилмаган қонунга айлангани¸ хориж сармояси учун ниҳоятда кучли маъмурий тўсиқлар мавжудлиги¸ узоқ муддатли сиëсий беқарорлик бевосита сармоя йўлидаги асосий ғов эканини таъкидлаб келади.

Шундай бўлса-да¸ АҚШ¸ қолаверса Европанинг йирик ширкатлари мустақил таҳлилчилар хулосасига кўра¸ ўта таҳликали ҳисобланган Ўзбекистонда бизнес қилишга ишқибоз.

Чунки¸ дейди Дэвид Кронин¸ уларни бунга ундайдиган омил “мендан кетгунча¸ эгасига етгунча” қабилида¸ имкон борида мўмай фойда олиб қолишдир.

- Бу ерда фундаментал муаммо¸ бизнес етакчиларининг қисқа муддатли манфаатларни кўзлаб¸ стратегик масалаларга кўз юмишидир. Улар ҳам Каримов кайфияти ўзгариб қолса¸ бир кечада Ўзбекистондан ҳайдалишлари мумкинлигини биладилар. Аммо ҳайдалиб қолгунимча ҳам бир нарсалик бўлиб оламанку¸ деган ишонч уларни ҳаракатлантирувчи бош омилдир. Бизнесда қоидалар икки қўшув икки каби ўта жўн – бу ерда ҳамма нарса кўпроқ пул¸ демакки кўпроқ қудрат тўплашга қаратилган¸ дейди Дэвид Кронин.

Аммо Ўзбекистон ҳукуматининг Ғарбдаги сўзчиси сифатида ном чиқарган британиялик профессор Ширин Акинер¸ бу каби фикрларга мутлақ қўшилмайди ва Кронин каби фикрловчиларни гўлликда айблайди.

- Биринчидан¸ Ўзбекистондаги сиëсий вазият сизлар ўйлаëтган каби ëмон эмас ва у дунëдаги бошқа нефт ва газга бой бошқа давлатларникидан кўп ҳам фарқ қилмайди. Аммо-лекин¸ вазият Ўзбекистондагидан анча ëмон бўлган Лотин Америкаси ҳақида кўп ҳам бонг уришмайди. Европа ва АҚШ матбуоти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти кун сайин ëмонлашаяпти¸ дея асоссиз шовқин солаëтган бир пайтда¸ бизнез аҳволи кескин ўзгармоқда ва Ўзбекистон билан бизнес қиламан¸ деган ҳам Америка ва Европа¸ ҳам Осиë ширкатлари сони кун сайин ошиб бормоқда. Шу боис¸ АҚШ ëки Европа ширкатлари бу жараëндан четда қолиши мумкин эмас¸ дейди профессор Акинер.

Қолаверса¸ Ғарб ширкатларини Ўзбекистондаги сиëсий ва ижтимоий вазият ўта қалтис турганига қарамай¸ бу мамлакатда бизнес қилаëтганлик учун айблаш¸ сиëсатшунос ва таҳлилчиларга қолган иш эмас¸ деб давом этади Каримов ҳукумати сиëсатини ëқловчилардан бири бўлган профессор Акинер хоним.

- Бу ҳамиша вазиятни қандай кўз билан баҳолашга боғлиқ. АҚШ ва Европа ширкатлари Ўзбекистондаги таҳликани қабул қилса бўладиган¸ деб баҳолашаяптики¸ бу мамлакатда бизнес қилишмоқда ëки қилишмоқчи. Уларга ақл ўргатиш бизга қолган иш эмас. Зотан риски нималигини биз эмас¸ улар яхши билади. Дунëда миллионлаб пулини таҳликага қўядиган ахмоқ ширкат йўқ! Агар улар Ўзбекистон билан бизнес келишувлари тузаëтган бўлса¸ демакки улар ўз ҳамкорига ишонади¸ бу мамлакатда яхши бизнес қилишга ишонади. Улар нима қилаëтганини билмайди¸ деб ўйлаëтганлар адашади. Зотан¸ ўртада тикилаëтган катта пуллар бизники эмас¸ уларники! дейди Ғарбда Каримов ҳукумати сўзчиси дея танилган Ширин Акинер хоним Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон давлат тенеканалининг хабар қилишича¸ 18 феврал куни президент Ислом Каримов АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатаси раиси¸ Америкадаги энг йирик ҳуқуқий ширкатлардан саналмиш White & Case LLP ширкатининг етакчи адвокати Carolyn B. Lammни қабул қилган. Афтидан¸ Каримовнинг Давлат котиби ëрдамчиси Роберт Блейк эмас¸ балки Савдо палатаси раисига кўрсатган бу муруввати "Ўзбекистон учун ҳам аввал иқтисод¸ сўнгра сиëсат муҳим"¸ дея Вашингтонга берилган мужда кўринади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG