Линклар

logo-print

Ўзбекни назорат қилиш учун аввал микро-схема ўрнатиладиган жойни топиш керак

  • Фаррух Юсуфий

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ўйлаб топган "уй дафтари" ҳар бир фуқаронинг ҳар бир қадамини назорат қилиш чораси, деб кўрилмоқда.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ўйлаб топган "уй дафтари" ҳар бир фуқаронинг ҳар бир қадамини назорат қилиш чораси, деб кўрилмоқда.

Самарқанд вилоятида “уй дафтари” аталмиш янги назорат чорасининг жорий қилинаётгани менга бундан 10 йилча аввалги воқеани эслатди. Айтиб қўйишим керак, бу воқеа ҳақиқатан ҳам бўлган, унда келтирилган фактларнинг бирортаси ҳам лоф эмас.


Собиқ ҳамкасбларим орасида анча вақтгача кулги ва аскияларга сабаб бўлган бу ҳангома камина АҚШ Тараққиёт агентлиги ҳомийлигидаги бир лойиҳада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиб юрган пайтда рўй берган эди.

Фарғона вилояти лойиҳанинг пилот минтақаси бўлгани боис, соғлом турмуш тарзини ана шу вилоят туманларида тарғиб қилардим. Ҳафтанинг тўрт кунини бу тумандан у туманга, у тумандан наригисига кезиш билан ўтказганим боис камина вилоятнинг 15 туманидаги шифокорлар орасида отнинг қашқасидай таниш, ўзиздан қолар гап йўқ, анча обрў-эътибор қозонган эди.

Бир куни Тошкентдаги идорада оилани режалаштириш мавзусидаги тарғибот кампанияси учун ном танлаш устида бош қотириб ўтирган эдим телефон жиринглаб, энди кела бошлаган илҳомни қочириб юборди.

Гўшакни кўтарсам, “бизнинг” туманлардан биридаги қишлоқ врачлик пункти бош врачининг (у кишининг ўзидан изн сўрамаганим учун шахси ва ҚВП номини келтирмаганим маъқул) “Яхшимисиз Фаррухжон”, деган овози эшитилди. Ҳозиргина Архимед қонунини қайтадан исботлаган кишидек некбин ва ҳушчақчақ овозда “Фаррухжон¸ иложи борича тезроқ бошлиғингиз билан кўришишим керак”, деган талабни қўйди ҚВП бош врачи. Тинчликми ака, десам “Телефонда гаплашадиган гап эмас, бошлиғиз билан кўришсам бўладими? Жуда муҳим гапим бор” деб қистади Эскулап издоши.

Бошлиғим америкалик аёл – АҚШ, Россия, Украина, Филлипин ва Африканинг бир нечта давлатларида соғлиқни сақлаш ислоҳотларини амалга оширишда кўмаклашган Жаҳон соғлиқни сақлаш соҳасидаги обрўли мутахассис эди.

Хуллас, ҚВП врачлари билан муносабатларим дўстона бўлмаса-да, анча илиқ бўлгани боис менга қўнғироқ қилган шифокор мақсадини ошкор қилмаганига қарамасдан, учрашувни уюштириб беришни ваъда қилдим. Ҳатто бухгалтерия билан у кишининг Фарғонадан Тошкентга келиб-кетиш харажатларини лойиҳа ҳисобидан қопланишини келишиб қўйдим.

Шифокор бошлиғим билан тезроқ учрашиши лозимлигини айтгани боис, орадан икки кун ўтиб, одатда иши бошидан ошиб ётадиган директорим хонасида учрашув ўтказилди. Аксига олиб, она тилидан ташқари еттита тилда гаплашадиган, Африкадаги баъзи қабилалари билан ҳам имо-ишора билан бемалол мулоқот қила оладиган бошлиғим Ўзбекистонда беш йилдан орқтироқ яшаганига қарамасдан, ўзбек тилини ҳали яхши ўзлаштириб олмаган эди. Хуллас, шифокор айтган “муҳим мавзудаги” “олий даражали” учрашувда камина тилмочлик қиладиган бўлди.

Учрашувга башанг кийимда, қўлларда найча қилиб ўралган ватман қоғозлари билан келган ҚВП бош врачи, салом-аликдан кейин, кун тартибини белгилашни ўз зиммасига олишини эълон қилиши биланоқ ичимда “иш чатоққа ўхшайди”, деган шубҳалар ўрмалай бошлади.

“Биринчи масала, ўтказилажак ахборот кампаниясига ном танлаш, иккинчиси кашфиётимни ҳаётга тадбиқ этиш учун лойиҳангиз орқали АҚШ тараққиёт агентлигидан молиявий ёрдам олиш йўллари муҳокамаси”, деди ҚВП врачи. Гиппократ мухлиси эълон қилган кун тартибини қоғозга ўраб таржима қилишимга қарамай, кўпни кўрган бошлиғим ўрнида асабий қимирладию, менга тешиб юборгудай тикилди.

Биринчи масала муҳокамаси, ҚВП врачи ахборот кампаниясига таклиф қилган “Спирализациядан соғлом авлодгача” қабилидаги номларнинг ҳаддан ташқари тенденциоз характерга эгалиги боис рад этилгани важидан беш дақиқага бормади.

Меҳмон қаршилик билдирмади ва иккинчи масала муҳокамасига ўтишни таклиф қилиб, полга тик тургизиб қўйлган ватманли найларни стол устига ёйди. У чиндан ҳам “катта кашфиёт бўсағасида” эди.

Ўзини Ибн Сино шогирди, деб биладиган ҚВП врачи ховлисидаги тўрт туп узумни хомток қилаётганда миясига урган ғоя аёлларга қўйиладиган бачадон ичи воситаларига (оддий ўзбек аёллари тилида спиралларга) сигнал чиқарувчи микро-мосламаларни ўрнатишдан иборат эди. Новатор врачга кўра, бу мосламалар қишлоқда нечта аёлга спиарл қўйилгани, спирали бор аёлларнинг туман, вилоят ва ҳатто республика бўйлаб ҳаракатланаётганига оид маълумотларни ҚВПдаги бошқарув пунктига сигнал қилиб юбориб туриши керак эди. Бунинг учун "кашфиётчи" иккинчи ватманга Ўзбекистон Республикаси харитаси чизилган, сарлавҳасига “Спираллаштиришни назорат қилиш бошқарув пункти”, деб ёзилган иккинчи ватман қоғозни сўраб ўтирмасдан бошлиғимнинг столига ёйди.

Еттита хориж тилида гаплашадиган бошлиғимдан садо чиқмасди. Лекин юзининг чап тарафи қизғимтир, ўнг тарафи қизғимтир билан кўкимтир аралаш тусга кирганидан унинг, юмшоқ қилиб айтганда, мендан қаттиқ ранжигани, Ибн Сино шогирди кетгач, ҳатто мени ишдан бўшатиб юбориши ҳам мумкинлиги кўриниб турарди.

"Кашфиётчини" унинг ғояларини таржима қилиш менинг чекимга тушгани қизиқтирмас эди.

Масалан, дерди у бошлиғимга қараб, “сизга бундай спирални қўйсак, мен ўзимизнинг қишлоқ врачлик пунктидан сизнинг қаерда эканингизни кузатиб туришим мумкин.” Бу гапни бошлиғимга таржима қилишда “сизга”сини тушириб қолдирдим. Лекин кўпни кўрган, ҳатто Африка қабилалари шевасини ҳам тушунадиган бошлиғим бу ҳийламни дарров пайқади, унинг юзидаги тус гоҳ қизғимтир, гоҳ тўқ кўкимтир тус олар эди. У ярим соатдан ортиқ давом этаётган учрашувда мум тишлагандай жим ўтирар, менга нигоҳ найзаларини қаттиқроқ қадар эди.

“АҚШ тараққиёт агентлиги қўшимча маблағ берса, микро-схемани ҳайз кунингиз қачон келишини прогноз қилиб берадиган қилиб ишлаш ҳам мумкин”, деб қўшимча қилди Гиппократ мухлиси.

Шунда жон ширин ва иш жойим иссиқ кўринди шекилли, мен врачнинг гапини бўлиб, “қишлоғизда туғиш ёшидаги аёллар камида 3000 та бўлса, туман, вилоят, республика бўйлаб бу рақам нечага етишини, сиз кашф қилган антиқа спиралдан қанча ишлаб чиқариш кераклиги ўйлаб кўрдингизми? Мабодо, қимматбаҳо спирал аёл киши ўз хотинлик бурчини бажараётганида бузилиб қолса-чи? Қолаверса, бачадонига микро-схемали спирал қўйиб, аёлларнинг ҳаракатларини назорат қилиш Ўзбекистон конституциясига ҳам тўғри келмаслиги мумкин”, деб эътироз билдирдим.

“Кашфиётининг” бундай камчиликларини ўйлаб кўрмаган Эскулап издошининг шашти бироз тушганини кўрган бошлиғимнинг юзи табиий тус ола бошлади. ҚВП врачи ватман қоғозларини яна най қилиб ўради. Уни кўчагача кузатиб қўйдим, идорамиз ҳайдовчилари уни шимолий вокзал ёнидаги фарғоналик киракашларнинг паккасигача элтиб қўядиган бўлди. Эгилган бошни қилич кесмас, деб бошлиғимнинг ёнига қатлга кетаётган маҳкум янглиғ кириб бордим.

АҚШ, Россия, Украина, Филлипин ва Африканинг бир нечта давлатларида соғлиқни сақлаш ислоҳотларини амалга оширишда кўмаклашган, Жаҳон соғлиқни сақлаш соҳасидаги обрўли мутахассис мени кўрдию, хохолаб кулиб юборди. Бу ҳангома тез орада бутун идора бўйлаб тарқалди ва каминани анчагача аския қилиб юришди.

Самарқанд вилояти ҳокимлигининг “уй дафтари”ни жорий қилиш ғояси ҚВП врачининг “кашфиётини” эслатди. Лекин оддий врач одамларни назорат қилиш масаласига ижодийроқ ёндашган, бунда замонавий фан ва техника ютуқларидан фойдаланиш мумкинлигига ақли етган.

Самарқандликларга тарқатилган “уй дафтарлари”нинг эса босмахонадан орфографик хатолар билан чиқарилгани айтилмоқда. Солиштирсангиз ер билан осмонча фарқ бор.

Ким билан дейсиз, балки Самарқанд ҳокимлигидаги мутасаддилар микро-схемали спиралларни эркакларнинг қаерларига ўрнатишни билмагандир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG